Спорт | 22:28 / 12.10.2023
18024
2 дақиқада ўқилади

ХОҚ Россия олимпия қўмитасини четлатди 

Россия олимпия қўмитаси Украинанинг босиб олинган ҳудудлари ташкилотларини аъзоликка қабул қилгани учун жазоланди. 

Фото: Eurosport

Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Россия олимпия қўмитаси (РОҚ) фаолиятини «кейинги билдиришномага қадар» тўхтатиб қўйди. Бу шуни англатадики, Россия Олимпия қўмитаси Олимпия ҳаракатидан ҳеч қандай маблағ ололмайди, шунингдек, Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) сифатида фаолият юритиш ҳуқуқига эга эмас. 

Бунга «Украина Миллий олимпия қўмитаси юрисдикциясидаги минтақавий спорт ташкилотларини аъзоликка қабул қилиш ҳақидаги бир томонлама қарор» сабаб бўлган. Гап Украинанинг босиб олинган ҳудудлари - Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожйе ташкилотлари ҳақида кетмоқда. 

«Бу Олимпия Хартиясининг бузилиши ҳисобланади, чунки у ХОҚ томонидан тан олинган Украина МОҚ ҳудудий яхлитлигининг бузилишини англатади», дейилади ХОҚ баёнотида. 

Шу билан бирга, ХОҚ «Россия паспортига эга айрим нейтрал спортчилар»нинг 2024 йилда Париждаги Олимпия ўйинларида ҳамда 2026 йилда Италияда бўлиб ўтадиган Қишки Олимпия ўйинларида иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. 

Шунингдек, ХОҚ Ижро кенгаши вазиятнинг ривожланишига қараб ҳар қандай кейинги қарорлар ёки чораларни қабул қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. 

7 октябр куни Россия Олимпия қўмитаси ўз таркибига тан олинмаган Луганск Халқ Республикаси Олимпия кенгашини киритгани ҳақида хабар берган эди.  

 

Мавзуга оид