Ўзбекистон | 16:24 / 11.10.2023
10002
2 дақиқада ўқилади

Пойтахт метро вагонларининг 75 фоизи фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган – “Тошкент метрополитени”

Метрополитен тасарруфида ҳозирги кунда 256 та вагон мавжуд бўлиб, шуларнинг 75 фоизи 80-89 йилларда ишлаб чиқарилган. Масъулларга кўра, бу вагонларнинг хизмат қилиш муддати ўтган бўлса-да, улардан ҳанузгача фойдаланилмоқда.

Фото: Kun.uz

АОКАда 11 октябр куни ўтказилган матбуот анжуманида йўловчиларга хизмат кўрсатаётган метро поездларининг айни вақтдаги ҳолати ҳақида маълумот берилди. “Тошкент метрополитени” ДУК бош муҳандиси Абдутоҳир Абдуқодиров ҳозирда пойтахт метрополитенида 64 та ҳаракат таркиби, 256 та вагон мавжудлигини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, вагонларнинг хизмат қилиш муддати 31 йил деб белгиланган. Ваҳоланки, вагонларнинг 196 таси, яъни 75 фоизи 80-89 йилларда ишлаб чиқарилган.

Абдуқодировнинг қўшимча қилишича, шу йиллар давомида жами поездларнинг 27 таси модернизация қилинган. Лекин умри узайтирилгани билан бу ҳаракат таркибларидан фойдаланиш муддати ўтиб бўлган, шунда ҳам улардан фойдаланиб келинмоқда.

“Шунинг учун бу жараёнда турлича носозликлар кузатилиб, бунинг ортидан эътирозлар юзага келмоқда”, – дейди метрополитен ходими. 

Қўшимча қилинишича, янги ҳаракат таркибларининг 60 таси ерусти ҳалқа йўли ва Чилонзор линиясида хизмат кўрсатмоқда. Йилнинг охиригача яна 56 та худди шундай янги поездларни сотиб олиш кўзда тутилган. 2024 йилнинг ўзида 104 та вагон олиб келиниши режа қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил сўнгигача пойтахт метрополитенига 14 та янги ҳаракат таркиби олиб келиниши ҳақида ўтган йили декабрнинг охирида маълумот берилганди. Kun.uz манбаларига кўра, уларнинг бирортаси ҳали келтирилганича йўқ.

Келиши кўзда тутилаётган янги метро поездлари Россиянинг «Метровагонмаш» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, унда 250-300 нафар йўловчи бемалол кетиши мумкин бўлади. Ҳаракат таркибларининг сони ортиши билан интервалнинг 1,5 дақиқаларгача қисқариши кутилмоқда.

Мавзуга оид