Жаҳон | 13:05 / 04.10.2023
13127
4 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Россия газини Ўзбекистонга етказиб беришни октябр ойи охирига қолдирди

Етказиб бериш 1 октябрдан бошланиши ҳақида аввал хабар берилган эди.

Фото: КазТрансГаз

Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга транзитини аввал режалаштирилганидек 1 октябрдан эмас, фақат октябр ойининг охирида бошлайди. Энергетика вазири Алмасадам Саткалиев чоршанба куни бўлиб ўтган брифинг чоғида таъкидлаганидек, газ қувурида таъмирлаш ишлари ҳали ҳам давом этмоқда, Қозоғистонга ҳали зарур ариза келиб тушмаган.

«Ҳозирда Қозоғистон Республикаси ҳудудида қурилиш билан боғлиқ ишлар якунланиб, газни ҳисобга олиш учун алоҳида линия ажратилган. Жадвалга кўра, октябр ойи охиригача ишлар якунланиши керак», — деди Саткалиев.

Қозоғистон аввалроқ 1 октябрдан транзитни бошлашни режалаштиргани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, вазир шундай тушунтирди: «Таъмирлаш ишлари якунланмоқда ва ушбу транзитни таъминлаш имконияти билан боғлиқ фойдаланишга топшириш масалалари ишлаб чиқилмоқда. Шу муносабат билан биз ушбу ишни якунлашимиз биланоқ тегишли баёнот берамиз».

Унинг қўшимча қилишича, газ ҳажми ҳали ҳам келишиб олинмоқда ва ариза келиб тушиши билан Қозоғистон уни эълон қилиши мумкин.

Аввалроқ вазирлик Қозоғистон 1 октябрдан Ўзбекистонга Россия газини етказиб беришни бошлашни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. Дастлаб 10 миллиард кубометр газ ҳақида гап борган.

2022 йилнинг охирида Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида ўзига хос уч томонлама иттифоқини ташкил этиш, шу жумладан, газ соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклифини қўллаб-қувватлаш ғояси кун тартибига чиқди. Бу борадаги таклифни РФ президентни Владимир Путин илгари сурган.

Лекин Ўзбекистон, Россиядан газ харид қилинадиган бўлса, бу иттифоқ тарзидаги келишув асосида эмас, олди-сотди шартномаси шаклида бўлишини билдирган.

2023 йил январ ойида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва «Газпром» ўртасида газ соҳасидаги ҳамкорлик бўйича йўл харитаси имзоланган эди. Келишувда жорий йил март ойидан бошлаб «Ўрта Осиё – Марказ» қувури орқали реверсив тартибда Россиядан Ўзбекистонга бозор нархида газ етказиб беришни бошлаш учун зарур техник чоралар кўзда тутилган эди. Россия компанияси шунга ўхшаш шартномани деярли бир вақтда Қозоғистон билан ҳам имзолаган.

30 май куни Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва «Газпром» раиси Алексей Миллер учрашувида РФдан Ўзбекистонга газ етказиш масаласи кўриб чиқилди.

16 июн куни Санкт-Петербург Халқаро иқтисодий форумида Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома ва республика газ узатиш тизимини Россия газини қабул қилишга тайёрлаш бўйича йўл харитаси имзоланди.

19 июнда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома тафсилотларини маълум қилди. Газ олди-сотдиси бўйича шартнома UzGastrade АЖ ва «Газпром экспорт» МЧЖ ўртасида 2 йил муддатга тузилган бўлиб, шартнома доирасида жорий йил 1 октябридан кунига 9 миллион кубометр табиий газни импорт қилиш бошланиши мўлжалланганди. 

Мавзуга оид