Спорт | 16:41 / 05.10.2023
20804
2 дақиқада ўқилади

Ҳангжоу-2022. Ҳасанбой Дўсматов – Осиё Ўйинлари ғолиби

Фото: МОҚ

Бокс бўйича Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов Осиё Ўйинлари-2022да ҳам чемпионликни қўлга киритди.  

-51 кг вазн тоифасида иштирок этаётган ҳамюртимиз финалда таиландлик рақиби Титисан Панмотни мағлубиятга учратиб, турнирнинг олтин медалини қўлга киритди. Дўсматов аввалги Осиё Ўйинлари – Жакарта-2018да кумуш медалига эга чиққанди. Бу олтин Ўзбекистон делегациясининг Ҳангжоудаги 17-олтин медалига айланди.

Маълумот учун, Ҳасанбой Дўсматов чоракфиналда покистонлик Зоҳайб Рашидни мусобақадан чиқариб юборган бўлса, яримфинал жангида япониялик Томоя Тсубоига қарши рингга чиқиб, 4:1 ҳисобида ғалабага эришган ҳолда финалга чиққанди.

Аввалроқ, бокс бўйича Ўзбекистон аёллар жамоаси аъзоси Нигина Ўктамова бронза медалини қўлга киритиб, боксчиларимизнинг турнирдаги дастлабки медалига эга чиққан бўлса, Абдумалик Халоков ва Баҳодир Жалолов бугун финалда жанг қилади.

Ўзбекистонлик боксчиларнинг бугунги финал жанглари:

57 кг: Абдумалик Халоков - Шудаи Харада (Япония) (17:30 дан сўнг)

+92 кг: Баҳодир Жалолов - Қамшибек Конкабоев (Қозоғистон) (18:30 дан сўнг).

Мавзуга оид