«Қаерга борайлик?» — Исроил авиазарбаларидан яширинишга жой қолмаган Ғазодан репортаж
Маҳаллий аҳоли Миср билан чегарадаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти орқали ҳам Ғазодан чиқиб кета олмайди.
BBC мухбири Рушди Абу Алуф сўнгги кунларда ҲАМАС ҳужумига жавобан муттасил тарзда ўққа тутилаётган Ғазо секторида бўлиб, маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди.
«Биз қаерга боришимиз керак? Ҳудудимизда тинч ва чиройли, хавфсиз жой қолдими?» — дея сўрайди мендан Рималдаги кўп квартирали уйлардан бирида яшовчи киши киноя билан.
Бу ерда ўтказилган етти соат ҳаётимдаги энг оғир дамлар бўлди. ҲАМАСнинг Исроил жанубига мисли кўрилмаган ҳужумига жавобан Исроил жанговар самолётлари зарбаларнинг яна бир сериясини амалга оширди.
Бомбардимон ўнлаб турар жойлар, телекоммуникация компаниялари офислари ва Ғазодаги Ислом университети биносига жиддий шикаст етказди.
Бу ҳудуд якшанбадан душанбага ўтар кечаси ҳам бутун тун давомида қўрқинчли портлашлардан зириллаган. Ҳаммаёқдан болаларнинг йиғиси эшитилади, ҳамма мижжа қоқмай чиқади. Ғазонинг энг фаровон ва тинч ҳудуди бўлган Римал аҳолиси бу тунни узоқ вақтгача унута олмайди.
Тонг отиши билан зарбалар интенсивлиги пасаяди ва маҳаллий аҳоли вакиллари вайронгарчилик кўламини англай бошлайди.
Ғазонинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган квартал инфратузилмаси жиддий шикастланган, бу ердан олиб чиқувчи йўллар тўсилиб қолганди.
Мен туман бўйлаб ҳаракатланар эканман, бу ерда зилзила бўлгандек тасаввур уйғонарди.
Атрофда биноларнинг қолдиқлари, синган ойналар ва қувурларнинг узилиб кетган қисмлари сочилиб ётарди. Вайронгарчилик кўлами шундай эдики, мен бу ердаги уйларнинг баъзиларини умуман танимадим.
«Мен барчасидан айрилдим. Беш фарзандим яшаган квартира шу ерда жойлашганди. Бинонинг пастки қаватида жойлашган озиқ-овқат дўконим бутунлай вайрон бўлди», — дейди қўлида ўз қизи Шаҳдни кўтариб олган маҳаллий аҳоли вакили Муҳаммад Абу ал-Касс.
«Биз қаерга борамиз? Бизда энди иш ҳам, бошпана ҳам йўқ», — дея қўшимча қилган у.
«Менинг уйим ва дўконим ҳарбий нишонми, Исроил?» — дейди ва оддий фуқароларни ўққа тутмаслигини айтиб келадиган исроиллик ҳарбийларни иккиюзламачиликда айблайди.
Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, исроиллик ҳарбийларнинг душанба кунги авиазарбалари оқибатида 300 киши ҳалок бўлган, шундан учдан икки қисми – тинч аҳоли вакилларидир.
Бу кун сўнгги йиллардаги энг кўп ўлим кузатилган кунга айланди.
Куннинг иккинчи ярмида Ғазонинг шимоли-шарқида жойлашган, аҳоли жуда зич яшайдиган Жабалия қочқинлар лагерида ҳам 15 киши ҳалок бўлган.
Исроиллик ҳарбийлар ҲАМАС қўмондони уйига ҳужум уюштирганини маълум қилган, аммо қўшни уйлар ҳамда яқиндаги бозорда бўлган одамлар ҳам зарба оқибатида ҳалок бўлишган.
Гуманитар инқироз кучайиб бормоқда
Ғазо секторидаги соғлиқни сақлаш тизими «ҳалокат ёқасида». Бу ҳақда Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ғазо секторидаги вакили Ашраф ал-Кудрага асосланган ҳолда CNN хабар берди. Унинг сўзларига кўра, шифохоналарнинг интенсив терапия бўлимларида янги беморлар учун бўш жойлар қолмаган, ярадорлар сони эса операция заллари имкониятларидан ортиқни ташкил этмоқда.
Қизил Хоч халқаро қўмитаси Ғазодаги шифохоналар Исроил блокадаси доирасида электр энергияси ўчиши ортидан «ўликхоналарга айланиш хавфи остидалиги»дан огоҳлантирган.
Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, 1354 нафарга етган, шундан 300 дан ортиғи болалар. 6 мингдан ортиқ киши яраланган.
Аҳолиси ҳаддан ташқари кўп бўлган ушбу кичик ҳудудда шусиз ҳам оғир бўлган гуманитар инқироз янада чуқурлашмоқда.
ҲАМАС ҳужумига жавобан Исроил «тўлиқ қамал» жорий этиб, барча етказмаларни тўхтатгач, Ғазода яшовчи 2,2 миллиондан ортиқ аҳоли озиқ-овқат, ёнилғи, электр ва сув танқислигини бошдан кечирмоқда.
ҲАМАС аъзоларининг 7 октябр куни Исроилга уюштирган ҳужуми оқибатида 1300 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, минглаб кишилар яраланган, яна 150-200 киши гаровга олинган.
«XXI асрда биз сув ва электрсиз яшашимизни тасаввур қила оласизми? Фарзандим учун тагликлар қолмади ва фақат ярим шиша сут бор», — дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Ваад ал-Муғраби Рималда унинг уйи ёнида вайрон бўлган биноларга қараб туриб.
«Исроилга менинг чақалоғим ҳужум қилганмиди?» – дея ёзғиради аёл.
Ғазони тарк этиб ҳам бўлмайди
Ғазода шанба куни фаолиятини бошлаган супермаркет эшиклари ортида узун навбатлар ҳосил бўлган. Можаро номаълум муддатга чўзилишидан хавфсираётган бу кишилар нимадир сотиб олишдан умид қилишмоқда. Мева ва сабзавотларнинг асосий қисми Ғазо жанубида етиштирилади, ёнилғи етишмовчилиги эса уларни ҳудуд шимолига етказиб беришни қийинлаштиради.
Айни вақтда Ғазога Мисрдан озиқ-овқат ва бошқа бирламчи зарур маҳсулотлар кириб келиши ҳам тўхтаган, ушбу қўшни давлат секторда 2007 йилда ҲАМАС ўз ҳокимиятини ўрнатганидан буён хавфсизлик нуқтайи назаридан Исроил билан биргаликда бу ерни қатъий блокада қилади.
Сешанба куни исроиллик ҳарбийлар Ғазо аҳолисига бўлажак зарбалар олдидан секторни тарк этишни таклиф қилди.
Аммо Ғазо ва Миср чегарасидаги ягона назорат ўтказиш пункти бўлган «Рафаҳ» — бир кун ўтиб ёпиб қўйилди, исроиллик ҳарбийлар унинг сектор томонидаги қисмига зарба йўллаганидан кейин Миср ҳукумати хавфсизлик нуқтайи назаридан шундай қарорга келган. Бунгача ҳам пункт орқали кунига фақат 400 киши ўтиши мумкин эди, энди Ғазони тарк этиш амалда имконсиз ишга айланди.
Исроил ва Ғазо чегараси ҳам ёпиқ. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари соҳил чизиғини назорат қилмоқда, шу туфайли қайиқлар орқали сузиб кетиш ҳам ўта хавфли.
Пайшанба куни Қизил хоч халқаро қўмитасининг юқори мартабали мулозими Фабрицио Карбони Ғазо секторидаги
гуманитар вазият тезлик билан «бошқариб бўлмас» ҳолатга ўтаётганини маълум қилди.
Уруш бошлангач ўз уйларини тарк этган одамларнинг аксар қисми БМТ бошқаруви остидаги мактабларда яширинмоқда. Айримлар келажагидан хавотирланиб бундай жойларга бориб жойлашаётган бўлса, қолганларнинг тунайдиган бошқа жойи қолмаган.
Ғазоликларнинг бир қисми биноларнинг ертўлаларида яширинмоқда, лекин бу бинолар қуласа, улар учун тобутга айланади. Душанбага ўтар кечаси ертўлалардан бирида 30 оила қамалиб қолган.
«Олдинги уруш вақтида шаҳарнинг бу қисми Исроил билан чегарадош ҳудудларда яшовчилар учун хавфсизлик ороли вазифасини ўтаганди», дейди Рималда яшовчи Муҳаммад ал-Муғраби.
Исроилнинг душанба куни кечқурун йўллаган зарбалари энди Ғазодаги ҳеч қайси жой хавфсиз эмаслигини кўрсатди.
Мавзуга оид
22:15 / 26.12.2024
Исроил авиацияси Яман пойтахти аэропортига зарба берди
15:21 / 26.12.2024
Исроил ҲҲК қўмондони Ямандаги ҳусийчиларга ҳужумларни кучайтириш билан таҳдид қилди
19:00 / 25.12.2024
“Матрица”нинг бузилиши ва тарихий ордер
14:07 / 25.12.2024