Жаҳон | 23:21 / 17.10.2023
25182
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Европа Иттифоқидан Ўзбекистон фуқаролари учун виза назоратини кучайтиришни талаб қилди – ОАВ 

Бу хавфсизлик чоралари билан изоҳланяпти. Аввалроқ, ўзбекистонлик мигрантлар «ИШИД» аъзоси ёрдамида АҚШ ҳудудига киргани аниқланган эди. 

Фото: David Peinado/Bloomberg/Getty Images

АҚШ президенти Жозеф Байден маъмурияти Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатларни Марказий Осиёнинг айрим мамлакатларидан келган саёҳатчиларга нисбатан кескин чоралар кўриш ҳақида огоҳлантирган. Бу эҳтимолий террорчиларнинг Қўшма Штатларга киришига йўл қўймасликка қаратилган, деб ёзди Bloomberg. 

Сўровлар аввалроқ, бир гуруҳ мигрантларнинг «Исломий давлат»га (ИШИД) алоқадор контрабандачи ёрдамида АҚШ жануби-ғарбий чегарасидан ўтгани билан боғлиқ. Бу Европа аэропортлари орқали транзит ўтаётган йўловчиларнинг Қўшма Штатларга ноқонуний йўллар билан киришга уринишлари билан боғлиқ хавотирларни кучайтирган. 

АҚШ расмийлари Европа Иттифоқидан Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун аэропортларда транзит визаси талаб қилинишини истамоқда. Транзит визаси - бу мамлакат ҳудуди орқали транзит саёҳат қилиш (ўтиш) учун зарур бўлган муддатга, чипталарга мувофиқ ва кўпи билан уч кун (72 соат) муддатга ўтиш пунктида тўхташ ҳуқуқи билан бериладиган виза. 

Оқ уй расмийлари Bloomberg нашрининг бу борадаги сўровига жавоб бермаган.

Август ойида ФҚБ Қўшма Штатларнинг жанубий чегарасида бошпана сўраган Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардан келган ўндан ортиқ мигрантлар устидан тергов бошлагани хабар қилинган эди. Расмийлар мигрантларнинг «Исломий давлат»га алоқадор контрабандачи ёрдамида чегарадан ўтганини аниқлаган. 

Бу ҳақдаги шошилинч махфий разведка ҳисоботи президент Жозеф Байден кабинетидаги юқори мансабдор шахсларга юборилган. Бироқ, ФҚБ ҳеч қандай террорчилик режасини аниқламаган.

Мавзуга оид