Ўзбекистон | 23:10 / 03.10.2023
9165
2 дақиқада ўқилади

IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилиши мумкин 

Рақамли технологиялар вазирлиги Ўзбекистонда IMEI-кодни рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш бўйича қарор лойиҳасини ҳукуматга киритган. 

Фото: Getty Images

Ўзбекистонда IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилиши мумкин. Хусусан, хориждан келганлар учун IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш муддатини узайтириш режалаштирилмоқда. Тегишли қарор лойиҳасини Рақамли технологиялар вазирлиги ҳукуматга киритган. 

«Тегишли вазирликлар билан келишган қарор лойиҳаси ҳозир ҳукуматда турибди. Ўзгаришларнинг ҳаммасини санаб ўтмайман, битта-иккитасини санаб ўтаман. Масалан, чет элдан келган фуқаролар SIM-картаси 30 кунда ўчиб қоларди, ўша муддат узайтириляпти», деди вазирликнинг Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Муроджон Йўлдошев. 

Унинг сўзларига кўра, FaceID технологияси орқали IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш имкониятини яратиш ҳам режалаштирилмоқда. 

Ўзбекистонда 2019 йил апрелидан буён мобил қурилмаларни IMEI-код орқали мажбурий рўйхатдан ўтказиш тизими ишламоқда. 2019 йил 1 декабрдан буён тизим пуллик ҳисобланади. 

Қоидага кўра, Ўзбекистон ҳудудига кирган шахслар ўз мобил қурилмаларини IMEI-код орқали рўйхатдан ўтказиши шарт. Бунинг учун 30 кун мухлат берилади. Муддат тугагач, қурилма эгаси ундан фойдалана олмайди.