Нуқтайи назар | 17:43 / 02.10.2023
171980
3 дақиқада ўқилади

Энергетика. Энг муҳими – ислоҳотнинг қандай қилиниши

АҚШнинг Висконсин университети докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг Kun.uz'га берган интервюсидаги айрим тезислар.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистоннинг кейинги ривожланиши, аҳолининг ҳаёти, турмуш тарзи сифати ошиши учун энергетика ислоҳоти жуда керак. Бу нарса қанчалик тез қилинса, шунчалик яхши. Биз собиқ иттифоқ пайтидаги нархларни белгилаш тизимида қолиб кетдик, афсуски, бунинг асоратлари қиммат ва оғриқли бўлди.

Биз билмайдиган нарса: энергетикадаги муаммолар сабаб қанча кўп бизнеслар яратилмай қолди, қанча кўп тадбиркорлик субъектлари ўсмай қолди. 32 йилдан бери шу ислоҳот қилинмаган ва у агар қилинганида қанчалик бойроқ бўлардик, қанчалик тез ўсган бўлардик деган савол иқтисодчи сифатида мени қийнайди.

***

Ислоҳот қилиш керакми, керак, тез қилиш керакми, керак, лекин қандай қилиш масаласи ҳам муҳим.

Ҳозир мен Энергетика вазирлигининг стратегиясидан хабардор эмасман. Бу санада мана бундай тариф қиламиз, бу санада бозорга ўтилади деган йўл чизиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки ҳар бир нарх оширилиши – олқишланиб кутиб олинадиган нарса эмас. Агар ҳозир нархни чала ошириб, бозор тамойилига ўтмасдан ислоҳот қила олишмаса, 4 йилдан кейин эски ҳаммом, эски тосга қайтамиз. Яна бир марта нархни оширишга тўғри келади, нарх мана бунча эди, энди мана бунча бўлди, деб.

***

Агар ҳозир давлат монополияси хусусий монополияга айлантириб қўйилса, бу яхшиликка олиб келмайди. Чунки истеъмолчиларга етказиб бериш қисми барибир давлатда қолади. Шунинг учун бу масала заргарона диққат билан қилиниши керак. Бу борада антимонопол орган фикрлаши керак, қандай қилиб рақобатни йўлга қўямиз деб ўйлаши керак.

Хусусийлаштирилса, нарх тушади деган гап йўқ. Давлат билан энергетика корхоналари инфляция+X% қилиб келишса, ўшанда энергетика корхоналари ҳам харажатларимни камайтирсам, топган пулим ўзимга қолади, деб ўйлай бошлайди. Бу ерда битта ечим эмас, ҳамма ечимни бирга қилиб кўриш керак.

Беҳзод Ҳошимов,
иқтисодчи

Юқоридаги фикрлар Беҳзод Ҳошимовнинг Kun.uz'га берган интервюсидан“Нуқтайи назар” рукни учун ажратиб олинди.

Мавзуга оид