Ўзбекистон | 15:25 / 29.09.2023
7594
2 дақиқада ўқилади

Хусусийлаштирилган ер участкаларига оид қоидалар такомиллаштирилмоқда

Эндиликда жисмоний ва юридик шахслар томонидан электрон онлайн аукцион орқали олинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлар бошқа шахсга ўтказилиши мумкин бўлади.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенаторлар томонидан “Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди

Қонун ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини амалга ошириш тартибини, ер ижараси билан боғлиқ муносабатларни ва хусусийлаштирилган ер участкаларига оид қоидаларни такомиллаштиришга қаратилган қатор нормаларни ўз ичига олган.

Таъкидланишича, қонунда ижарага олинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан бирга ижарага берувчининг розилиги асосида бошқа шахсга ўтказилиши (қайта ижарага берилиши) мумкинлиги белгиланмоқда. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар томонидан электрон онлайн-аукцион орқали олинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлар бошқа шахсга ижара муддатидан ошмаган муддатга ўтказилиши (қайта ижарага берилиши) мумкинлиги кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, қонунда ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи, яъни сервитут белгиланган ер участкасига бўлган ҳуқуқлар бошқа шахсга ўтган тақдирда ҳам сервитут сақланиб қолиниши, сервитут олди-сотди, ҳадя, гаров ёки ижаранинг мустақил предмети бўлиши мумкин эмаслиги белгиланяпти. Сервитутнинг ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ер участкасининг ижарачиси ва мулкдори ушбу ер участкасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш ҳуқуқидан маҳрум этилмаслиги кўзда тутилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Мавзуга оид