Ўзбекистон | 11:17 / 18.10.2023
28035
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги Сингапур институти 500дан ортиқ талабани курсдан қолдиргани бўйича изоҳ берилди

Сингапур менежментини ривожлантириш институтининг 532 нафар талабаси академик низом талабларини қўпол равишда бузган. ОТМ ҳар бир талаба ҳолатига индивидуал ёндашиб, академик ҳуқуқбузарлиги таҳлил этилишини маълум қилди.

Фото: rank.uz

Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментини ривожлантириш институти (ТСМРИ)нинг 500дан ортиқ талабаси курсдан курсга қолгани айтилган видео юзасидан олийгоҳ изоҳ берди.

Қайд этилишича, видеода Сандерленд университети таълим дастури асосида ТСМРИда бакалавр босқичида ўқиётган талабаларнинг тўпланиб тургани кўрсатилган. Улар “Академик низом талаблари”га риоя этмагани учун қайта ўзлаштириш имтиҳонларидан ўта олмаган, шунингдек, ўқув жараёнлари билан боғлиқ бошқа масалалар юзасидан марказий рўйхатга олиш ва имтиҳон бўлимига мурожаат қилган талабалар бўлган.

Сандерленд университети таълим тизимига кўра, талабага фанни ўзлаштириш учун жами 4 маротаба имконият берилади. Шундан сўнг ҳам талаба фанни ўзлаштира олмаса, талабалар сафидан четлаштирилади.

Институт маъмуриятининг маълумот беришича, 2022-2023 ўқув йилида Сандерленд университети таълим дастури асосида 2313 нафар талаба таҳсил олган бўлиб, шундан 532 нафари академик низом талабларини қўпол равишда бузган (курс ишларида меъёрдан кўп плагиат қайд этилиши – “plagiarism” ҳамда кўчирмакашлик қилиш ёки шпаргалкалардан фойдаланиш ҳолати – “cheating”).

Олийгоҳ масала бўйича Сандерленд университети академик кенгаши томонидан ҳар бир талаба ҳолати индивидуал ўрганиб чиқилиши ва академик ҳуқуқбузарлиги таҳлил қилинишини билдирган.

Ҳамкор университетлар томонидан олиб борилаётган ўрганиш натижалари тўғрисида бир неча кун ичида талабаларга маълум қилинади. Талабаларнинг статуслари (фанни ўзлаштирганлик ҳолати) аниқ бўлгунга қадар, вақт йўқотмаслик мақсадида мазкур талабалар учун алоҳида гуруҳлар ташкил этилиб, улар тегишли фанларга йўналтирилди. Ҳозир талабалар ўқув жараёнларида иштирок этяпти”, – дейилади расмий муносабатда.

Маълумот учун, институтда бир йиллик ўқув шартнома тўлови 32 млн 256 минг сўм. Қайта ўзлаштиришга қолган талаба фақатгина қайта ўқиётган фани учун тўловни амалга оширади. Буюк Британия таълим стандартлари асосида ТСМРИда ўқув ҳар йили октябр ойидан бошланади.

Мавзуга оид