Жаҳон | 13:01 / 30.09.2023
5877
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Сербияни Косово чегарасидан қўшинларини узоқлаштиришга чақирди

Оқ уйнинг маълум қилишича, Сербия Косово билан чегарасида ҳарбий жиҳатдан «мисли кўрилмаган» даражада кучайган.

Фото: AP

Оқ уй Сербия Косово билан чегарасида ҳарбий жиҳатдан «мисли кўрилмаган» даражада кучайганини маълум қилди ва Белградни қўшинларини олиб кетишга чақирди

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқа координатори Жон Кирби кундалик онлайн матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Косово чегараси бўйлаб «мисли кўрилмаган» серб ҳарбийлари тўпланишини кузатилаётганини айтиб, у шундай деди: «Биз буни жуда беқарорлаштирувчи воқеа деб ҳисоблаймиз».

«Биз Сербияни бу кучларни чегарадан олиб чиқиб кетишга ва кескинликни юмшатишга ёрдам беришга чақирамиз», - дея таъкидлади координатор.

АҚШнинг Сербия ва Косово, шунингдек, НАТО ва Европадаги иттифоқчилари билан яқин алоқада эканлигини айтган Кирби, 24 сентябр куни Косово шимолида бир полициячининг серблар отишмасида ҳалок бўлган воқеа текширилиши кераклигини билдирди.

Кирби сўз юритилаётган ҳужумда 30 га яқин кишининг иштирок этганини билдириб, жиноятчиларнинг адолатга тортилиши кераклигини таъкидлади.

Косовода эгаллаб олинган қуроллар нафақат минтақадаги, балки халқаро ходимлар, жумладан, НАТО қўшинлари учун ҳам хавф туғдираётганини айтиб, вазиятни яқиндан кузатишда давом этишини қўшимча қилди.

Кирби, хусусан: «Ҳозирги воқеалардан келиб чиққан ҳолда, НАТО тинчликпарвар кучларининг (KFOR) Косоводаги мавжудлиги кучайтирилади» деди.

Жон Кирби барча томонларни босиқликка чақирар экан, дипломатик ҳаракатларнинг давом этишини қайд этди. 

Мавзуга оид