Россия Мудофаа вазирлиги тунда ўнлаб дронлар ҳужум қилгани ҳақида хабар берди
Россия Мудофаа вазирлиги тунда 31 та дрон уриб туширилганини даъво қилмоқда. Astra хабарига кўра, Брянск вилоятидаги ҳарбий қисмга дрон ҳужуми амалга оширилган.
Россия Мудофаа вазирлиги 4 октябр, чоршанба куни эрталаб ўнлаб Украина учувчисиз учоқлари тунда Россия ҳудудига ҳужум амалга оширганини маълум қилди. Идора маълумотларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари уч чегарадош вилоятлар – Белгород, Брянск ва Курскда 31 та самолёт типидаги дронларни тутиб, йўқ қилган.
Белгород губернатори Вячеслав Гладков «ВКонтакте» ижтимоий тармоғида соат 1:00 дан 2:00 гача ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Белгород, Белгород ва Корочанский туманлари устида 19 та «объект»ни уриб туширганини ёзди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум натижасида Белгород шаҳридаги маъмурий бино, Белгород тумани Шишино қишлоғидаги уй ва 3 та автомобил зарар кўрган. Гладков қурбонлар ҳақида ҳеч нарса айтмади.
Аввалроқ Брянск вилояти губернатори Александр Богомаз ҳам дронлар тунги ҳужуми ҳақида хабар берган эди. Унинг сўзларига кўра, вилоят ҳудудида битта учувчисиз учоқ уриб туширилган. Қурбонлар ва вайроналар йўқ. Бундан ташқари, Богомазнинг таъкидлашича, бир нечта туманлар - Севский, Погарский, Климовский ва Трубчевский кассетали қуроллардан ўққа тутилган, натижада уйлар «қисман вайрон бўлган».
Шу билан бирга, Россиянинг Astra Telegram-канали дрон Брянск вилоятининг Карачев шаҳридаги 55443-сонли ҳарбий қисмга ҳужум қилгани ҳақида ёзди — нашр манбаларининг таъкидлашича, самолёт типидаги дрон у ерга қулаб тушиб, тахминан соат 3 да портлаган. Курск вилояти расмийлари уриб туширилган учувчисиз учоқлар ҳақидаги Мудофаа вазирлиги маълумотларига ҳали изоҳ бермади.
Украина томони бу маълумот бўйича ҳозирча ҳеч қандай баёнот билан чиқмади.
Мавзуга оид
12:07
Ўзбекистон ва Россия Каспий денгизи орқали янги йўналишлардан фойдаланмоқчи
09:53
Воронеж яқинидаги саноат корхонасига дронлар ҳужум қилди
21:03 / 19.11.2024
Россияда доллар йил бошидан бери биринчи марта 100 рублдан ошди
18:44 / 19.11.2024