Спорт | 21:05 / 05.10.2023
19436
2 дақиқада ўқилади

Абдумалик Халоков чемпионлик ҳақида: «Осиё Ўйинларида вилоят чемпионатини ютгандек ғолиб бўлдим» 

Осиё Ўйинлари-2022да Ўзбекистон спорт делегациясига яна битта олтин медални келтирган боксчимиз Абдумалик Халоков финалдан сўнг таассуротлари билан ўртоқлашди.

-57 кг вазн тоифасида иштирок этган 23 ёшли чармқўлқоп устаси финалда япониялик Шудаи Харадани катта устунлик билан мағлубиятга учратиб, турнир ғолибига айланди.

«Табриклар учун раҳмат! Ҳиссиётлар жуда ҳам аъло! Бу ерга Париж-2024 лицензиясини қўлга киритиш ва чемпионлик билан Ўзбекистон байроғини юқорига кўтариш учун келгандик. Буни уддалаганимдан жуда ҳам хурсандман. Умуман, боксчилар яхши натижаларга эришиб, жамғармамизга олтин медалларни қўшишни мақсад қилгандик. 

Жангларим нисбатан осонроқ бўлганига ҳар бир жангга мураббийларимиз билан алоҳида тайёргарлик кўрганимиз ҳам сабаб бўлди. Ҳар бир рақибни мағлуб этиш учун ўзини калити бор, устозларим, Даврон ака буни топдилар, мен эса бажардим. Натижа эса яхши бўлди. 

Ўзи Осиё Ўйинлари олдидан ўзимни жуда яхши ҳис қилдим. Мураббийим Даврон акага турнир олдидан: «Даврон ака, кўрасиз, шу Осиё Ўйинларини Тошкент вилоят чемпионатини ютгандек, ютаман», деб айтгандим. Аллоҳга беҳисоб шукурки, худди шундай бўлди. Бирорта жангда қийналмадим.

Рингда биринчи ёки иккинчи рақам бўлиб ҳаракат қиламанми ёки йўқ – энг аввало мураббийларимни эшитаман. Мураббийни эшитмаган боксчи ютқазади.

Авваломбор, бувижоним, ота-онамга катта раҳмат демоқчиман. Дуо қилиб туришди, хавотирланишди. Шундай дуогўйларим борлигидан Аллоҳга беҳисоб шукур. Халқимизга, президентимизга миннатдорчилик билдираман. Бу фақат мени эмас, Ўзбекистон халқининг ғалабаси. Чунки уларнинг дуолари сабаб биз шу даражага етдик. Уларга мингдан минг раҳмат», - дейди Бухоро бокс мактаби тарбияланувчиси Абдумалик Халоков.

Мавзуга оид