Ўзбекистон | 15:57 / 03.10.2023
6810
6 дақиқада ўқилади

Самарқанд экофоруми: минтақа ёшлари ҳукуматлар билан яқинроқ мулоқот тарафдори

Самарқандда Марказий Осиёнинг 5 давлатидан ташриф буюрган 60 нафар экофаоллар иштирокида экофорум ўтказилмоқда. Иштирокчилар томонидан минтақа экоҳаётини яхшилаши мумкин бўлган таклифлар билдирилди.

Экологик хабардорликни ошириш

Барча гуруҳлар билдирган таклифлар орасида айнан мана шу бандни кўриш мумкин. Яъни экофаоллар табиатдаги муаммоларнинг олдини олиш учун аввало ёшлар экологик муаммолардан яхшироқ хабардор бўлиши керак деб ҳисобламоқда. Уларнинг баъзилари айнан экологик муаммоларга бағишланган фан мактаб дарсликларига ҳам киритилишини таклиф қилди.

Электрокарлар ва камроқ чиқинди чиқарадиган оддий машиналар

Форум иштирокчилари ички ёнув двигателида ишловчи машиналар ўрнини электрокарлар эгаллаши табиат камроқ ифлосланишига олиб келиши ҳақида тўхталиб, бир қатор таклифларни илгари сурди. Масалан, электромашиналарда юрадиганларни рағбатлантириш.

Шунингдек, ҳамма ҳам нисбатан қиммат нархдаги электрда юрувчи машиналарга ўта олмаслиги учун ёнилғида юрадиган машиналарнинг катализаторини яхшилаш орқали ҳавога чиқадиган зарарли газлар миқдорини камайтириш таклиф қилинди.

Сунъий ўрмонлар ва эколойиҳаларни рағбатлантириш

Фото: Eco-Schools

Форумнинг қирғизистонлик иштирокчиси минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш учун сунъий ўрмонлар яратишни таклиф қилди. Унинг фикрича, экофожиаларни шу тариқа компенсация қилиш мумкин. Худди шу иштирокчи ҳар бир одам эгнидаги пахтадан тўқилган кўйлакни кўрганда ҳеч бўлмаса уни тикиш учун кетган пахтани етиштиришга қанча сув сарфланганини ўйлаб кўриши керак эканини айтди. У Марказий Осиёдаги сувларнинг 80 фоизи суғориш учун ишлатилишини таъкидлади.

Ўзбекистонлик иштирокчи эса эколойиҳалар молиялаштириши ва рағбатлантириш муҳим эканини айтиб, ўз мактабидан мисол келтирди: «Бизнинг мактабда четдан овқат олиб кириш тақиқланган. Бир сафар бу чекловни «четлаш имконини берадиган» ажойиб таклиф илгари сурилди. Синфлар ўртасида ким кўп чиқиндига ташланган макулатура йиғилса, ўша синфга пицца буюртма қилишга рухсат бериладиган бўлди. Биласизми, 150 кг атрофида макулатура йиғилди. Айтмоқчи бўлганим, ҳар қандай ишда рағбатлантириш жуда муҳим», дейди ўзбекистонлик экофаол.

Фото: Eco-Schools

Бошқа бир иштирокчи эса ўз ўқув муассасасида дарсликлар кам бўлгани боис жуда кўп материаллар принтердан чиқарилган қоғозларда бўлгани туфайли жуда кўп макулатура тўпланганини айтди.

Форум иштирокчилари экологик лойиҳалар молиялаштирилмаслиги, уларга шунчаки номигагина қарашларига эътибор қаратди. Шунингдек, экологик стартапларни молиялаштириш муҳим экани ҳам таъкидланди. Энг қизиқарли таклифлардан бири эса ҳукуматларни экофаоллар билан очиқ мулоқот қилишга чақирув бўлди. Форум иштирокчилари бу борада Экология вазирликлари ва ёш экофаоллар ўртасида норасмий учрашувлар ўтказишни таклиф қилди.

Экологик ҳодисаларни ёритиш ва пиар

Ёшлар экологик воқеаларга оид хабарлар ОАВда болалар тушунмайдиган тилда тарқатилишини улар учун мураккаблик деб атади. Уларнинг фикрича, йирик оммавий ахборот воситалари билан экологик муаммолар ҳақида ёш болалар ҳам тушунадиган хабарлар тарқатиш керак. Шунингдек, экологик муаммоларга янада кўпроқ ёшларни жалб қилиш учун бундай масалаларни улар кузатадиган машҳур одамлар орқали ёритиш кераклиги айтилди.

Эко-Заковат: фақат экологик саволлардан иборат интеллектуал ўйин ўтказилди

Фото: Eco-Schools

Заковат ўйини турли хил тематикалар бўйича ўтказилган, лекин фақат экологик мавзудаги интеллектуал баҳсни бу ўйин мухлислари кўрмаганди. Бундай «илм жанги»нинг биринчисида Марказий Осиё экофаоллари иштирок этишди. Экофорум иштирокчилари 11 та жамоага бўлинишди.

Умумий ҳисобга иккита даврадан иборат Эко-Заковатда 36 та савол ўйналди. Якуний натижаларга кўра уч жамоа бир хил – 16 тадан очко тўплади. Ғолиб эса ҳал қилувчи «Отишма» шартида аниқланди. Бу шартда жамоалардан бири тўғри жавоб топгунга қадар саволлар берилди. Охир-оқибат ўзбекистонлик ёшлардан иборат M&Ms жамоаси ғолиб бўлиб, махсус кубокни қўлга киритди.

Ўйин давомида иштирокчиларга фақат экологик мавзуларда қуйидаги саволлар берилди:

Савол: Кореялик фермерлар ресторанлардан чиқаётган чиқиндиларни еган чўчқалар ўлиб қолаётганидан эътироз билдиргани учун корейс ресторанларида уни тақиқлашади. Нимани?

Жавоб: Тиш ковлагични.

Савол: Ню-Йоркда олиниши керак бўлган баъзи кинолар Манчестерда ҳам суратга олинган. Бундай ҳолатда Манчестердаги суратга олиш жамоасидаги махсус ходимлар суратга олиш майдончасида қўлига пакет олиб ўша ишни қилган. Қандай ишни?

Жавоб: Чиқинди тўкиб чиққан. Чунки Манчестер жуда тоза шаҳар бўлгани сабабли кадрлар Ню-Йоркни эслатиб туриши учун кўчаларга чиқинди тўкиб чиқишган.

Савол: 1960 йил Бойканурдаги космик станцияда портлаш бўлиб кўпчилик ҳалок бўлади. Аммо бош конструктор омон қолади. Чунки у тақиқланган бир ишни қилганди. Қандай ишни?

Жавоб: Сигарет чекиш учун ташқарига чиққанди. Буни чекиш одамни ўлдирмайдиган истисно ҳолат деб аташ мумкин.

Шу ва шунга ўхшаш қизиқарли экосаволлар орқали форум иштирокчилари ўз билимларини яна бир бор чархлаб олишди. Экология вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, «Zamın» фонди, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, БМТТД ва ФАО кўмагида ташкил этилаётган экофорум 5 октябргача давом этади.

Мавзуга оид