Жаҳон | 19:08 / 25.09.2023
20374
5 дақиқада ўқилади

Веранинг “ғазаби”: японларни йиғлатган кун

1959 йилнинг 25 сентябри. Уйқуга ётган японияликлар саноқли соатлардан сўнг нима бўлишини билишмасди: 26 сентябрга ўтар кечаси ярим тунда содир бўлган даҳшатли табиат ҳодисаси 5 мингдан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетади, 400 минг кишини эса бошпанасиз қолдиради. Бу Япония тарихидаги энг вайронкор табиат ҳодисаларидан бири эди. 

Фото: Reuter

Табиат ҳодисалари, жумладан, вайронкор тайфунлар Япония тарихининг бир қисмига айланган. Уларнинг айримлари шунчалик даҳшатли бўлганки, соатлар ичида минглаб одамларни ҳалок қилган. Шулардан бири 1959 йилнинг 26-27 сентябр кунлари содир бўлган Вера тайфуни эди.

Тайфуннинг бошланиши

Вера тайфунининг келиб чиқиши 20 сентябр куни об-ҳаво таҳлилида кузатилган. Ўшанда тайфундан огоҳлантириш маркази (JTWC) бошланган тўфонни тропик циклон деб таснифламаган. Аммо Япония метеорология агентлиги табиатнинг ўша кунги “безовталигини” тропик депрессия деб белгилаган.  

Довул дастлаб ғарбга кўчади, лекин 21 сентябрда вақтинча шимолий йўналишга ўтди. Ўша куни кечқурун JTWC томонидан тўфонни таҳлил қилиш учун юборилган разведка самолёти двигатели ишламай қолгани сабабли манзилга етиб бормайди. Бироқ бўрон бўйича тўпланган маълумотлар огоҳлантириш марказининг ўша куни депрессияни тропик бўрон сифатида таснифлаши учун етарли эди. Қайта таснифлаш натижасида JTWC тропик бўронни Вера деб атайди. Бу вақтда тропик циклон ғарбий йўналишда ҳаракатлана бошлаганди. 

22 сентябр куни бўрон томонга учирилган разведка парвозлари Вера тез кучайиб бораётганини кўрсатади. Ўша куни соат 18:00 даги маълумотлар таҳлилидан кўринадики, тропик циклон тайфунга айланиб улгурганди.  

Вера тайфунининг кенглиги 250 кмга етади. Тайфун шамоллари кучайишда давом этади ва 23 сентябр куни соат 12:00да юқори чўққига чиқади: ўшанда разведка самолётлари 305 км/соат шамол тезлиги ҳақида хабар берган.

Тўфон 24 сентябрда шимоли-ғарбий йўналишда ҳаракат қилади. Сўнгра аста-секин шимолга, Япония томонга тезлаша бошлади. 26 сентябр куни соат 9:00 да Вера Хонсю ҳудудига биринчи таъсирини ўтказади. Ўша пайтда тайфун шамолининг тезлиги 260 км/соат бўлган.

Вера етказган зарар

Вера тайфуни оқибатида 5 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, 15 минг киши жароҳатланган ҳамда 400 минг киши бошпанасиз қолганди.

Хонсю ҳудуди қирғоқларида кўтарилган тўфон тошқиндан ҳимоя тизимларини вайрон қилган, кемаларни чўктирган, уйларни оқизиб кетганди. Зарар ўша пайтда 600 млн долларга (ҳозирги 6 млрд доллардан ошиқ) етгани айтилади.  

Тайфун Нагоядан Токиогача бўлган қирғоқ бўйлаб урилган. Биринчи зарбани Ёкогама ва Токио “қабул қилиб” олади: тўлқинлар катта тезликда шаҳар кўчаларини ёриб ўтган. Сўнгра довул марказий Хонсю ҳудуди орқали қуруқликка кўчган. Кейин эса Тояма, Ямагата, Акита ва Ниигата ҳудудларида вайронагарчиликка сабаб бўлган. 

Вера тайфунининг “ғазаби”ни энг кўп бошдан кечирган шаҳар Нагоя бўлади: шамол ва сув тошқинлари оқибатида шаҳарда 5800 та уй вайрон бўлади, одамлар эса вайроналар остида кўмилиб қолиб кетади. 

Тайфун оқибатида мамлакат бўйлаб тахминан 834 минг уй вайрон бўлган ва тахминан 210 минг гектар қишлоқ хўжалиги далаларига зарар етган. Вера томонидан етказилган зарар уни Япония тарихидаги энг ҳалокатли тайфундан бирига айлантирди. 

Ҳалокатли сентябр

Япония тарихидаги вайронкор тайфунлар асосан сентябр ойида содир бўлган.

1918 йил 30 сентябр. Ярим тунда Токиода энг даҳшатли тайфунлардан бири юз берган. Унда 139 минг киши бошпанасиз қолган, 1619 киши вафот этган. Ўшанда тайфун оқибатида 200 мингта уй қулагани айтилади.

1934 йил 21 сентябр. Даҳшатли довул Осака марказига “бостириб” кирган. Тайфун асосий саноати тўқимачилик бўлган Осакадаги 3082 та тўқимачилик фабрикасини вайрон қилган. Юзлаб ишчилар қулаган бинолар остида қолган. Кучли шамол 87 та мактабни қулатган, 420 нафар мактаб ўқувчиси синфларда ҳалок бўлган.

Вайронкор тайфун оқибатида 4 минг киши ҳалок бўлган, унинг аксарияти Осака шаҳри аҳолиси эди. 

1954 йил 26 сентябр. Мари тайфуни Японияни қамраб олди. Хоккайдо шаҳрида содир бўлган тўфон 1600 кишини ҳаётдан олиб кетган. Улардан минг киши Хоккайдо ва Хонсю ороллари орасида одамларни ташийдиган “Тоя Мару” паромининг тўфон пайтида ағдарилиб кетиши оқибатида ҳалок бўлган. 

 1958 йил 27-28 сентябр. Токио яқинидаги Итсу яриморолига Ида тайфуни “зарба беради”. Тўфон пайтида 6 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, минглаб одамлар яраланган ва 1200 киши бедарак йўқолган. Ида тайфуни оқибатида 120 минг гектар шоли далаларини сув босган. 

Ҳозирги кунда ҳам Японияга кўплаб тайфунлар хавф солиб туради. Бироқ об-ҳавони олдиндан прогноз қилиш имкониятлари кенгайгани боис аксарият ҳолларда одамлар хавфли ҳудуддан эвакуация қилинади ва бу орқали имкон қадар талафотларнинг олди олинади.  

Мавзуга оид