Жаҳон | 08:24 / 28.09.2023
5127
2 дақиқада ўқилади

Россия ҳукумати бизнеснинг чиқиб кетиши 100 млрд рублдан ортиқ йиғим келтиришини кутмоқда

2023 йилги бюджетда хорижий тадбиркорларнинг Россиядан чиқиб кетиши туфайли келиб тушадиган мажбурий йиғимлардан 114 миллиард рубл даромад олиш режалаштирилган.

Фото: pxhere.com

Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йилда бизнесдан йиғимлар Россия бюджетига 114 миллиард рубл олиб келади. Бу сумманинг катта қисми хорижликлар томонидан Россиядаги активларини сотишдан тушган даромаддан келади, деб ёзади РБК агентлиги 27 сентябр, чоршанба куни.

Ушбу баҳолаш 2024 йилга ва 2025-2026 йилларга мўлжалланган федерал бюджет лойиҳасига тушунтириш хатида келтирилган. Ҳукумат маълумотларига кўра, «нодавлат нотижорат ташкилотларидан федерал бюджетга бошқа тушумлар, шу жумладан хорижий компаниялар томонидан активларни сотиш билан боғлиқ бўлган даромадлар» 2023 йилда 114,5 миллиард рублни ташкил қилади. 

Федерал бюджет даромадларининг «Нодавлат нотижорат ташкилотларидан тушумлар» банди 2022 йил декабр ойидан бошлаб, Россия ҳукумати чет элликлар томонидан Россиядаги активларни сотиш учун «ихтиёрий комиссия» жорий қилганидан кейин миллиардлаб йиғимлар билан тўлдирила бошланди, деб ёзади РБК. Расмий равишда, тўлов ихтиёрийдир, аммо агар хорижлик Россиядаги бизнесини сотишга қарор қилса, йиғимсиз битим ҳукумат комиссияси қошидаги махсус қуйи қўмита томонидан тасдиқланиши даргумон, дея таъкидлайди РБК. 

2024 йилда ҳукумат худди шу бюджет банди бўйича атиги 2,1 миллиард рубл олишни режалаштирмоқда ва кейинги икки йилда бундай даромадлар умуман режалаштирилмаган, бу ҳақда бюджет лойиҳаси учун материалларда айтилган.

Россияда 1500 га яқин хорижий компания ўз фаолиятини давом эттирмоқда 

Еврокомиссия маълумотларига кўра, Украина урушига қарамай, кўп сонли хорижий инвесторлар Россияда бизнес қилишда давом этмоқда. Халқаро компанияларнинг қарийб 40 фоизи Россияни тарк этишга қарор қилди ёки шундай қилмоқда. Йел менежмент мактаби ва Киев иқтисодиёт мактаби маълумотларига кўра, 18 сентябр ҳолатига 1410 та хорижий компания Россияда ишлашда давом этмоқда. 

18 сентябр ҳолатига кўра, Россияда ўз фаолиятини қисқартирган компаниялар сони, Киев иқтисодиёт мактаби ҳисоб-китобига кўра, 1225 тага етди. 

Мавзуга оид