Жаҳон | 16:22 / 15.10.2023
18655
7 дақиқада ўқилади

Исроил-ҲАМАС уруши, тўққизинчи кун. ЦАҲАЛнинг Ғазо секторидаги қуруқлик амалиёти кечиктирилди

Бунга ноқулай об-ҳаво шароити сабаб бўлмоқда. Ҳозирда ҳудудда кучли ёмғир сабаб сув тошқинлари юзага келган, Тел-Авивнинг ҳам баъзи жойларини сув босган.

Фото: Reuters

Исроил ва ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги уруш тўққиз кундирки давом этмоқда. Ҳарбий ҳаракатлар 7 октябр куни Ғазо сектори ҳудудидан туриб ракета зарбалари берилиши, бунинг ортидан ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди» гуруҳлари аъзолари Исроил ҳудудига кириб келиши билан бошланганди. Фаластинликларнинг Исроил жанубига уюштирган рейди оқибатида 1300 дан ортиқ исроиллик ҳалок бўлган, 3400 атрофидаги киши яраланган. Бунга жавобан Исроил ўша куниёқ Ғазо сектори бўйлаб ёппасига авиазарбалар бера бошлади.

Шу билан бирга, Исроил мудофаа армиясининг (ЦАҲАЛ) шу ҳафта охирида бошланиши мўлжалланган қуруқлик амалиёти бир неча кунга кечиктирилган, бунинг сабабларидан бири ноқулай об-ҳаво шароитидир, дея ёзган The New York Times Исроил армиясидаги юқори мартабали манбага таянган ҳолда.

Унинг сўзларига кўра, булутли об-ҳаво қуруқликдаги қўшинларни ҳаводан туриб қўллаб-қувватлаши керак бўлган исроиллик учувчилар ва дрон операторларининг имкониятларини чеклаши мумкинлиги шундай қарорга сабаб бўлган. Қуруқлик амалиётида ўн минглаб аскарлар, танклар, сапёрлар, авиация ҳамда артиллерия томонидан қўллаб-қувватлаб туриладиган махсус топшириқли бўлинмалар иштирок этиши кутилмоқда.

ЦАҲАЛ матбуот хизмати 14 октябр куни кечқурун Исроил армияси қуруқлик амалиётига тайёр экани ҳақида хабар тарқатганди. Бундан олдинроқ ҳарбийлар Ғазодаги тинч аҳолини сектор жанубига эвакуация бўлишга чақирганди. ҲАМАС эса бу баёнотга эътибор бермасликка чақирган.

Исроил қандай жавоб қайтармоқда?

Исроил мудофаа армияси 15 октябрга ўтар кечаси Ғазо сектори бўйлаб йўлланган авиазарбалар оқибатида ҲАМАСнинг «Нуҳба» бўлинмаси қўмондони Билол Ал-Кедра ўлдирилганини маълум қилди.

Исроиллик ҳарбийлар ҳисоблашича, Хон-Юнис шаҳридаги «Нуҳба» қўмондони Исроилнинг Ғазо сектори билан чегарадаги Нирим кибуцида уюштирилган қирғин учун масъул ҳисобланади. Авиазарба чоғида ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди»нинг бошқа аъзолари ҳам ўлдирилгани айтилган.

14 октябр куни кечқурун ва 15 октябрга ўтар кечаси ЦАҲАЛ Ғазо секторида Зайтун, Хон-Юнис ва ғарбий Жабалиядаги юздан ортиқ нишонларга зарбалар йўллаган. ҲАМАСнинг қўмондонлик марказлари, ҳарбий комплекслар, ракета учириш қурилмалари ва кузатув пунктлари зарбалар нишони бўлган. Шунингдек, «Ислом жиҳоди» қўмондонлик марказлари ҳам нишонга олинган, дейилади Исроил мудофаа армияси матбуот хизмати хабарида.

Аввалроқ New York Times газетаси исроиллик ҳарбийларнинг ҳисоботига асосланган ҳолда Исроил ҳарбий қўмондонлиги Ғазо шаҳрини эгаллаш учун 10 минг кишилик қўшин юбориш ва сектор раҳбариятини «йўқ қилиш»ни режалаштираётгани ҳақида хабар тарқатганди. Ҳисоботда айтилишича, бу 2006 йилги Иккинчи Ливан уруши (ўшанда Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ўртасида уруш чиққанди) давридан буён энг йирик юриш бўлади ва ЦАҲАЛ Ғазо секторининг бир қисмини камида маълум вақтга қўлга олишга ҳаракат қилади. Шундан кейинроқ қуруқлик амалиёти булутли ҳаво шароити туфайли кечиктирилиши ҳақида хабарлар чиқди.

Тахминларга кўра, ҳарбий ҳаракатлар тор ва аҳоли яшаш манзиллари тиғиз жойлашган ҳудудда бўлиб ўтиши инобатга олинган ҳолда, амалиёт бир неча ойга чўзилиши мумкин.

Исроилга ёрдам

Пентагон Исроил соҳилларига бир ҳафта ичида самолёт ташувчи иккинчи кемани юбормоқчи. АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийларига кўра, «Дуайт Эйзенҳауер» авиаташувчи кемаси Ўрта Ер денгизининг шарқий қирғоқларига тахминан икки ҳафтада етиб бориши мумкин. 

CNN хабарига кўра, АҚШ ҳарбий кемалари Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши мўлжалланмаган, аммо уларнинг борлиги Эрон ва минтақадаги ушбу мамлакат таъсиридаги бошқа кучлар учун аниқ сигнал вазифасини ўташи керак.

Бунгача Исроил соҳиллари яқинига «Жералд Р. Форд» авиаташувчиси етиб келганди.

Фаластин-Исроил можароси. Бошқа маълумотлар:

  • Исроил мудофаа армияси тун давомида Ғазодаги юздан ошиқ ҳарбий объектлар, жумладан ҲАМАС штаб-квартираси ва комплексларига ҳужум қилгани ҳақида маълумот берди.
  • Исроил мудофаа армияси матбуот котиби ҲАМАС тинч аҳоли вакиллари Ғазо шимолидан анклав жанубига кўчишига тўсқинлик қилаётгани, гуруҳ учун инсон ҳаёти аҳамиятсиз экани ҳақида гапирди.
  • Ўтган бир кун ичида Ғазода яна 300 га яқин киши ҳалок бўлган. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Исроил авиацияси зарбалари оқибатида Ғазо секторида камида 2329 фаластинлик ҳалок бўлиб, яна 9714 киши яраланган.
  • Исроил мудофаа армияси ҲАМАС билан сўнгги тўқнашувлар вақтида ҳалок бўлган яна етти ҳарбий номини эълон қилди. 7 октябр кундан буён ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар сони 286 нафарга етди. Тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони 1,3 мингдан ортиқ.
  • БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича агентлиги Ғазога сув етказиб бериш тўхтатилганидан кейин у сектор аҳолиси учун «ҳаёт мамот масаласи»га айланганини маълум қилди. Ғазонинг ўзида ичимлик суви манбалари деярли йўқ ва икки миллиондан ортиқ аҳоли учун сув бу ерга Исроил ҳудудидан олиб келинарди.
  • Исроил уч соатга Ғазодан чиқиш учун йўлак очмоқчи. Исроил мудофаа кучларининг эвакуация тўғрисидаги сўнгги хабарида ҳали ҳам Ғазо шимолида бўлиб турган тинч аҳоли вакиллари маҳаллий вақт билан соат 10:00 дан соат 13:00 гача бу ерни тарк этиши лозимлиги келтирилган.
  • АҚШ президенти Жо Байден Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан телефон орқали мулоқот ўтказди, фаластинликлар етакчиси Исроил Ғазо секторида халқаро гуманитар ҳуқуққа риоя этиши ва бомбалашни тўхтатишини, шунингдек, бу ерга гуманитар йўлак очишни сўраган.
  • ЖСТ гуманитар юклари ортилган самолёт Мисрга учиб келди, у 300 минг кишига мўлжалланган бирламчи зарур маҳсулотлар, шунингдек дори-дармон ва 1200 нафар ярадор учун тиббий материалларни ҳам ўз ичига олади.
  • Эроннинг БМТ қошидаги миссияси агар Исроил «ҳарбий жиноятлар ва геноцид»ни зудлик билан бас қилмаса, «вазият назорат остидан чиқиши ва жиддий оқибатларга олиб келиши» мумкинлигидан огоҳлантирган.

Мавзуга оид