Жаҳон | 08:50 / 29.09.2023
3618
3 дақиқада ўқилади

Шолц: Қозоғистон - Германиянинг нефт ва хомашё бўйича муҳим ҳамкори

Канцлер Олаф Шолц Қозоғистонни нефт ва бошқа хомашё етказиб беришда Германиянинг муҳим ҳамкори деб атади. Унинг фикрича, бу ҳамкорлик Россия энергетика секторидан мустақилликка эришишга ёрдам беради. 

Фото: Reuters

Германия канцлери Олаф Шолцнинг фикрича, Қозоғистон Германия учун хом нефт ва бошқа хомашё етказиб беришда муҳим ҳамкор ҳисобланади. Шолц пайшанба, 28 сентябр куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан Берлинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий Осиё давлати «хом нефт импорти каби таъминот занжирларини кенгайтириш ва Россия энергия таъминотидан мустақил қилиш учун муҳим ҳамкор», деди. 

Канцлер Қозоғистоннинг Россияга қарши санкцияларга риоя қилишдаги муҳим ролини қайд этди. «Қозоғистон ҳукумати бизни санкциялардан бўйин товлашнинг олдини олишда қўллаб-қувватлаётгани ва фаол қарши чоралар кўраётгани яхши ва фойдали», — деди Шолц. 

Бу давлат Германиянинг Марказий Осиёдаги энг муҳим савдо шериги ҳисобланади, дея давом этди Германия канцлери. Тўқаев ва Шолц савдо ва инвестициялар учун шароитларни яхшилашга келишиб олди. «Биз ҳуқуқий аниқлик муҳимлигини муҳокама қилдик, - деб давом этди Шолц. - Президент менга мамлакатда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқлари ва демократик тамойилларга ҳурматни мустаҳкамлашга қаратилган режалари ҳақида гапириб берди». 

Тўқаев канцлерни Қозоғистонга таклиф қилди

Ўз навбатида, Тўқаев Германия Федератив Республикаси «Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги стратегик ҳамкори» эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, куни кеча Siemens, Siemens Energy, Deutsche Bahn, Linde Group ва бошқалар билан «муҳим савдо шартномалари» имзоланган. Олий мартабали меҳмон, шунингдек, Германия канцлерини Қозоғистонга ташриф буюришга таклиф қилди.

Айни пайтда, табиий ресурсларга бой Қозоғистон Россиянинг яқин иттифоқчиси саналади, у билан турли ҳарбий ва иқтисодий иттифоқларга эга. 29 сентябр, жума куни Тўқаев ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари – Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари иштирок этадиган саммитга Шолц раислик қилади. Бу ушбу беш давлат етакчилари ва Европа Иттифоқининг асосий давлатларидан бирининг юқори мартабали раҳбарияти ўртасидаги биринчи саммит бўлади. 

Мавзуга оид