Жаҳон | 16:21 / 05.10.2023
85597
15 дақиқада ўқилади

Қирғизистондаги машҳур жиноий авторитет Коля Қирғиз ўлдирилди. У ҳақида нималар маълум?

АҚШ ўз вақтида ушбу «ворзакон» ҳақидаги маълумот учун 5 млн доллар мукофот эълон қилганди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 4 октябр куни махсус операция давомида қонунларга беписанд ўғри Қамчибек Қўлбоев йўқ қилинди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази уюшган жиноий гуруҳ раҳбарини ушлаш амалиёти вақтида у қуролли қаршилик кўрсатгани ва отиб ўлдирилганини маълум қилган.

«Қамчибек Асанбекнинг қурол билан МХДҚ ходимларининг ҳаёти ва соғлигига тажовузкорона ҳаракатлари натижасида махсус бўлинма ходимлари жавоб тариқасида ўқ узишга мажбур бўлган», — дейилади махсус хизматларнинг расмий хабарида.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ҳам Қўлбоевнинг йўқ қилинишини изоҳлади.

«Мен МХДҚ раиси сифатида кўп бор огоҳлантирдим. Ҳамма қонунбузарлар қонун олдида жавоб беришади деб кўп такрорлаб келдим. Шунга қарамасдан, кечаги воқеада жиноят олами яна бош кўтарди. МХДҚ махсус операциясига қаршилик кўрсатди. Улар бизнинг ходимларга қўл кўтаришгани, ўт очишгани ҳақида маълумотга эгасизлар. Шу боис, қонунларга беписанд ўғри йўқ қилинди.

Мен криминал авторитетнинг ён-атрофида бўлганларнинг барчасига расман таъкидлаб ўтмоқчиман. Агар кимдир қонунни бузишга уринса, ноқонуний хатти-ҳаракатларга қўл урса, қонун доирасида жазоланади. Жазоланганда ҳам қатъий жазоланади. Агар бирор жиноий тўда бош кўтарса, биз бу бошни кесамиз. Мен буни очиқ айтяпман. Шунинг учун яна бир бор эслатаман, агар криминал авторитетнинг ён-атрофидаги кимдир қонунларни бузишга уринса, биз қонун доирасида уни қатъий жазога тортамиз», — деган Ташиев.

Қўлбоев 5 октябр куни ўзи туғилган Чўлпонотада дафн этилди. Унинг жаноза маросимида 5 мингдан зиёд киши иштирок этгани хабар қилинган.

Қамчибек Қўлбоев — шубҳасиз, кучишлатарлар учун ёқимсиз шахс бўлган. У билан ҳисоблашишга мажбур бўлишган. Турли даврларда у кўплаб сиёсатчилар, жумладан, давлатнинг биринчи шахслари билан алоқада бўлган. Қирғизистоннинг 24.kg таҳририяти энг катта таъсир кучига эга бўлган криминал етакчилардан бирининг ҳаётидан характерли фактларни тўплаб чиқди.

«Ҳурматли оқсоқол» ва ресторатор

Қамчибек Қўлбоев 1974 йил 3 августида Иссиқкўл областининг Чўлпон-Ота шаҳрида туғилган. Сўнгги вақтларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ОАВ уни Қамчибек Асанбек деб атай бошлаган — у расман ўз шахсий маълумотларини ўзгартириб, фамилияси сифатида отаси Асанбек Қўлбоевнинг исмини олган.

2013 йилда Қамчибек Қўлбоев жиноий ҳамжамият тузиш, наркотик моддалар ва қурол сақлаш, ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қилиш, одам ўғирлаш, босқинчилик ва озодликдан ноқонуний маҳрум қилишда айбланиб суд қилинганда, унинг адвокати Сергей Манукян шундай деган:

«Қамчибек Қўлбоев қонунларни беписанд қилувчи ўғри эмас, ҳурматли оқсоқол. Бизнинг қонунларимизда бирор жойда «қонунларга беписанд ўғри» деган сўз бирикмасига тушунтириш йўқ. Ҳа, менинг ҳимоям остидаги шахсга жиноий гуруҳ тузиш айби қўйилмоқда, бироқ бу тергов органининг субъектив фикри. Судда бу важлар текширилади ва мен томонимдан шубҳа остига олинади».

Кейинроқ Бишкек ва Чўлпон-Отадаги бир неча ресторанлар, пансионат ва бошқа объектлар Қўлбоевга тегишли экани аниқланган. Жумладан, кеча криминал авторитет отиб ташланган «Блондер Паб» ҳам.

Рисбек Акматбаевга суиқасд

1990-йиллар охиригача Қамчибек Қўлбоевни иссиқкўллик бошқа бир уюшган жиноий гуруҳ етакчиси Рисбек Акматбаевнинг яқин дўсти деб аташган. Кейинчалик уларнинг йўллари ажралган.

2000 йилда Акматбаевга суиқасд уюштирилади. Рисбек тирик қолади, лекин уни кузатиб келаётган икки киши ўлдирилади. Бу жиноятда кейинроқ Қамчибек Қўлбоев айбланади. У 25 йилга озодликдан маҳрум этилади. Лекин муддатни охиригача ўтамайди, уни Петровка қишлоғидаги 8-жазони ижро этиш колониясидан манзил колониясига ўтказишади ва Қўлбоев 2006 йилда у ердан қочиб кетади.

Москвада ўтган «тож кийдириш» маросими

Криминал оламда Қамчибек Қўлбоев «Коля Қирғиз» номи билан машҳур бўлган. Унга 2008 йилда «тож кийдирилган» ва «ворзакон» («қонунларга беписанд ўғри») статусига эга бўлган. «Википедия»да ёзилишича, у «Қирғизистон уюшган жиноий гуруҳи етакчиси, қирғизлар ичида чиққан илк қонунларга беписанд ўғри».

Унга 2008 йилнинг 23 апрелида Москвада шахсан Япончик лақабли В.Иванков ва Дед Ҳасан томонидан «тож кийдирилган». «Кристалл» кўнгилочар комплексида бўлиб ўтган йиғинда жиноий элитанинг 30 га яқин вакиллари тўпланган. «Қўлбоев «Молдовановкадаги 31-колоннада «қараб турувчи» («смотряшчий») бўлган», — дейилади онлайн-энциклопедияда.

Судлар, ҳибслар, кўчишлар

«Тож кийгач» Қамчибек Қўлбоевни бир неча бор ушлаб орган идораларига келтиришган, бироқ ҳибсга олишмаган. Бу 2012 йилгача давом этган. 2010 йил апрелида Қирғизистонда ҳукумат ўзгаргач, мамлакатда уюшган жиноий гуруҳларга қарши «мисли кўрилмаган кураш» эълон қилинади. Қўлбоев ўшанда Қирғизистонни тарк этиб, узоқ вақт чет элларда яшириниб юради. ИИВ хабарига кўра, 2012 йил декабрида криминал авторитет ўз ихтиёри билан таслим бўлади ва БААдан олиб келинади.

Унга жиноий ҳамжамият тузиш, наркотик моддалар ва қурол сақлаш, ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қилиш, одам ўғирлаш, босқинчилик ва озодликдан ноқонуний маҳрум қилиш айбловлари қўйилади.

Суд бир йилдан узоқроқ давом этади. 2014 йил май ойида якуний айблов ҳукми ўқилади — уч йил қамоқ жазоси. Гарчи прокуратура вакили уни 14 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган бўлса ҳам.

Бироқ Бишкекнинг Биринчи май район суди уни қолган барча моддалар бўйича оқлаб, фақат товламачиликда айблаб, 5,5 йилга қамаш тўғрисида ҳукм чиқаради. Апелляцияда шаҳар суди ҳукмни бироз юмшатиб, 3 йил қамоқ жазоси белгилайди. Юқори инстанция ҳукмни ўз кучида қолдиради.

Яна бир қўлга олиш 2020 йил 21 октябрда рўй беради. Коля Қирғизга «Жиноий ташкилот тузиш ёки унда иштирок этиш» моддаси бўйича жиноят содир этганликда гумонланаётгани ҳақида билдиришнома беришади. Бишкек шаҳар суди қарори билан у мамлакатни тарк этмаслик тўғрисидаги тилхат билан қўйиб юборилади. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тушунтиришича, Қамчибек Қўлбоевга нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилганига сабаб, гумондорнинг қариндошлари идора депозит ҳисобварағига 49,6 миллион сўм киритгани бўлган. 2023 йил августида жиноий иш даъво муддати ўтгани туфайли ҳаракатдан тўхтатилгани маълум бўлади.

«Криминал авторитет Қамчибек Асанбек Қозиғистонда трансмиллий жиноий ташкилот тузганликда гумон қилинган. Жиноят 2007-2009 йилларда содир этилгани боис, уни жиноий жавобгарликка тортиш учун даъво муддати ўтган. Шу муносабат билан МХДҚ жиноий ишни тергов қилишни тўхтатди», — деб хабар қилинган.

Яна бир қўлга олиш 2022 йил ноябрида амалга оширилди. Уни чегара назорати зонасида ушлашган. Унинг ёнидан ўқотар қуроллар — карабин ва тўппончалар топилган. Ўшанда у билан бирга 10 га яқин кишини ушлашган. Улар Еттиўғиз районидаги қирғиз-хитой чегараси яқинида жойлашган «Булат-М» овчилик хўжалигидан қайтаётганди.

Доо Чингиз ўлимига алоқадорлик тахмини

Қўлбоевнинг ўлимини тасдиқловчи МХДҚ расмий хабарида шундай дейилади: «Қамчибек Асанбекка нисбатан унинг Доо Чингиз лақабли қарама-қарши уюшган жиноий гуруҳ етакчиси Чингиз Жумагуловнинг ўлимига алоқадорлиги бўйича фуқароларнинг аризасига кўра терговолди суриштирувлари олиб борилмоқда».

Тахмин қилиш мумкинки, органлар Қамчибек Қўлбоевни Жумагуловнинг ўлдирилишини ташкиллаштириш (буюртма қилиш)да гумон қилишган.

2022 йил июл ойида Бишкекдаги тергов изоляторларидан бирининг камерасида Чингиз Жумагуловнинг жасади топилган эди. Унга пичоқ ёрдамида кўплаб жароҳатлар етказилган ва бўйнидан сўйилган.

Бу воқеадан бир неча кун аввал Доо Чингизни МХДҚ ходимлари ушлашган ва жиноий гуруҳ ташкил қилиш ва тадбиркорлардан тизимли равишда пул талаб қилишда айблашган. Уни махсус хизматлар ушлаганига қарамай, у Бишкекдаги 1-тергов изоляторига ўтказилган ва икки ҳафта ичида сўйиб кетилган.

Уюшган жиноий гуруҳ аъзоси ўлимида тергов органларининг тўққиз ходими айбланган. Улардан бири Санжар Сапарбеков бўлади.

Маълумот учун 5 млн доллар

АҚШ Давлат департаменти аввалроқ Қамчибек Қўлбоевнинг ҳибсга олиниши олиб келадиган ва унинг жиноий ташкилоти молиявий схемаларини вайрон қиладиган маълумот учун мукофот эълон қилган эди.

2007 йилда АҚШ ҳукумати Қўлбоевни Қирғизистондаги «энг таъсир кучи катта жиноий гуруҳ лидери» деб атаганди.

2011 йилда Барак Обама маъмурияти уни «хорижлик йирик наркотик сотувчиси» деб топиб, қонунга кўра унга «хорижий наркабарон» статусини берган.

2012 йилда АҚШ Молия вазирлиги Қўлбоевни «Биродарлик доираси» жиноий синдикати аъзолари рўйхатига қўшган. 2017 йилда АҚШ Молия вазирлиги Қўлбоев қонунларга беписанд ўғрилар номидан ҳаракат қилаётганини таъкидлаган.

Криминал авторитет тўғрисидаги маълумотлар учун рағбатлантириш АҚШ Давлат департаментининг трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича мукофотлаш дастури (TOCRP) доирасида тақдим этилган. Ушбу дастур ва Наркотик савдоси тўғрисида маълумотни рағбатлантириш дастури (NRP) ёрдамида у таъсис этилган 1986 йилдан буён 75 дан ортиқ трансмиллий жиноятчилар ва наркотик савдогарлари жавобгарликка тортилган.

Шов-шувли фотосуратлар

Турли сиёсатчиларнинг Қамчибек Қўлбоев билан алоқалари ҳақида доим гапириб келинган. ОАВ унинг амалдорлар ва депутатлар билан бирга тушган суратларини ижтимоий тармоқларда эълон қилиб турган.

2011 йилда Қирғизистонда можаро кўтарилади: ижтимоий тармоққа «Каприз» ҳотелида янги йил базми нишонлангани суратлари сиздирилди. Бу дам олиш зонасида парламент спикери Аҳмадбек Келдибеков ҳам бўлган. Қамчибек Қўлбоев ҳам шу ерда дам олган. Гарчи иккиси бир даврада бўлганини тасдиқловчи қўшма фотосурат эълон қилинмаган бўлса-да, 2011 йил 1 январида туширилган алоҳида икки фотосурат сиёсатчи ва уюшган жиноий гуруҳ лидери бир бинода бир вақтда бўлганини тасдиқлайди. Кейинроқ ИИВ ЖҚББ бошлиғи Тилак Алибоев бу иккиси бир кунда учрашишганини тасдиқлаган.

Қамчибек Қўлбоев (ўнгдан иккинчи) ва унинг ёнида парламент депутати Улан Чўлпонбоев
Улан Чўлпонбоев ўша тадбирда Аҳмадбек Келдибеков билан бирга.

2020 йилда ҳукумат алмашгач, Қўлбоевнинг ўша вақтдаги бош вазир ўринбосари Равшан Собиров билан бирга тушган фотоси эълон қилинди. Улар 47-жазони ижро этиш колониясида бирга жазо ўташган. Суратда криминал авторитетлардан Бақит Абдубаитов (Баха Базаркоргонский), Мики ва «положенец» Дамир Сапарбаев (лақаби Дамке, у 2015 йилда ўлдирилган) ҳам тасвирланган.

Равшан Собиров (чапдан олтинчи) Қамчибек Қўлбоев (ўртада) билан бирга жазони ўтаган.

Кейинроқ Равшан Собиров криминал авторитет билан алоқалари борлигини рад этган. Унинг сўзларига кўра, у чиндан ҳам Қўлбоев билан битта муассасада жазо ўтаган, бироқ қамоқдан сўнг у билан кўришмаган ва алоқа қилмаган.

Ўғиллар дўстлиги

Жамоатчилик резонансига сабаб бўлган яна бир фотосурат 2022 йил августида тарқалади: унда президент Садир Жапаровнинг ўғли Рустам Қамчибек Қўлбоевнинг ўғли билан бирга суратга тушган. Суратда яна Божхона хизмати раҳбарининг коррупцияда айбдор деб топилган собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг ўғли Бакай ҳам бор.

Садир Жапаровнинг ўғли ўртада, Қамчибек Қўлбоевнинг ўғли пастки чап бурчакда Ҳасбик билан бирга.

Болалар UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов ва блогер Ҳасбик билан бирга суратга тушишган.

Садир Жапаров билан алоқалар

2020 йил декабрида ўшанда Қирғизистон президентлигига номзод бўлган Садир Жапаров Қамчибек Қўлбоев билан таниш эканини тасдиқлаган. Бўлажак давлат раҳбари МХДҚ тергов изоляторида ўтирганида бир марта криминал авторитетни кўрганини айтганди.

«2010 йилдан кейин МХДҚ изоляторида ўтирганимда бизни Қамчибек Қўлбоев билан юзлаштиришди ва ўшанда уни таниганман. Ўшанда уни Саудия Арабистонидан ушлаб келтиришган. Биз бир-биримизга қарши ўтириб, терговчининг саволларига жавоб берганмиз. Терговчи 2010 йилги воқеалар тўғрисидаги ишни олиб бораётган эди. Шундан сўнг уни кўрмадим», — деган Садир Жапаров.

Лекин, кейинроқ аниқланишича, улар бир неча марта учрашишган. Қирғизистон Жогорку Кенгеши депутати Жаниш Худайбергенов Қамчибек Қўлбоев иши бўйича суд жараёнида криминал авторитетнинг уйида Садир Жапаровни кўрганини айтган. Унинг кўрсатмаларига кўра, 2010 йилда Жапаров Қўлбоевнинг уйида бўлган.

Қимматбаҳо совға-саломлар

Қамчибек Қўлбоев кўплаб криминал авторитетлар сингари миллий спортчиларни қўллаб-қувватлаган. Хусусан, у кураш бўйича жаҳон чемпиони Ойсулув Тинибековага машина совға қилгани маълум.

Спортчи қизнинг ўзи ҳам ундан совғани қабул қилиб олганини тан олган ва уни «оғам» деб атаган.

«2017 йили Парижда ўтган жаҳон чемпионатида муваффақиятли қатнашганимдан сўнг у менга яп-янги Toyota C-HR автомобилини совға қилди. Агар ростини айтадиган бўлсам, ўша йили мен жароҳат олиб, эзилиб юрган эдим, лекин сиз (Қўлбоев) мени қўллаб-қувватладингиз ва янги чўққиларни забт этишга чоғлантирдингиз. Сизга қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур билдираман», — деб ёзган чемпион қиз.

Оиласи ҳақида

Қамчибек Қўлбоевнинг беш нафар фарзанди борлиги маълум — уч қизи ва икки ўғли, неваралари ҳам бор. Уни Бишкек ва Чўлпон-Отанинг турли муассаларида оиласи билан бирга кўп кўришган. 

Қамчибек Қўлбоев катта фарзандлари билан

У фарзандларининг барча тўйларида шахсан иштирок этган. Тўнғич қизи Санирани 2017 йилда турмушга узатган. Отанинг қизи билан рақсга тушгани кадрлари ўшанда ҳам кенг муҳокама қилинган эди.

Қамчибек Қўлбоев қизи билан тўйда рақсга тушмоқда.

Иккинчи қизи Эркаойимнинг тўйи 2021 йил мартида бўлиб ўтди. Қўлбоевга Руслан исмли 25 ёшли йигит куёв бўлди. Тўй диний маросим шаклида ўтказилган, «Арзу Гранд» тўйхонасида никоҳ маросими ўтказилган.

Ижтимоий тармоқларда Қамчибек Қўлбоев онаси Мая Алиевни 70 ёшлик юбилейи билан табриклаётгани ҳақидаги ролик ҳам тарқалган эди.

Мавзуга оид