Жаҳон | 10:03 / 27.09.2023
4410
2 дақиқада ўқилади

Алиев Блинкен билан Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилди

Алиевнинг таъкидлашича, айни пайтда Қорабоғ ҳудудида яшовчи арманлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан Қорабоғ минтақасидаги вазиятни муҳокама қилди, деб хабар бермоқда Озарбойжон раҳбари матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, телефон суҳбати Америка томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтган.

Алиевнинг қайд этишича, Озарбойжон томонидан Қорабоғда олиб борилган аксилтеррор тадбирлари давомида фақат ҳарбий объектлар нишонга олинган ва тинч аҳолига ҳеч қандай зарар етказилмаган.

«Америка томонига Арманистоннинг ноқонуний қуролли кучларини қуролсизлантириш ва уларни Озарбойжон ҳудудидан чиқариб юбориш жараёни давом этаётгани маълум қилинди. Таъкидланишича, сўнгги беш кун ичида юзлаб бирликда ҳарбий техника, қурол ва ўқ-дорилар мусодара қилингани қайд этилди. Озарбойжонда аккредитациядан ўтган хорижий давлатларнинг ҳарбий вакиллари ҳамда БМТнинг доимий мувофиқлаштирувчи идораси вакили тўпланган қурол-яроғ ва ҳарбий техникани кўздан кечирган», — дейилади хабарда. 

Алиевнинг таъкидлашича, айни пайтда Қорабоғ ҳудудида яшовчи арманлар, шунингдек, Озарбойжонда яшовчи бошқа этник озчиликларнинг ҳуқуқларини мамлакат қонунчилиги ва халқаро мажбуриятлар доирасида таъминлаш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. 

Унинг қайд этишича, Озарбойжон вакиллари ва арман аҳолиси вакиллари ўртасида реинтеграция масалалари бўйича мулоқот давом этмоқда, Озарбойжон арман аҳолисига ҳуманитар ёрдам юбормоқда, ҳудудда инфратузилма тикланмоқда. 

«Халқаро Қизил Хоч қўмитаси билан арманларга ёрдам кўрсатиш соҳасида ҳамкорлик олиб борилаётгани, Озарбойжон томони БМТ аккредитациядан ўтган доимий мувофиқлаштирувчи идорасининг Қорабоғ минтақасига сафарини ташкил этишга тайёрлиги таъкидланди», — дейилади хабарда. 

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен мавжуд вазиятдан хавотир билдирди ва минтақада барқарорликни таъминлаш ва маҳаллий арманлар билан мулоқот муҳимлигини таъкидлади, дейилади хабарда. 

Мавзуга оид