Жаҳон | 08:01 / 09.10.2023
23427
3 дақиқада ўқилади

БАА ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми ва одамлар гаровга олинишини қоралаб чиқди

БААнинг позицияси минтақадаги аксарият араб давлатлари баёнотларидан кескин фарқ қилади.

Фото: REUTERS/Ronen Zvulun

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Ташқи ишлар вазирлигининг 8 октябр, якшанба куни эълон қилган баёнотига кўра, ҲАМАСнинг Исроил шаҳар ва қишлоқларига уюштирган ҳужумлари, шунингдек, аҳоли пунктларига ракета ҳужумлари «жиддий ва шиддатли кескинлик»ни юзага келтирди.

«Вазирлик исроиллик тинч аҳоли ўз уйларидан гаровга олингани ҳақидаги хабарлардан ҳайратда. Тинч аҳоли вакиллари ҳамиша халқаро ҳуманитар қонунларга мувофиқ тўлиқ ҳимояга эга бўлиши ва ҳеч қачон можаро объектига айланмаслиги керак», — дейилади мамлакат ТИВнинг WAM давлат агентлиги томонидан эълон қилинган баёнотида.

Идора «зўравонлик авжига чиққани туфайли исроилликлар ва фаластинликларнинг ўлими» муносабати билан ҳамдардлик билдирди ва ҳар икки томонни кескинликни юмшатишга чақирди. «Халқаро ҳамжамият мулоқот, ҳамкорлик ва биргаликда яшашга қаратилган давом этаётган минтақавий саъй-ҳаракатларни издан чиқаришга қаратилган зўравонлик уринишларига қарши қатъиятли бўлиши керак», дея қўшиб қилган БАА ТИВ ва «вазиятни юмшатиш» ҳамда Исроил ва Фаластин ҳудудларида «тинчликни тиклаш учун барча минтақавий ва халқаро ҳамкорлар билан яқин алоқада бўлишини» билдирди.

Аксарият араб давлатлари Исроилни айблади

2020 йилда Исроил билан муносабатларни нормаллаштирган биринчи Форс кўрфази давлатига айланган БААнинг позицияси минтақадаги аксарият араб давлатлари изоҳларидан кескин фарқ қилади. Улардан баъзилари, хусусан, Эрон ва Сурия 7 октябр куни ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини очиқдан очиқ қўллаб-қувватлади, баъзилари эса вазиятнинг кескинлашишида Исроилнинг ўзини айблади.

Саудия Арабистони, Кувайт, Ироқ, Қатар ва Уммон ўз баёнотларида ҲАМАС ҳужуми «давом этаётган оккупация ва Фаластин халқини қонуний ҳуқуқларидан маҳрум қилиш натижаси» эканини таъкидлади. 

Шу билан бирга, Саудия Арабистонининг баёноти бироз вазмин бўлди – унда «икки томон ўртасидаги кескинлашувни зудлик билан тўхтатиш, тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва ўзини назоратда ушлаш» талаб қилинган. Ғарб давлатларининг аксарияти Исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлашини билдирган. 

Мавзуга оид