Жаҳон | 23:45 / 12.10.2023
9469
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Эроннинг 6 млрд доллар маблағини яна музлатиб қўйиши мумкин 

Аввалроқ, Қўшма Штатлар маҳбуслар алмашинуви келишуви доирасида Эронга ушбу маблағларни қайтаришга рози бўлган эди. 

Фото: Getty Images

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, Оқ уй «маҳбуслар алмашинуви» келишуви доирасида Эронга қайтарилган 6 миллиард долларни яна музлатиб қўйиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Маблағлар Қатар банкида сақланмоқда. 

«Биз ушбу маблағларни қаттиқ назорат қиламиз ва уларни музлатиш ҳуқуқини ўзимизда сақлаб қоламиз», деди у. 

Блинкеннинг таъкидлашича, бу пуллар АҚШ Молия вазирлиги томонидан назорат қилинади ва фақат гуманитар эҳтиёжлар учун ишлатилиши мумкин. Бу маблағ Эронга топширилмасдан, фақат озиқ-овқат, дори-дармон ва тиббий жиҳозларга сарфланиши мумкин, деди АҚШ Давлат котиби. 

Аввалроқ АҚШ Вакиллар палатасининг собиқ спикери Кевин Маккарти президент Жо Байденга мурожаат қилиб, Эронга қайтарилган 6 миллиард долларни яна музлатиб қўйишга чақирган эди. ҲАМАС Исроилга ҳужум қилганидан сўнг, шундай чора кўриш керак, деди Маккарти. 

«Байденнинг тинчлантириш сиёсати, жумладан, маҳбуслар алмашинуви доирасидаги пул ҳам тўхтатилиши керак... Унинг сиёсати террорчиларни фақат руҳлантирган», деди Маккарти. 

Аввалроқ, Давлат департаменти Эрон томонидан қамоққа олинган беш нафар америкалик фуқарони озод қилиш эвазига мамлакатнинг Жанубий Кореяда музлатилган 6 миллиард долларлик активларини қайтаришга рози бўлган эди. Шундай бўлишига қарамай, Эронга қарши санкциялар юмшатилмаслиги айтилди.

Мавзуга оид