Барчамиз учун виждон иши ва келажак кафолати: сувдан оқилона фойдаланиш нима учун зарур?
Сув — ҳаёт рамзи. У шунингдек саломатлик, озиқ-овқат, энергия ва атроф-муҳит учун энг муҳим ресурсдир. Бироқ бу муҳим ҳаётий ресурснинг ҳам захиралари чекланган. Сувни тежаб ишлатишни ўрганмас эканмиз, яқин келажакда бунинг аламли оқибатлари билан яшашимизга тўғри келади.
Мамлакатимизнинг ўзида ҳам сув манбалари бир текис жойлашмаган. Баъзи ҳудудларда сув етарли, мўл-кўл бўлса, айрим вилоятларимизга ичимлик тоза ва ширин сув юзлаб чақирим узоқдан машиналарда ташиб келтирилади.
Қуйидаги жадвалда ҳудудлар кесимида республикамиз аҳолисининг ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси акс этган:
Сув ресурслари тақчиллиги муаммоси бўй кўрсатмоқда
Айрим тадқиқотларга қараганда, глобал иқлим ўзгариши натижасида сўнгги 50–60 йил давомида Марказий Осиёдаги юксак тоғликлардаги музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган. Прогнозларга кўра, 2050 йилга бориб чучук сув танқислиги минтақада ялпи ички маҳсулотнинг 11 фоизга пасайишига олиб келиши мумкин.
Глобал иқлим ўзгариши, Ўзбекистонда аҳоли сони ўсиб бораётгани, иқтисодиётнинг турли тармоқлари кузатилаётган жадал ривожланиш ва улардаги сувга бўлган талаб ўсиши туфайли сув ресурслари тақчиллиги йилдан йилга ортиб бормоқда. Ўзбекистонда мавжуд чучук сув ҳажми қисқариши туфайли сув танқислиги ва қурғоқчилик хавфи сезиларли даражада ошмоқда.
Фуқаролар ташаббусни ўз қўлига олиши керак
Тоза ичимлик сув билан таъминланганлик — аҳоли турмуш даражасининг энг муҳим кўрсаткичларидан биридир. Бинобарин, марказлашган ичимлик сувнинг асосий истеъмолчиси сифатида аҳоли узатилаётган сувни тежаш жараёнида фаолроқ рол ўйнаши керак.
Бироқ ҳозирги вақтда бизда сувни тежаб ишлатиш масаласига деярли эътибор қилинмайди. Бундай масъулиятсиз муносабат советларнинг режалаштирилган иқтисодиёти, яъни истеъмолчиларни сувдан тежамкор ва оқилона фойдаланишга ундовчи бирор бир чора кўрилмаган бир даврда шаклланган. Чунки у пайтларда сув таъминоти харажатларининг асосий қисми давлат бюджети ҳисобидан субсидияланган.
Истеъмолчиларнинг сувдан нооқилона фойдаланиши, бир томондан, сувдан фойдаланиш ва тўлов маданияти пастлиги, иккинчи томондан, аҳолида сувни тежашга рағбатлантиришнинг ўзи йўқлиги билан боғлиқ.
Шу боисдан бугунги кунда сув тарифларини шакллантиришда бозор муносабатларига ўтиш муаммоси жуда долзарбдир.
Бозор — сувни тежашга туртки берувчи энг кучли мотивация
Aмалиёт шуни кўрсатадики, аҳолининг сувдан оқилона фойдаланиши кўп жиҳатдан ҳар бир истеъмолчининг тўловларни камайтиришдан шахсий манфаатдорлигига боғлиқ.
Бошқа томондан, аҳоли ўртасида сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш, бу тушунтириш ишларини «боғча – мактаб – университет» тамойилида, энг муҳими, оилада доимий олиб бориш зарур.
Бу ҳолатда қуйидаги йўналишлар ва чоралар энг тез ва энг кўп самара бериши мумкин:
- бутун аҳоли томонидан ичимлик сувдан максимал даражада тежаб фойдаланиш. Сув масаласи нафақат муқаддас динимизда, балки ота-боболаримизнинг маданиятида, бутун ўзбек менталитетига сингиб кетган. Аслида, биз ана шу қадриятларимизга шунчаки амал қилсак етади.
- ичимлик сув таъминотидаги қоидабузарлик ҳолатларига чек қўйиш ва уларга қарши қатъий курашиш. Сувни ўғирлаб ишлатиш, ичимлик сувида машина ва гилам ювиш, бассейн суғориш, ҳовлига сув сепиш ва боғни суғориш каби бошқа мақсадларда фойдаланиш, исрофгарчиликларга йўл қўйиш кабилар ана шундай ҳолатларга мисол бўла олади. (Мисол учун: Биргина 2023 йил бошидан буён сув таъминоти бўйича қоидабузарлик ҳолатларидан етказилган зарар 67,7 млрд сўмни ташкил этган).
- томчилатиб суғориш технологияларини кенг жорий қилиш. Бу усул ёрдамида сув сарфи кескин камайиши, меҳнат унумдорлиги, ҳосилдорлик, молиявий фойда бир неча баробар ортиши аллақачон исботланган.
- экин майдонларидаги мавжуд суғориш-дренаж тармоқлари устидан қатъий мониторинг олиб бориш;
- суғориш майдонлари учун сув олиш лимитларини белгилаш;
- сув омборларидаги ресурслардан фойдаланишни тўлиқ назоратга олиш.
Энг кучли таъсир кўрсатувчи омил — бу, шубҳасиз, сув нархидир. Тарифларни кескин ошириш йўли билан бўлса-да, нормал даражага етказиш сув исрофгарчилигига чек қўйишга ёрдам бериши аниқ. Бозор қонунлари ҳар қандай замонда, ҳар қандай шароитда ишлаган ва бундан кейин ҳам ишлайди.
Марказий Осиёда ичимлик сув учун тўлов нархи энг юқори мамлакат Қозоғистон ҳисобланади. Мамлакатда сув тарифлари ҳудудларга қараб аҳолига 1 метр куб сув учун 73 тангадан (1905 сўм) 304 тангагача (7934 сўм) нарх белгиланган.
Дунёдаги энг қиммат тарифлар Европада. Хусусан, Норвегияда 1 метр куб сув нархи 5,51 евро (71 минг сўм), Германияда 4,67 евро (60 минг сўм), Данияда 4,43 евро (57 минг сўм) ва Нидерландияда 3,99 евро (51 минг сўм). Бундай нарх шароитида сувнинг ҳар бир томчиси қадрланишига шубҳа йўқ.
Машҳур океаншунос Жак Ив Кусто «Ер — ҳаммамизнинг умумий уйимиз, сув эса танамизнинг қони», деган эди. Биламизки, томирдаги қон миқдори камайса ё таркиби бузилса, организм касалликка чалиниб, оғир аҳволга тушади.
То тирик эканмиз, биз сувга доимо муҳтожмиз. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши гаровидир. Тўғри, тоза ичимлик сувни узлуксиз етказиб бериш, сув бормаган ҳудудлардаги аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш, қишлоқ хўжалигига сув етказиб бериш йўналишида катта ишлар бошланган, улар давом этмоқда.
Бироқ сувдан оқилона фойдаланиш маданияти туриш-турмушимизнинг ажралмас қисмига айланмас экан, бу йўналишда сезиларли муваффақиятларга эришиш қийин бўлади.
Сув нархлари либераллаштирилиши истеъмолчилар хулқ-атворига таъсир қилиб, ундан хўжасизларча фойдаланиш одатларига чек қўйишга хизмат қилади. Акс ҳолда, биз мамлакат учун ўта қадрли ресурс бўлган ичимлик сувдан машина ювиш, томорқани суғориш, ёзда бассейн тўлдириш ва микроклимат ясаш учун фойдаланишда давом этаверамиз. Қолаверса, бу чоралар соҳа корхоналарининг иқтисодий аҳволини яхшилаш, республика аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш бўйича эълон қилинган режалар ва мақсадларга эришишда ёрдам беради.
Мавзуга оид
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
08:48 / 08.11.2024
Сув таннархи ошиб кетаётган ҳудудлар маълум қилинди
21:48 / 28.10.2024