ҲАМАС Ғазога янги ҳужумлар уюштирилса, гаровдаги исроилликларни қатл этиш билан таҳдид қилди
Аммо Исроил гаровга олинганлар хавф остида бўлса ҳам, Ғазо секторидаги ҲАМАС позицияларига зарба беришда давом этишини маълум қилди.
ҲАМАС гуруҳи Исроилнинг Ғазо секторига огоҳлантиришсиз уюштирган зарбаларига жавобан гаровга олинганларни қатл этишни бошлаш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда ҲАМАС ҳарбийлаштирилган қаноти бўлмиш «Иззаддин ал-Қассам» бригадалари вакили маълум қилди, деб ёзди The Times of Israel.
«Бундан буён ўз уйларидаги халқимизга огоҳлантирилмасдан қилинган ҳар қандай ҳужум, гаровга олинган фуқароларнинг қатл этилиши билан кутиб олинади, бу видео ва аудио орқали эфирга узатилади», деди гуруҳ вакили Абу Убайда.
Бироқ, Бинямин Нетаняху ҳукуматидаги юқори мартабали манба журналистларга айтганидек, Исроил гаровга олинганлар хавф остида бўлса ҳам, Ғазо секторидаги ҲАМАС позицияларига зарба беришда давом этади.
Суҳбатдошнинг аниқлик киритишича, агар Исроил мудофаа кучлари гаровга олинганларнинг жойлашуви ҳақида аниқ разведка маълумотларига эга бўлса, ҳарбийлар бу ерга ҳужум қилишдан тийилади. Аммо бундай маълумот келгунига қадар Исроил барча ҲАМАС нишонларига ҳужум қилади.
Қайд қилинишича, ҲАМАС вакиллари камида 130 нафар исроилликни гаровга олган бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
23:12 / 19.11.2024
Исроилнинг кейинги нишони Туркиями?
19:01 / 19.11.2024
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҲАМАС етакчилари Доҳада эмаслигини маълум қилди
21:10 / 17.11.2024
Туркия Исроил президентининг самолётини ўз ҳаво ҳудудига киритмади — ОАВ
20:12 / 17.11.2024