АҚШ Конгресси Пентагон раҳбарининг 1 долларлик иш ҳақи тўғрисидаги тузатишни қабул қилди
Оммавий ахборот воситаларининг фикрича, Ллойд Остинни маошидан маҳрум қилиш тўғрисидаги тузатиш киритилган қонун лойиҳаси Сенатда овоз беришдан ўтиши даргумон.
Республикачилар етакчилигидаги АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси мудофаа вазири Ллойд Остиннинг ойлик маошини 1 долларгача қисқартириш бўйича тузатишни маъқуллади, деб ёзади The New York Times 27 сентябр, чоршанба куни.
Ташаббус муаллифи конгрессвумен Маржори Тейлор Грин бўлиб, унинг таъкидлашича, Пентагон раҳбарига қарши шикоятлари, масалан, «Афғонистондан қўшинларнинг даҳшатли олиб чиқиб кетилиши» ва ҳарбий хизматчиларни коронавирусга қарши мажбурий эмлаш билан боғлиқ.
Тузатиш конгрессменларга аниқ федерал ходимларнинг маошларини камайтиришга имкон берувчи «Холман қоидаси» деб аталадиган тартиб асосида қабул қилинган. Ҳужжат 28 сентябрга якуний қабул қилиниши режалаштирилган йиллик мудофаа харажатлари тўғрисидаги қонун лойиҳаси доирасида муҳокама қилинди. Шу билан бирга, Маржори Тейлор Гриннинг ўзи Украинага ёрдам бериш учун киритилган харажатлар туфайли ушбу қонун лойиҳасига қарши овоз беришини айтди.
АҚШ ҳукумати шатдаун билан юзма-юз келмоқда
NYT таъкидлашича, Остиннинг маоши аслида 1 долларгача камайиши даргумон, чунки ҳарбий харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси Сенатда овоз беришдан ўтмайди, бу ерда у икки партиявий қаршиликка дуч келиши кутилмоқда.
Агар Конгресс сентябр ойи охиригача бюджет лойиҳаси бўйича келишиб олмаса, шатдаун содир бўлади - ҳукумат фаолияти тўхтатилади, дея эслатади NYT.