Жаҳон | 08:51 / 02.10.2023
10268
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған: Туркия энди ЕИга қўшилиш бўйича шартларни қабул қилмайди

Туркия президенти узоқ вақт давомида Туркиянинг Европа Иттифоқига аризаси ҳақида эсламаганди, лекин Швециянинг НАТОга аризаси контекстида яна бу ҳақда гапира бошлади.

Фото: REUTERS

Туркия бундан буён Брюсселдан Европа Иттифоқига қўшилиш учун шарт ва талабларни қабул қилмайди, деди президент Ражаб Тоййиб Эрдўған 1 октябр, якшанба куни Туркия парламентидаги чиқиши чоғида.

«Биз Европа Иттифоқи томонига берилган барча ваъдаларни бажардик, бироқ улар деярли ҳеч бирини бажармади», — дея Эрдўғаннинг сўзларини келтиради AFP. Анқара «қўшилиш жараёнида ҳеч қандай янги талаб ёки шартларни қабул қилмайди», деди Эрдўған. «Туркия бизни 40 йилдан бери ўз дарвозасида куттириб турган Европа Иттифоқидан бошқа ҳеч нарса кутмайди», - дея қўшимча қилди у.

Эрдўған: Брюссел Туркияга талаб қўя олмайди 

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, агар Европа Иттифоқи турк фуқароларига нисбатан «виза режими каби адолатсизликни» тузатмаса, Брюссел энди Туркияга сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий талаблар қўйишга ҳақли бўлмайди. «Агар Европа Иттифоқи фақат қоғозда мавжуд бўлган қўшилиш жараёнини якунлаш ниятида бўлса, бу унинг қарори», — деди Эрдўған. 

Туркия 1999 йилда Европа Иттифоқига кириш учун ариза берган. 2005 йилда бошланган қўшилиш бўйича музокаралар 2016 йил охиридан бошлаб тўхтатилган. Reuters агентлигининг қайд этишича, узоқ вақт давомида Эрдўған аъзо бўлиш бўйича музокараларни фаоллаштиришга қизиқиш билдирмаган, бироқ 2023 йилда у Туркия парламенти Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини маъқуллагунга қадар Брюссел Анқара учун Европа Иттифоқига қўшилиш йўлини очиши кераклигини айтган. 

Мавзуга оид