Ўзбекистон | 19:18 / 30.09.2023
8791
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон, Россия ва Ҳиндистон киноижодкорлари "Алибобо ва қирқ қароқчи" фильмининг ремейкини суратга олади

“Ипак йўли дурдонаси” XV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида Ўзбекистон Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов, россиялик режиссёр Жаник Файзиев ва ҳиндистонлик режиссёр Умеш Меҳра ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандумга кўра ўзбекистонлик кино ижодкорлар Ҳиндистон ва россиялик ҳамкорлари билан бир нечта лойиҳаларни амалга оширади. Уларнинг ичида кўпчилик юртдошларимиз учун таниш бўлган "Алибобо ва қирқ қароқчи" фильми ҳам бор. СССР вақтида юртимиз ва ҳиндистонлик киноижодкорлар ҳамкорлигида суратга олинган "Алибобо ва қирқ қароқчи" филмининг ремейкини суратга олиш бўйича томонлар келишувга эришганини расман маълум қилди.

Лойиҳага кўра филм режиссёрлари 1980 йилда суратга олинган филмда режиссёр бўлиб ишлаган Умеш Меҳранинг ўзи ҳамда филмнинг иккинчи режиссёри бўлган Латиф Файзиевнинг жияни Жаник Файзиев бўлади.

"Ҳозирча фақатгина келишув имзоланди. Филмнинг суратга олиш ишлари қачон бошланади, бу борада аниқ бирор нарса дея олмайман. Лекин, шуниси аниқки, учала томон ҳам бу лойиҳага қизиқиш билдирмоқда ва бу олдинга силжишда муҳим жиҳатлардан бири", — деди Жаник Файзиев.