Иқтисодиёт | 14:39 / 09.10.2023
34617
7 дақиқада ўқилади

Энергорегулятор нима?

Ўзбекистонда 2024 йилдан энергетика бозори регулятори фаолият бошлайди. Хўш, у қанақа вазифани бажаради? У нима учун мустақил бўлиши керак? Прогрессив ислоҳотлар маркази эксперти Раҳматилла Убаев Kun.uz'га берган интервюсида айни саволларга жавоб берди.

Фото: Антон Петрус / Getty Images

Ўзбекистонда 2024 йилдан энергетика бозори регулятори – Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги фаолият юрита бошлайди. Агентлик фақат электр энергияси бозори бўйича ваколатли органга айланади, яъни унинг фаолияти табиий газ соҳасига тааллуқли бўлмайди. Регулятор фаолияти давомида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдор бўлиши белгиланди.

Бутун дунёда регуляторлар қандай ишлаши ва бундай орган Ўзбекистонга нега кераклиги ҳақида Kun.uz саволларига Прогрессив ислоҳотлар маркази эксперти Раҳматилла Убаев жавоб берди.

Буюк Британия тажрибасидан мисол

— Энергорегулятор дунёнинг кўпгина давлатларида бор. Ривожланган давлатлардан бири – Буюк Британия тажрибасидан мисол келтирсам, бу давлатда ўтган асрнинг 80-йилларида бизга ўхшаган муаммолари бўлган: монополия, соҳада назоратнинг йўқлиги, энергетика харажатларининг ошиб кетиши ва аҳолига энергетика сифатли ва ўз вақтида етиб бормаслиги ёки узилиши. Аввал мамлакатда электр энергиясида алоҳида, газ соҳасида алоҳида регулятор бўлган. Мамлакатда энергия ҳосил қилиш ҳам, истеъмолчиларга етказиб бериш ҳам давлат ташкилотлари томонидан амалга оширилгани учун соҳада рақобат бўлмаган. Натижада камчиликлар юзага келган.

90-йилларда “Ofgem” деган регулятор ташкил қилинган. Унга кўпроқ ваколатлар берилган: у бозордаги шароитни яхшилаши ва энергия ресурсларини ишлаб чиқаришда ҳам, етказиб беришда ҳам, хусусий бизнеснинг бозорга киришини таъминлайдиган муҳит ташкил қилиб бериши керак эди. Унга нарх сиёсатини юритиш ваколатлари ҳам берилган. Шундан кейин бозорда бошқа ташкилотлар пайдо бўла бошлади. Натижада аҳоли тўлайдиган тарифларда нархларнинг пасайиши кузатилди.

Рақобат бўлганидан кейин аҳоли таъминотчиларни танлай олган. Мисол учун, сиз битта энергия етказиб берадиган ташкилот хизматидан фойдалансангиз, унинг хизматлари сизга ёқмаса, ундан яхшироқ хизмат кўрсатадиган ва арзонроқ нарх таклиф қиладиган корхонага ўзгартира олгансиз. Рақобат бўлгани учун етказиб берувчилар мижоз учун курашиб, янада ривожланган.

“Энергорегулятор мустақил бўлиши керак”

— Энергия регуляторлари минтақавий ассоциацияси (ERRA) бор ва унга 20дан ошиқ давлат аъзо. Мамлакатлар унга аъзо бўлишда давом этяпти. Тадқиқотларни кўрсангиз, регуляторнинг мустақиллиги муҳим омил саналади. Ассоциацияга аъзо давлатларнинг аксариятида ҳам регуляторлар мустақил. Мустақил деганда у бирор вазирлик, ташкилот ёки идорага қарам бўлмасдан парламент ёки президентга ҳисобдор бўлишини тушунамиз.

Европа мамлакатларида асосий талаб – регулятор парламент ёки давлат раҳбарига ҳисобдор бўлиши шарт. Регуляторларнинг ишлаши давлатдан давлатга фарқланади, айрим давлатларда регуляторлар мустақил эмас.

Энергорегулятор энергияни ҳосил қиладиган ва етказиб берадиган ташкилотларга маълум шартлар ва ўз қоидалари асосида лицензия беради. Улар қонун-қоидаларга бўйсунмаса, регуляторда лицензияни бекор қилиш ҳуқуқи бўлади. Истеъмолчиларга энергия етказиб беришда камчиликка йўл қўйса, огоҳлантириши ва жарималар қўллаши мумкин.

Баъзи мамлакатларда регулятор тартибга соладиган соҳасига оид қонунчилик жараёнларини ўз ташаббуси орқали бошлаш ва тегишли нормативларни ўзи қабул қилиш (тасдиқлаш) ҳуқуқига эга. Баъзи мамлакатлар, масалан, Чехия ёки Полшани мисол қилсак, Европа давлати бўлса ҳам улардаги регуляторлар ўз ташаббуси билан норматив ишлаб чиқиб, тасдиқлай олмайди.

“Нарх сиёсатини юритади”

— Уларнинг яна бир асосий вазифаси – нарх сиёсатини белгилаш. Баъзи давлатларда нарх сиёсатини белгилаш регулятор вазифасига кирмаслиги мумкин. Бизда президент фармони чиқди, унга кўра, энергия бозорини ривожлантириш агентлиги – регуляторга нарх сиёсатини юритиш ҳуқуқи бериляпти. Фармонга кўра, электр энергиясини марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функциясини бажарувчи “Ўзбекэнергосотиш” АЖ ташкил этилади ва у харид қиладиган ва сотадиган нархларни регулятор белгилайди.

Худди “Ҳудудий электр тармоқлари” каби хусусий ташкилотлар ҳам пайдо бўлса, уларга сотиладиган нархларни ва бу ташкилотлар истеъмолчиларга етказиб берадиган нархларни ҳам регулятор белгилайди. Фармондан англашилишича, худди шундай бўляпти ва бу жуда яхши нарса. Чунки эртага бошқа хусусий ташкилотлар бозорга кирмоқчи бўлса, давлат ташкилоти нархга аралашмайди ва нархни сунъий ошириш ҳолатларининг олди олинади. Энергорегулятор самарали ишласа, бу соҳага инвесторларни ҳам жалб қилади.

Регуляторнинг яна бир вазифаси – истеъмолчиларга энергия билан таъминлайдиган ташкилотларни танлаш учун шароит яратиб бериш. Юқорида Буюк Британия тажрибаси ҳақида гапирдим, худди шундай регулятор рақобат муҳитини яратиб бериши керак. Шунда соҳа янада барқарорлаши мумкин.

“Ўзбекистонда энергорегулятор субсидиялар манзиллилигини таъминлаши керак”

— Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисми ҳам бор. Ҳозирда (ва бунгача ҳам) аҳолига энергетика харажатлари бюджетдан субсидияланиб келган. Лекин субсидияларнинг манзилли ва мақсадлилигини ҳам регулятор белгилаши керак. Регуляторга вазифа қўйилган: 2024 йил февралгача янги нарх сиёсатини ишлаб чиқиши керак. Бунда ижтимоий норма белгиланиши ва энергияни кўпроқ ишлатадиган аҳоли қисми кўпроқ пул тўлаши, яъни нормадан ошиқча ишлатганлар кўпроқ тўлаши белгиланиши мумкин. Агар шундай лимит қўйилса, субсидиялар манзиллилиги ошади. Ҳозир бойлар ҳам субсидия оляпти. Cодда қилиб айтганда, субсидия эгасига етиб бормаяпти.

Шундай қилиб, регулятор ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига “Ижтимоий ҳимоя реестри” ёки бошқа ресурслар орқали субсидиялар манзиллилигини таъминлаши ва улардан ортган пулларни энергетикада бошқа йўналишга ишлатиши мумкин.

Қишда соҳада қандай муаммолар борлигини ҳамма танасида ҳис қилди, шунинг учун бу регуляторнинг ўрни жуда муҳим деб ҳисоблайман.

“Регулятор мустақил бўлмаса, хавфлар бор”

— Регулятор ташкил этилишининг ўзи катта қадам деб ҳисоблайман. Чунки фармонда ҳам энергетика соҳасига бозор механизмларини жорий қилиш, соҳада бозор сиёсатини юритиш мақсади белгиланган. Бу регулятор 2024 йилдан иш бошлайди. Унгача  регулятор ўз сиёсатини ишлаб чиқиши керак. У маълум босқичга етганидан кейин, мустақил орган бўлишига умид қиламан. Чунки ҳақиқатан ҳам регулятор мустақил бўлмаган шароитда рисклар бор – нархларнинг сунъий ушлаб турилиши, рақобат кучли бўлмаслиги, молиялаштирилиши давлат томонидан бўлганидан кейин ҳукуматнинг айтганини қилишга тўғри келиши ва ҳоказо.

Шаффофлик масаласи ҳам бор. Нарх сиёсатини ишлаб чиққандан кейин электрнинг нархи нимага бунақа, харажатлар таркиби қанақа, деган саволларга жавоб бериб, нархларни асослаб қўйиш керак бўлади.

Рискларга қарамай, регулятор ташкил қилинганининг ўзи яхши нарса деб ўйлайман, унга мустақиллик берилишига эса умид қиламан.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид