Президент Хитойда Ўзбекистон туристик салоҳиятини кенг тарғибот қилиш бўйича топшириқ берди
Вилоятлар ҳокимларига туристларни жалб қилиш мақсадида Маданият вазирлиги билан бирга ҳар ой йирик маданий тадбир ўтказиш вазифаси юклатилди.
Йиғилишда давлат раҳбари дунёдаги ҳозирги мураккаб вазиятда ҳар бир давлат турист жалб қилиш учун барча имкониятларини ишга солаётганини кўрсатиб ўтди. Биз ҳам бундай кескин рақобат шароитига мос бўлиб ишлашимиз шартлиги қайд этилди.
Бунда, энг аввало, қўшни давлатлардан, Россия ва Хитойдан сайёҳларни жалб қилиш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Масалан, Хитойнинг ҳамма провинцияларига бориб, ҳудудларимиз туристик салоҳиятини кенг тарғибот қилиш, Хитойдан Самарқанд, Бухоро, Хоразмга, Сурхондарё ва Фарғона водийсига авиақатновларни йўлга қўйиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Бу йил Ҳиндистон, Япония, АҚШ, Италиядан сайёҳ кўпайди. Лекин, Малайзия, Индонезия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Миср, Қатардан ҳамда Европадан туристларни жалб қилиш ишлари суст экани таъкидланди. Ушбу мамлакатлардаги элчиларга ва вилоят ҳокимларининг туризм бўйича ўринбосарларига туристларни жалб қилиш бўйича ишларни кучайтириш топширилди.
Келгуси ҳафта Самарқанд шаҳри илк бор Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси йиғилишига мезбонлик қилади. Президент ушбу тадбир ҳокимларга мамлакатимиз туризм салоҳиятини кўрсатиш учун катта имконият эканини таъкидлади.
Ҳар бир вилоят ҳокими ўз делегациялари билан вилоятининг табиати, тарихи, маданияти, овқатлари, зиёратгоҳлари, сайёҳлик масканлари ва маршрутларини намойиш қилиши, туризм лойиҳалари бўйича келишувга эришиши шартлиги қайд этилди.
Йиғилишда маданий тадбирларни кўпайтириш туристларни жалб қилишда катта имконият экани таъкидланди.
Бундай тадбирлар Бухоро, Навоий, Наманган, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятларида кўп ўтказилаётгани, лекин Сирдарё, Жиззах, Сурхондарё вилоятларида бу борадаги ишлар қониқарсиз экани айтилди.
Вилоятлар ҳокимлари Маданият вазирлиги билан биргаликда ҳар ой йирик маданий тадбир ўтказиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Туман ва шаҳарларда кўп сайилгоҳ, хиёбон, истироҳат боғлари, театр ва маданият уйлари бўш тургани, на туристларни, на аҳолимизни ўзига жалб қила олаётгани қайд этилди. Ҳудудлар раҳбарларига бу жойларда мусиқий, кўнгилочар ва маърифий тадбирларни мунтазам ташкил этиб боришга топшириқ берилди.
Жаҳон амалиётида туризм салоҳиятини тарғиб қилишда кино, сериал ва ҳужжатли фильмлардан кенг фойдаланилмоқда. Шу боис, Кинематография агентлигига миллий тарихимиз бўйича камида 50 та бадиий, ҳужжатли ва мусиқали асарлар яратиш дастурини ишлаб чиқиш топширилди.
Президент туризм объектларида санитария ва озодаликка эътиборни янада кучайтириш лозимлигини қайд этиб, бу бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.
Яна бир муҳим масала – соҳа кадрларининг салоҳиятини ошириш. Туризм қўмитасига «Ипак йўли» халқаро туризм университети билан биргаликда сервис сифати ҳамда соҳа ходимларининг малака ва маданиятини ошириш бўйича ўқитиш тизимини яратиш топширилди. Бунда меҳмонхона ва ресторан иши бўйича четдан мутахассислар таклиф қилиниб, ҳар бир вилоятда ўқув курслари ташкил қилинади.
Шунингдек, хушмуомала бўлиш, табассум қилиш, озодалик бўйича қисқа ҳажмли таъсирчан ижтимоий видеороликларни тайёрлаб, барча телеканаллар, ижтимоий тармоқлар ва экранларда мунтазам кўрсатиб бориш муҳимлиги таъкидланди.
Мавзуга оид
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024
Ўзбекистонга хориждан келган сайёҳлар сони маълум қилинди
22:45 / 24.10.2024