«Биз транспорт коллапсига яқинлашмаяпмиз, балки аллақачон унинг ичидамиз» — блогер пойтахтдаги тирбандликлар ҳақида
Тошкент шаҳридаги тирбандликлар ҳамон кун тартибида қолмоқда. Аввал пойтахтнинг бир нуқтасидан иккинчисига етиб олиш учун 20-30 дақиқа кетган бўлса, энди бу вақт 45-60 дақиқани ташкил этмоқда.
«Автомобилга эгалик қилиш қиммат ва ноқулай бўлиши керак» — дейди блогер Никита Макаренко Тошкентдаги охири йўқ тирбандликлар ҳақида.
У тирбандликларни бартараф қилиш бўйича барча ечимлар мавжудлигини, фан томонидан исботланганини, жавоблар топилганини қайд этиб, бироқ пойтахтда ҳеч ким буни жорий этишга ҳаракат қилмаётганини таъкидлади. Макаренко бу борада энг оддий «йўл харитаси»ни ҳам келтиради:
- кўчалар жамоат транспорти ҳамда пиёдаларга устуворлик берган ҳолда режалаштирилиши керак;
- жамоат транспорти шахсий автомобилдан тезроқ бўлиши шарт;
- шахсий автомобилга эгалик қилиш қиммат ва ноқулай бўлиши лозим.
Блогер буларнинг барчасини бир вақтда амалга ошириш керак деб ҳисоблайди.
«Бири иккинчисига боғлиқ. Дастлабки иккитаси ҳақида мен ва бошқа журналистлар йиллар давомида ёзиб келяпмиз. Бироқ бундан ҳозирча наф йўқ. Учинчиси эса жуда кам муҳокама қилиняпти. Лекин бошлаш керак. Шаҳарсозликка замонавий ёндашув олдида шундай вазифа бор: автомобиль ҳашаматга айланиши керак. Бунинг учун дунёда турли усуллар қўлланилади.
Асосан:
- кўча ва ҳовлиларда ҳеч қандай бепул парковка йўқ — барча парковка қилиш мумкин бўлган жойлар рақамланган ва улар жуда қиммат туради;
- шаҳарга кириш учун тўлов (масалан, Лондондаги каби);
- автомобилни давлат рўйхатидан (қайта ўтказиш ҳам) ўтказиш ўта қиммат;
- автомобилга эгалик учун тўғридан тўғри солиқ».
Макаренко Тошкентдаги тирбандликларни бартараф қилиш учун биринчи ва учинчи усулни қўллашни бошлаш кераклигини айтмоқда.
«Автотураргоҳ ҳуқуқ эмас, балки имтиёзга айланиши лозим. Автомобилни давлат рўйхатидан ўтказиш эса арзон бўлиши керак эмас, бу қиммат ва ўйлаб босилган қадам бўлиши лозим», — дейди блогер.
Kun.uz пойтахтдаги тирбандлик муаммоси, унинг ечимлари ҳақида қатор мақолалар, мутахассислар билан суҳбатлар эълон қилган. Шаҳарсоз Искандар Солиев Kun.uz билан суҳбатда шаҳар ичида йўл ўтказгичлар, эстакадаларга эҳтиёж йўқлигини, муаммоларни чорраҳаларда светофорлар билан ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлаганди.
Германияда таълимни давом эттираётган шаҳарсоз Ҳусан Муқимов Kun.uz билан суҳбатда шаҳарларда автомобилларни камайтириш муҳимлигини, энг катта принцип, қонун-қоида — шаҳарларнинг автомобиллар учун эмас, одамлар учун бўлиши кераклигини қайд этганди.
«Автмобил олдим, шаҳар менга текин автотураргоҳ қилиб бериши керак деган тушунча энг катта нотўғри тушунчадир. Ўзбекистон шароитида ҳар минг кишига 85 та автомобиль тўғри келаётган бўлса, бу қолган 900-800 нафар одам автомобилсиз юради дегани. Қолган пиёдалар ҳисобидан, солиғидан, уларнинг ҳаракатланишга ҳаққи бўлган жамоат жойлари, истироҳат боғлари ҳисобидан автомобилларни «парковка» қилиш керак эмас. Автомобилсиз юрадиган одамнинг қайсидир миқдордаги харажатлари «парковка»ни таъминлашга кетади», — деган эди шаҳарсоз.
Мавзуга оид
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024