Жаҳон | 10:16 / 26.09.2023
11069
2 дақиқада ўқилади

Россия ТИВ: Пашинян жавобгарликдан қочиб, айбни Москвага тўнкашга уриняпти

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Пашиняннинг 24 сентябрда мустақиллик ҳақидаги мурожаатини «Москва рад этади», дея маълум қилди. 

Фото: Sputnik / Евгений Одиноков

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг 24 сентябрда мустақиллик ҳақидаги мурожаатини «Москва рад этишини» билдирди.

«Арманистон Республикаси бош вазири Пашиняннинг 2023 йил 24 сентябрда мустақиллик ҳақидаги мурожаати Россияга қарши қабул қилиб бўлмайдиган баёнотларни ўз ичига олади ва уни рад этишдан бошқа ҳеч нарсага сабаб бўлолмайди. Ички ва ташқи сиёсатдаги муваффақиятсизликлар учун жавобгарликни ўз зиммасидан соқит қилишга, айбни Москвага тўнкашга уриниш кўриниб турибди», дейилади Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. 

Баёнотда айтилишича, «Пашиняннинг сўнгги гаплари Россия Федерациясининг Ғарбдан илҳомлантирилган ва расмий Ереван томонидан турткиланган, [Россия билан] ўз мамлакати ва иттифоқдошлик муносабатлари учун бузғунчи бўлган жараёнлар эпизодик эмас, балки тизимли характерга эга экани ҳақидаги олдинги хулосаларини тасдиқлайди».

Арманистон ҳукумати раҳбари, аслида, бу вақт давомида республика атайлаб Россиядан юз ўгиришга тайёргарлик кўрганини тан олди, деб таъкидлади Россия ТИВ. 

«Арманистон тараққиётининг янги ғарбий векторини белгилашга қаратилган қадамлар Россия Федерацияси ва КХШТ томонидан гўёки йўл қўйилгани айтилган хатолар билан изоҳланган. Шу билан бирга, бизнинг мамлакатларда хавфсизлик ва тараққиёт масалаларида манфаатлар ўхшаш экани эсдан чиқариляпти. АҚШ ва НАТО давлатлари эса нафақат Россияга стратегик зарар етказиш, балки умумий Евросиё маконини беқарорлаштиришни мақсад қилган», дейилади баёнотда.

Мавзуга оид