Жаҳон | 08:28 / 18.10.2023
11363
2 дақиқада ўқилади

Байденнинг Иорданияга ташрифи бекор қилинди

АҚШ президенти Яқин Шарққа ташрифи доирасида фақат Исроилга боради, деб хабар берди Оқ уй. Иордания қирол Абдуллоҳ II ва Жо Байден ўртасидаги учрашув бекор қилинганини билдирди.

Фото: Mandel Ngan/AFP/Getty Images

АҚШ президенти Жо Байден қирол Абдуллоҳ II билан учрашиши керак бўлган Иорданияга ташрифини қолдирди, деб хабар берди AFP 18 октябр, чоршанбага ўтар кечаси Оқ уйга таяниб. Яқин Шарққа режалаштирилган ташрифи доирасида Байден фақат Исроилга боради. Бу хабар Ғазо секторидаги касалхонага берилган кучли зарба фонида эълон қилинди.

Қайд этилишича, АҚШ президенти Иордания қироли Абдуллоҳ II билан «маслаҳатлашувлар»дан сўнг ва Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос эълон қилган «мотам кунлари муносабати билан» Иорданияга ташрифини бекор қилишга қарор қилган. Учрашувда Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳам иштирок этиши керак эди. 

Оқ уй баёнотида Жо Байден «Ғазо секторидаги касалхонада содир бўлган ва бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлишига олиб келган портлаш учун чуқур ҳамдардлик билдиргани» айтилади. 

Иордания қирол Абдуллоҳ II ва Байден ўртасидаги учрашув бекор қилинганини билдирди 

Ўз навбатида, Иордания ташқи ишлар вазири Айман Ҳусайн Абдуллоҳ ас-Сафадий Иорданиянинг Al-Mamlaka телеканалига берган интервюсида қирол Абдуллоҳ II ва АҚШ президентининг учрашуви уруш ва «бу қирғинлар»ни тугатиш бўйича келишувга эришилган тақдирдагина юз бериши мумкин бўлишини айтди.

Аввалроқ Ғазо секторини назорат қилувчи ҲАМАС ҳаракати шифохонага ҳужум Исроил томонидан амалга оширилганини маълум қилган эди.

Иордания ва Фаластин ҳудудларида 17 октябр куни юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган шифохонага ҳужумдан кейин тартибсизликлар бошланди. Иордания Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Исроил айбдор эканини эълон қилиб, фаластинликларни ҳимоя қилишга ва Яқин Шарқдаги можарога зудлик билан барҳам бериш учун биргаликда ишлашга чақирди.

Мавзуга оид