Ўзбекистон | 08:42 / 11.10.2023
5231
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов Чехияга ташриф буюрди 

Ўзбекистон ҳукумати делегацияси расмий ташриф билан Чехияда бўлиб турибди.

Фото: gov.uz

10 октябр куни Чехия ҳукумати уйида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Чехия бош вазири Петр Фиала бошчилигида икки мамлакат ҳукумат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди

Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳолати ва истиқболдаги вазифалар кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг январ-август ойларида ўзаро савдо ҳажми қарийб 2,5 баробар ўсди. Бунга Ўзбекистон Европа Иттифоқи преференциялар бош тизимига (GSP+) қўшилгани ҳам ёрдам берди.

Бироқ, бу кўрсаткич мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги, ўзаро савдодаги дисбалансни тўғрилаш бўйича фаол ишлаш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Европа Иттифоқининг юқори стандартлари ва техник регламентларига мос келадиган тайёр маҳсулотларни экспорт қилишдан манфаатдор. 

Шу нуқтаи назардан, мамлакатда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг Европа бозорларига чиқишида ягона СЕ (Certification Europe) белгиси билан сертификатлаш мақсадида синовдан ўтказиш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.

Учрашувда инвестиция, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, транспорт, бандлик, таълим, тиббиёт, туризм каби қатор йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва уни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мавзуга оид