Жаҳон | 20:21 / 26.09.2023
9355
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Зангезур йўлаги Эрон орқали ўтиши мумкинлигини айтди 

Агар Арманистон лойиҳага ҳисса қўшмаса, Зангезур йўлаги Эрон орқали ўтиши мумкин. Эрон бу масала бўйича «ижобий сигналларни» берган. 

Фото: Getty Images

Зангезур йўлагини ташкил қилиш лойиҳаси стратегик масала бўлиб, уни амалга ошириш керак. Агар Ереван кўмак бермаса, йўлак Эрон орқали ўтиши мумкин, деди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған. 

«Нохчивон ва Озарбойжоннинг бошқа вилоятлари билан қуруқлик ва темир йўл (Зангезур йўлаги) орқали тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш лойиҳаси Боку ва Анқара муносабатларини мустаҳкамлайди. Шунинг учун биз ушбу йўлакни тезроқ очиш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз. Туркия ва Озарбойжон учун жуда муҳим бўлган ушбу йўлакнинг ишга туширилиши стратегик масала бўлиб, уни амалга ошириш керак», деди Эрдўған. 

Туркия президенти Зангезур йўлаги очилиши билан Бокудан йўлга чиқувчи автомобил ва поездлар Туркиянинг Қарс вилоятига тўғридан-тўғри етиб бориши мумкинлигини таъкидлади. 

Шунингдек, у Зангезур ва Лочин (Қорабоғ ва Арманистонни боғловчи) транспорт йўналишларини «тинчлик йўлагига» айлантириш зарурлигини таъкидлади. 

«Бизнинг хоҳишимиз бу йўлларни очиб, уларни тинчлик йўлагига айлантириш. Ҳали ҳам уруш ҳукмрон бўлган йўлакни тасаввур этиб бўлмайди. Бу масалани ҳеч қандай можаро ва шов-шувсиз ҳал қилиш лозим», деб қўшимча қилди Туркия президенти. 

Эрдўған Зангезур йўлагининг темир йўл қисми ҳақида гапирар экан, Туркиядан келаётган поезд ушбу йўлак бўйлаб Нохичевон ва Арманистон орқали ўтиб, Озарбойжонга йўл олишини таъкидлади. 

«Агар Арманистон (лойиҳага ҳисса қўшмаса), қаерга боради? У (Зангезур йўлаги) Эрон орқали ўтади. Эрондан бу масала бўйича ижобий сигналларни олиш қувонарли. Чунки Эрондан ижобий сигналлар келиб тушса, бу (Туркия ва Нохичевондан) Эронга ва ундан кейин Озарбойжонга ўтиш имконияти яратилиши мумкинлигини англатади», деди Эрдўған.

Мавзуга оид