Жаҳон | 12:33 / 11.10.2023
8563
2 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Ғазога зарбалари оқибатида 10 га яқин журналист ҳалок бўлди

Фаластин маъмуриятининг маълум қилишича, яна етти нафар журналист яраланган, икки нафари бедарак йўқолган.

Фото: Anadolu Agency

7 октябрдан бери Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбалари оқибатида камида 8 нафар оммавий ахборот воситалари ходими ҳалок бўлди.

Бу ҳақда Фаластин ҳукумати матбуот хизмати баёнотида айтилади.

Баёнотга кўра, яна етти нафар журналист яраланган, икки нафари бедарак йўқолган.

Матбуот хизматининг қайд этишича, Исроил ҳужумлари чоғида уч журналистнинг уйи бутунлай вайрон бўлган, Ғазода фаолият юритаётган 40 та ОАВ офислари ҳаво ҳужумлари нишонига айланган.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАС ҳарбий қаноти бригадалари Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар учирилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Сешанба куни Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, Исроилнинг Ғазо сектори ва Ғарбий соҳилда уюштирган ҳужумларида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 900 нафарга етди, улардан 260 нафари болалар ва 200 нафари аёллар. Идора маълумотларига кўра, ярадорлар сони 4250 кишидан ошади. 

Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги ҳужумларда камида 1200 исроиллик ҳалок бўлган ва 2600 дан ортиқ киши жароҳатланган. 

Мавзуга оид