Жаҳон | 23:27 / 13.10.2023
13162
2 дақиқада ўқилади

ЕКПА Путинни ноқонуний, Россияни эса диктатура деб тан олишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди 

Шунингдек, Россия президентини жавобгарликка тортиш учун махсус халқаро жиноий трибунал ташкил этиш тарафдори эканини тасдиқлади.

Фото: Getty Images

Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси (ЕКПА) Европа Иттифоқи давлатларини Владимир Путиннинг амалдаги президентлик муддати тугаганидан кейин уни ноқонуний деб тан олишга чақирувчи резолюцияни маъқуллади. Шунингдек, унда Россия билан барча алоқаларни тўхтатишга чақириқ бор. Гуманитар ва тинчликка эришиш учун қилинган алоқалар бундан мустасно. 

Резолюцияда таъкидланганидек, Путин 2000 йилдан бери ҳокимият тепасида бўлиб, бундай узоқ президентлик даврида кучли парламент, мустақил суд тизими, эркин оммавий ахборот воситалари ва фаол фуқаролик жамияти кўринишидаги ўзаро назорат ва мувозанатнинг йўқлиги Россияни де-факто диктатурага айлантирди. 

Бундан ташқари, ЕКПА Россиянинг Украинага қарши давом этаётган тажовузини ҳисобга олган ҳолда диктатуралар халқаро тинчлик ва хавфсизликка, шунингдек, қўшниларининг ҳудудий яхлитлигига таҳдид солаётганини таъкидлади. 

Бундан ташқари, ЕКПА Россия етакчиларини, жумладан Владимир Путинни Қримнинг ноқонуний аннексияси ва Донбассдаги урушдан тортиб MH17 рейси самолёти уриб туширилишигача бўлган ҳаракатлар учун жавобгарликка тортиш учун махсус халқаро жиноий трибунал ташкил этиш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади. 

2022 йил февралида Европа Кенгаши Россиянинг ўзини ўзи эълон қилган ЛХР ва ДХР мустақиллигини тан олгани, шунингдек, Украинага бостириб киргани учун қоралади. Европа Кенгаши Вазирлар қўмитаси Россиянинг ташкилотдаги ваколатини тўхтатиб, уни Парламент Ассамблеяси ва Кенгашнинг бошқа органлари ишида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Бунга жавобан Россия Европа Кенгашидан чиқди ва унга нисбатан халқаро шартномаларини бекор қилди.

Мавзуга оид