Қирғизистон криминал авторитети ўлимидан сўнг 1 миллиард долларлик мулки мусодара қилинди, ўнлаб одамлар ҳибсга олинди
Мамлакатда уюшган жиноятчиликка қарши мисли кўрилмаган операция ўтказилмоқда.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХҚ) уюшган жиноий гуруҳларга алоқадорликда гумон қилинган фуқароларни қўлга олишда давом этмоқда. Кўпгина қирғиз «криминал авторитетлари» ўз «мақоми» ва «жиноий тушунчалари»дан воз кечгани ҳақидаги видеоларни ижтимоий тармоқларда эълон қилмоқда. МХҚ қирғизистонлик йирик тадбиркорларни огоҳлантирмоқда: улар уюшган жиноий гуруҳларга молиявий ёки бошқа ҳар қандай ёрдам кўрсатгани учун жавобгар бўлишади.
Қирғизистон замонавий тарихидаги уюшган жиноятчиликка қарши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг энг йирик операцияси 4 октябрда бошланди: шу куни энг машҳур криминал авторитет Қамчибек Қўлбоев ҳибсга олинишга уриниш вақтида ўлдирилди.
Қўлбоев ўлимидан сўнг, жиноят оламининг кўплаб бошқа таниқли вакиллари оммавий равишда видеомурожаатларни ёзиб, интернетга жойлаштира бошлади.
Жумладан, «қонунга беписанд ўғрилар»дан бири Улан Тўқтосунов (лақаби «Соқол») «ўғри» мақомидан воз кечишини айтди. «Аввал қилган ҳаракатларим учун қонун олдида жавоб берганман. Ҳозир менда жиноий мақом йўқ», деди Қўлбоевнинг уюшган жиноий гуруҳи аъзоси деб аталган Қодир Дўсонов (Женго). Шунингдек, Ўш шаҳри «назоратчиси» сифатида ном қозонган Олмос Эрмебаев «ҳокимиятни қўллаб-қувватлаши ва Қирғизистон қонунларига амал қилишини» эълон этди. МХҚ маълумотларига кўра, Қўлбоевнинг уюшган жиноий гуруҳи аъзолари ҳисобланадиган яна бир қанча кишилар шундай мурожаатлар билан чиқиш қилган.
МХҚ Қўлбоевга алоқадор ўнлаб одамлар ҳибсга олинганини маълум қилди. Шунингдек, «авторитет»га тегишли деб ҳисобланган мол-мулклар хатланган ва олиб қўйилган. Разведка хизматлари ҳибсга олинган активларнинг умумий миқдорини 1 миллиард долларга баҳоламоқда, жумладан, 60 дан ортиқ автомобил ва 850 та кўчмас мулк.
«Бу Қамчибек ва унинг атрофидагиларга тегишли ноқонуний мулкларни қидириш ишларининг дастлабки натижалари, холос. Жараён мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам, хусусан, Россия, Қозоғистон, Грузия, Туркия, БАА ва Японияда ҳам давом этади», дейилади МХҚ хабарида.
Махсус хизматлар Қўлбоев уюшган жиноий гуруҳи мулкининг асосий қисми «ҳурматли тадбиркорлар, Қирғизистондаги ва хориждаги ўрта ва йирик бизнес вакиллари ҳисобидан» қўлга киритилганини даъво қилмоқда.
МХҚ раҳбари Қамчибек Ташиев қирғизистонлик тадбиркорларга мурожаат қилиб, нафақат ишбилармонлардан пул ундирганлар, балки пул ўтказган тадбиркорлар ҳам жавобгарликка тортилишини маълум қилди. «Жиноят олами аъзоларига пул берганлар буни бас қилинглар. Агар молиялаштириш давом этса, сиз жавобгар бўласиз. Жиноятчилар тадбиркорлардан, ҳатто инвесторлардан пул олиб, айримларининг мулкини тортиб олгани аниқланди. Кимки бундай хатти-ҳаракатлардан жабр кўрган бўлса, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига мурожаат қилинг», деди Ташиев.
Мавзуга оид
16:48 / 17.11.2024
Италиялик тадбиркор ўғирлаб кетилишини уюштирган ўзбекистонлик қўлга олинди
22:22 / 16.11.2024
Хитойда имтиҳондан ўта олмаган талаба оммавий қирғин уюштирди
17:30 / 14.11.2024
Қирғизистон Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун қўшниларга камроқ сув бериши мумкин
22:01 / 12.11.2024