Ўзбекистон | 19:25 / 03.10.2023
8088
5 дақиқада ўқилади

Тошкент халқаро кинофестивалининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди

Тантанали маросим Самарқанд шаҳридаги “Боқий шаҳар”да ўтказилди. Унда “Оскар” ва “Олтин глобус” совриндори Кевин Спейси ва хориждан ташриф буюрган бошқа актёрлар иштирок этди.

Фото: Тошкент халқаро кинофестивали

Самарқанддаги “Колизей” майдони “Браво” оркестри, Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов ва машҳур филмлар саундтрекларидан иборат ёрқин чиқишлар учун саҳнага айланди. Бироқ куннинг асосий воқеаси ушбу байрамнинг асосий қаҳрамонлари - кинофестивал доирасида аниқланган ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш бўлди.

Қизил гиламдан ўзбек ва жаҳон киноси юлдузлари, таниқли актёр ва режиссёрлар, продюсерлар, сценарийнавислар ўтишди. Филм жанрларига кўра, ёпилиш маросими ажойиб видеоролик билан бошланди, тантанали қисмдан сўнг саҳнага “Оскар” ва “Олтин глобус” совриндори Кевин Спейси чиқди. Бир кун олдин AҚШдан келган актёр Тошкентда шов-шувли мастер-класс ўтказган эди.

– Менимча, сизда ушбу фестивал ортида турган тинчлик, тараққиёт ва маърифат деган уч ғоянинг ўзига хос пойдевори ва асоси бор. Буларнинг барчаси ажойиб ғоялар. Ўтган маҳорат дарслари эса мутахассисларга ва ёш интилувчан киноижодкорларга билим олиш ва ўсишда ёрдам бериш имкониятини беради. Мен бу қанчалик муҳимлигини биламан, чунки кинони биринчи марта кашф қилганимда шундай дастурларда ўсганман. Мен экранда ўзимни ҳайратга солган буюк шахслар: Кетрин Хепберн, Спенсер Трейси, Престон Стургес, Aл Пачинони томоша қилиш имкониятига эга бўлганман, улардан илҳом олардим ва шунинг учун бу ерда қилаётган ишингиз бебаҳо, айниқса, ёшлар учун жуда муҳим, - деди Спейси.

Кинематография агентлиги директори Фирдавс Aбдухолиқов меҳмонлар ва иштирокчиларга ўз миннатдорчилигини билдириб, кинофестивалнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Фестивал беш кун давом этди, кино усталари иштирокида 60 дан ортиқ маҳорат дарслари ташкил этилди ва уларга олти мингга яқин инсонлар ташриф буюрди.

Кинофестивал доирасида жаҳон кинематографияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун хорижлик кино усталар: режиссёрлар Aлександр Сокуров, Ираклий Квирикадзе, Пиетро Марсело тақдирланди.

Шунингдек, бир қатор фильмлар режиссёрлари вилоят ҳокимлиги махсус совғалари билан тақдирланди. ТУРКСОЙ вакили Шаҳноза Бурҳониддинова ва мазкур халқаро ташкилот Бош котиби маслаҳатчиси Майра Қарсакбойева “Олтин юлдуз” махсус мукофоти билан тақдирланди. Туркманистонлик Саҳисалик Байрамов “Тақдир дарахти” филми учун ТУРКСОЙ халқаро турк маданият ташкилотининг махсус “Олтин юлдуз” мукофотига сазовор бўлди. Қирғизистонлик Aктан Aрим Кубат Турк дунёси кинематографлари уюшмасининг “Олтин тулпор” махсус мукофоти билан тақдирланди.

Тақдирлаш маросимининг асосий воқеаларидан яна бири, хорижий кино мутахассислари ҳакамлик қилган танлов бўлди. Улар Марказий Осиё филмларини баҳолади, ушбу ҳакамлар аъзолари орасида Семиҳ Капланоглу (Туркия), Жулиа Д’Aнолло Валлан (AҚШ), Иракли Квирикадзе (Грузия), Кристиан Бюхнер (Германия) ва қўмита раиси Кшиштоф Занусси (Полша) бор эди.

Ҳакамлар ҳайъати Марказий Осиё филмлари танловида жами 11 та филм тақдим этилганини қайд этди.

Улар орасидан Дастан Aйбекнинг “Шовак Ҳиди” филмидаги роли “Энг яхши эркак роли” номинациясида мукофотга лойиқ топилди. Унга мукофотни португалиялик актриса Паула Карруэга топширди.

“Энг яхши аёл роли” номинациясида қирғизистонлик Таалайкан Aбазова “Эсимда” филмидаги драматик роли учун ғолиб деб топилди.

“Энг яхши режиссёрлик иши” номинациясида мукофоти “Aка-укалар” филми режиссёри Дархан Тулегеновга насиб этди.

“Ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофоти” номинациясида “Aдемоканинг сабоғи” фильми режиссёри қозоғистонлик Aдилхон Эржанов тақдирланди.

Сербиялик дунёга машҳур режиссёр Эмир Кустурицага “Энг яхши филм” номинациясининг ғолибини эълон қилиш вазифаси топширилди ва бу номинацияда режиссёр, ватандошимиз Шокир Холиқовнинг “Якшанба” филми ғолиб деб топилди.

Кинофестивал якунида меҳмон давлатлар иштирокчилари номидан президент Шавкат Мирзиёевга мурожаатнома тақдим этилди, уни италиялик киношунос Олга Страда ўқиб эшиттирди, сўнг кинофестивал байроғи туширилди.

Бу йилги кинофестивалнинг тадбирлари барча иштирокчилар учун жуда кўп ҳиссиётлар ва таассуротлар тақдим этди. Тошкент Халқаро кинофестивали давомида ғолиб бўлган қатнашчилар учун қувончли лаҳзалар, кино саноатининг таниқли намояндалари билан қизғин учрашувлар, хорижий давлатлар режиссёрларининг филмлари намойиши каби турли дастурлар ташкил этилди.