Барчанинг бўйнидаги масъулият – экология
Орол фожиаси, мораторийга қарамасдан дарахтларни аёвсиз кесиб ташлаш, “Яшил макон” ҳаракати доирасидаги кўзбўямачиликлар, яшилликлар ўрнига қурилишлар, Тошкентнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рўйхатига қўшилиши, буёқда кўтарилган “Ботаника боғи” машмашалари – умумий картинада Ўзбекистондаги экологик ҳолатнинг ёмонлашаётгани ҳақидаги тасаввурларни ҳақиқатга айлантиради. Ўзбекистондаги яшилликлар ҳақида “гапираётган” рақамлар ва реал вазият бир-бирига қанчалик мутаносиб? Kun.uz’нинг бу галги таҳлили мана шу тафовутлар мавзусига бағишланади.
Ўрмонларнинг умумий майдони қанча?
Рақамларга юзлансак, ХХ аср бошларидан охирги 100 йиллик ичида Ўзбекистон ўрмонларининг майдони 4-5 баравар қисқарган. Асосан тўқайзорлар ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун ажратилган. 1991 йилда ўрмон фонди 5 млн 467 минг гектарни ташкил этган бўлса, 2017 йилга келиб, 10 млн 566 минг 392 гектар, 2022 йилда эса қарийб 12 млн гектарга етган. Бу миқдор бутун Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг 26,7 фоизи ёки тўртдан бир қисмидан бироз ошади. Лекин бу мамлакатнинг шунча қисми яшил ҳудуд дегани эмас. Чунки республика ўрмон хўжаликларининг асосий қисми чўл ҳудудларини ўз ичига олиб, шулардан атиги 3,4 млн гектар, аниқроғи, Ўзбекистон жами майдонининг бор-йўғи 7 фоиздан бироз кўпроғи ўрмон билан қопланган яшил ҳудудларга тўғри келишини ҳисобга олиш керак. Уларнинг ҳам 821 минг гектаригина маданий ўрмонзорлар. Демак, мамлакат ҳудудининг атиги 2 фоизи ўрмон билан қопланган холос.
2030 йилга бориб, ўрмон фонди ерлари майдонини 14 миллион гектарга, шундан ўрмон билан қопланган ерларни 6 миллион гектарга етказиш назарда тутилгани кишини бироз умидвор қилади.
Яшил ҳудудлар кенгайганми камайганми?
2021 йил сўнгида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилиб, президент фармони билан дарахтларни кесишга мораторий муддатсиз даврга узайтирилиб, республика бўйлаб илмий ёндашув асосида ҳудудлар иқлимига мос кўчатлар экиш масаласи қатъий белгилаб қўйилди. Лекин мустақил Ўзбекистон тарихидаги бундай зарур ва фойдали умуммилий лойиҳани амалга оширишда ҳам кўзбўямачиликка йўл қўйилмоқда.
Олайлик:
• 2022 йилги баҳор мавсуми ҳисоботларида республика бўйича жами 129,6 млн дона кўчат экилгани ёзилган. Амалда эса экилмаган 6,2 млн туп кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилган, 3,4 млн туп кўчат суғориш тизими бўлмаган жойларга экилган, 2,4 млн туп кўчат сувсизлик ва етарли парвариш бўлмагани сабабли баҳор тугамасдан қуриб нобуд бўлган, ернинг табиий иқлим хусусиятларини инобатга олмаган ҳолда 341 минг туп кўчат яроқсиз ерларга экилган, 65 минг тупида кўчатлар орасида белгиланган масофа сақланмаган, дарахт экиш ишлари тизимли ташкил этилмаган, суғориш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар бириктирилмаган.
• 2023 йилнинг баҳор мавсумида эса 127,7 миллион туп кўчат ва қаламчалар экилган бўлиб, бу белгиланган режага асосан 102,2 фоизни ташкил қилгани айтилади. Бироқ экология вазири Азиз Абдуҳакимовга кўра, 2 миллиондан ортиқ кўчатлар сони ҳисоботларга қўшиб ёзилган, 1,8 миллион туп кўчатни сақлаш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар белгиланмаган, 7,3 миллион туп кўчат суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга экилган ва ҳоказо.
Мазкур статистикаларга таянадиган бўлсак, “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги тахминан 90 фоиз, яъни 100 млндан ортиқ кўчатларнинг келажагига ишониш мумкин, деган хулосага келамиз.
Кулранглашаётган яшил Тошкент
Статистик рақамлар ўз йўлига. Унда, асосан, қилинган ишлар ҳақида қоғоздаги рақамлар “гапиради”. Юқоридаги ҳисоботларга ишонилса, яқин келажак “яшил Ўзбекистон”га айланиши табиий. Аммо шу пайтга қадар қилинмаган ишлар ва мавжуд вазият ҳақидаги далилларни ҳеч нарса оқлай олмайди. Қуйида 1992, 2002 ва 2022 йиллардаги Тошкент шаҳрининг космосдан кўриниши акс этган суратларда яшил ҳудудларни йўқ қилиш эвазига шаҳар қуриш ортидан яшиллиги бой берилган пойтахтни кўриш мумкин.
Тошкентнинг сўнгги йилларда энг ифлос шаҳарлар рўйхатидан тушмай келаётгани ҳам айнан унинг қурбон қилин(аёт)ган экологияси ҳисобига эканини унутмаслик лозим. Дарахтларни кесишга мораторий эълон қилинди – бу тартибни четлаб ўтаётган “дарахткушлар” ўз ишини қилаверишди; 2023 йил Тошкент шаҳрида янги қурилишларга ҳам мораторий жорий қилиш масаласи ҳақида гапирилди. Бу орқали жорий йилда Тошкентдаги 26,8 фоизли яшиллик даражасини 28 фоизга чиқариш мақсад қилинган. Лекин яшилланишнинг камайиб кетиши фақат пойтахт эмас, бутун республика ҳудудларининг асл муаммоси экани, бироқ бу ҳақда масъуллар-у фуқаролар деярли қайғурмаётгани жуда ачинарли.
Ошдан кўра дарахт рекорди
“Тонналаб ош дамлаб рекорд ўрнатишга урингандан кўра, гектарлаб ерларни кўкаламзорлаштириш орқали рекорд ўрнатиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман”, – дея оғриқли масалага шундай муносабат билдирганди 2019 йилда ўша пайтдаги Ўрмон хўжалиги қўмитаси раиси Низомиддин Бакиров.
Фожиамиз фақат Орол эмас. Ундан хулоса олиб, кеч бўлмасидан уйғонишимиз керак! Чўллашиш, сув танқислиги, глобал исиш, бузуқ экология сабаб пайдо бўладиган касалликлар каби дунёвий муаммоларнинг ички масалаларида бизнинг лоқайдлигимиз ҳам катта сабаб аслида. Мамлакатимиз экологиясини асраш фақат ҳукумат гарданига ташлаб қўйилмайдиган, барчамиз бирдек огоҳ, сергак ва баҳамжиҳат бўлишимиз шарт бўлган масъулият эканини унутиб қўймайлик.
Сардорбек Усмоний тайёрлади.
Мавзуга оид
17:40 / 08.11.2024
“Дунёдаги дарахтларнинг 38 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида” – IUCN
20:35 / 07.11.2024
2 туп чинорни кесган шахс табиатга 199 миллион сўм зарар етказди
18:18 / 06.11.2024
Шаҳарни салқинлатиш учун қанча дарахт керак? Олимлар жавоб берди
14:20 / 24.10.2024