Путин Фаластин-Исроил можароси, хорижга ташрифлари, доллар ва рубл ҳақидаги фикрларини айтди
Россия президенти Қирғизистонда ўтказилган МДҲ саммитидан сўнг журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
Россия президенти Владимир Путин Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида МДҲ саммитида иштирок этди ва матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб қайтарди. Meduza асосий савол-жавобларнинг қисқача мазмунини келтирди.
Россияга қайтишга қарор қилган релокантлар ҳақида:
Ватанига қайтганларни нима кутмоқда? Бу одамнинг ўзини қандай тутганига боғлиқ. Қонунни бузиш — бир нарса, Россияга нисбатан ахлоқий-этика меъёрларни бузиш — бошқа нарса. Агар кўпчилик бу одамни ўзини ахлоқсиз тутган деб ҳисобласа, унинг ўзи ҳам буни ҳис қилади. Ҳар биримизнинг келажагимиз бугун нима қилаётганимизга боғлиқ. Бу барча одамларга тегишли: бу ерда яшаяптими, чет элда яшаяптими ёки кўчиб кетяптими. Давлатимиз эркин, ҳеч қандай чекловлар йўқ.
Фаластин-Исроил можароси ҳақида:
Исроил мисли кўрилмаган ҳужумга учради. Нафақат миқёс жиҳатдан, балки ижро моҳияти, шафқатсизлик жиҳатидан ҳам. Исроил кенг миқёсда, шунингдек, жуда шафқатсиз усуллар билан жавоб қайтармоқда. Улар Ленинград қамали пайтида бўлгани каби Ғазо секторига қарши чоралар кўришни хоҳламоқда, буни қабул қилиб бўлмайди. Ғазода икки миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Аммо, бошқа томондан, Исроил ўз хавфсизлигини таъминлашга ҳақли. Ечим топиш керак. Исроилда СССР ва Россиянинг собиқ фуқаролари кўп. Албатта, биз бу ҳақда унута олмаймиз. Исроил билан ҳам, Фаластин билан ҳам анъанавий муносабатларимиз яхши. Шунинг учун, ҳеч ким бизни кимгадир ён босишда гумон қилолмайди, албатта, агар кимдир бизнинг воситачилигимизга муҳтож бўлмаса.
Украинадан ҲАМАС аъзоларига қурол-яроғ етказилаётгани тўғрисида
Украина расмийлари Яқин Шарққа қурол етказиб берганига шубҳа қиламан, лекин Украинадан қурол-яроғ сизиб чиқаётганига шубҳам йўқ. Мен Украинанинг ҳозирги раҳбариятини хуш кўрмайман, лекин бунинг ортида Украина раҳбарияти турганга ўхшамайди.
Хорижга ташрифлари ҳақида:
Мен буни истисно қилмайман, лекин ҳозирча ҳеч нарсани режалаштирмасликка ҳаракат қиламан. Бизда уйимизда ҳам алоҳида эътибор талаб қиладиган долзарб масалалар кўп.
Арманистон ҳақида:
Арманистонга келсак, Никол Пашинян нима учун саммитга келмагани аниқ, аммо Арманистон МДҲ таркибидан чиқмайди. Биз Пашинян билан алоқадамиз. Ва мен уларнинг олдига бораман, улар ҳам менинг олдимга келишади.
Balticconnector қувурининг шикастланиши ҳақида:
Россиянинг қўли борлиги ҳақидаги миш-мишлар фақат Ғарбнинг «Шимолий оқим»га қарши амалга оширган терактини яширишга қаратилган. Бу қувур «Шимолий оқим»лар каби яхши ҳимояланмаган, шунинг учун бунга ҳамма нарса сабаб бўлиши мумкин, ҳатто зилзила ҳам.
Доллар 100 рубл эканига кўникиш керакми ёки йўқлиги ҳақида:
Бюджет учун бизга курс бироз пастроқ бўлгани яхши. Агар ҳамма нарса нормал бўлганида, баъзи экспортчилар томонидан валюта тушумларини мажбурий сотиш тўғрисида фармон чиқмаган бўларди. Доллар ва рубл курси иқтисодиётдаги ҳеч қандай муаммо билан боғлиқ эмас, бизда ҳамма нарса барқарор. Аммо валютани тартибга солишни тузатишга тўғри келади. Бу фармон эса ушбу йўналишдаги уринишдир. Бу қанчалик самара берганини кўрамиз.
Мавзуга оид
11:53
Словакия РФ ва Украина ўртасидаги музокаралар учун платформа таклиф қилди
22:47 / 25.12.2024
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
15:59 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон самолёти ҳалокати юзасидан ҳамдардлик билдирди
22:34 / 24.12.2024