Ўзбекистон | 16:06 / 16.10.2023
6935
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда туризм соҳаси 2017–2023 йилларда: ислоҳотлар қандай натижаларга олиб келди?

2017 йилдан бугунга қадар Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида туризм соҳасида йирик ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ўтган 6 йил мобайнида қандай оралиқ натижаларга эришилди? Рақамларга эътибор берамиз.

Фото: Kun.uz

Виза режими соддалаштирилди

Айни пайтда 93 хорижий давлат фуқаролари учун визасиз кириш, 56 давлат учун электрон кириш визаси, 47 давлат учун беш кунлик транзит визасиз кириш, шунингдек, 76 давлат учун туристик виза беришнинг енгиллаштирилган тартиби белгиланди.

55 ёшга тўлган ва туризм мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга Ўзбекистонга келувчи Хитой, АҚШ ва Виетнам фуқаролари учун визасиз кириш режими жорий қилинди.

Бундан ташқари, «Vatandosh», «Student visa», «Academic visa», «Medical visa» ва «Pilgrim visa» каби янги кириш виза турлари белгиланди.

Туристлар сони

Ўзбекистонга келган хорижий туристлар сони 2017 йилда 2,7 млн нафар бўлса, 2022 йилда 5,2 млн, 2023 йил ўтган 9 ойида 4,3 млн.ни ташкил этмоқда. Туристларнинг мамлакатимизда ўртача қолиш муддати 4–5 кунни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 бараварга ортди.

Ҳар бир хорижий туристнинг республика ҳудудида бевосита саёҳат харажатларидан ташқари сарфлайдиган ўртача маблағ суммаси 2017 йилда 197 АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 2023 йилда 400 АҚШ долларига етди ва туризм экспорти ҳажми 2023 йил 9 ойида 1,72 млрд долларга етди.

Маҳаллий (ички) сайёҳлар сони ҳам 2017 йилга нисбатан 107 фоизга ўсиб, 14,9 миллион нафарни ташкил қилди.

Туризм инфратузилмаси

Меҳмон ўринлари сони 2017 йилдаги 37 мингтадан 3,4 баробарга кўпайиб, 128 мингтага етди. Жойлаштириш воситалари сони 2017 йилдаги 767 тадан 2023 йилда 5,5 мингтага етказилди.

2017 йилда 749 та туристик ташкилот ва турагентлар фаолияти йўлга қўйилган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 2 404 тага етди.

Гид-экскурсоводлар сони эса эса 574 тадан 2864 тага етди.

Янги йўналишлар

Республиканинг туризм салоҳияти юқори бўлган фуқаролар йиғинларига «Туризм маҳалласи», «Туризм қишлоғи» ва «Туризм овули» мақомини бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий қилинди.

Мамлакатимизда биринчи бўлиб Самарқанд тумани Конигил қишлоғида 52 та ҳунармандчилик ва дам олиш масканлари мавжуд бўлган «туризм қишлоғи» ташкил этилди ва 200 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли иш билан таъминланди.

2022 йил давомида Навоий вилоятининг Нурота туманида Сентоб туризм қишлоғи ҳамда Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги Эртош-сой ва Овжазсой қишлоқларига «туризм қишлоғи» мақоми берилди. Ушбу қишлоқларда 90 та оилавий меҳмон уйлари, 20 турдаги хизматлар ташкил этилиши натижасида 400 га яқин қишлоқ аҳолиси бандлиги таъминланди.

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида Лашкарак ва Паркент туманида Кумушкон, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида Ғелон, Бойсун тумани Омонхона қишлоқларига туризм қишлоғи мақоми бериш юзасидан чоралар кўрилмоқда.

Соҳага жалб қилинаётган инвестициялар

2021 йилда туризм соҳасидаги инвестиция лойиҳалари доирасида умумий қиймати 11,4 трлн сўм бўлган маблағлар ўзлаштирилиб, 495 та лойиҳа амалга оширилди. Давлат инвестиция дастури доирасида маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда умумий қиймати 1,2 млрд АҚШ доллари бўлган 62 та лойиҳада, 562,7 млн доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 31 та лойиҳа ишга туширилди.

2022 йилда туризм соҳасида жами қиймати 22,1 трлн сўмлик 735 та лойиҳалар ишга туширилиб, тармоқда қўшимча 23 мингга яқин янги иш ўрни яратилди. Тадбиркорликни ривожлантириш, инвестиция жалб қилиш ҳамда рақобатбардош хизматларни йўлга қўйишга берган эътибор натижасида туризм бозоримизга Hilton, Marriott, Hyatt, Wyndham, InterContinental Hotels Group ва Accor каби етакчи меҳмонхона брендлари кириб келмоқда. Улар нафақат пойтахт Тошкент, балки, Бухоро, Самарқанд ва Хива шаҳарларига ҳам қизиқиш билдириб, ўз фаолиятларини ташкил қилмоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатлари раҳбарлари кенгашининг саммити доирасида Самарқанд шаҳрида 260 гектар майдонда янги туристик марказ барпо этилиб, жаҳон стандартлари даражасидаги 8 та меҳмонхона ишга туширилди. Мазкур лойиҳага 516 млн доллар қийматида инвестиция йўналтирилди.

Мамлакатнинг туристик имижи

Марказий Осиё давлатларининг маданий меросини бир-бирига ўзаро боғлиқ сифатида тарғиб қилиш бўйича ташаббусига асосан UNESCO’нинг «Хива декларацияси» қабул қилинди.

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг жорий йилдаги XI сессиясида Хива 2024 йил «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» деб эълон қилинди.

Туркий давлатлар ташкилотининг Туризм вазирларининг йиғилишида Қўқон шаҳрига «Илк туризм пойтахти» номи берилди.

Испаниянинг Мадрид шаҳрида ўтказилган UNWTO’нинг 24-сессиясида илк маротаба БМТ таркибига кирувчи ташкилотларнинг 25-Бош ассамблеясини 2023 йилда қадимий Самарқандда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

UNWTO Ўзбекистон энг тез туризм соҳаси ривожланаётган 20 мамлакат ичида 4-ўринда эътироф этди.

«Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси» рейтингида 32-ўриндан 22-ўринга кўтарилиб, «энг жозибадор» ҳамда «хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори» бўлган 10 та мамлакат қаторига кирди.

Мавзуга оид