«Афтидан, буни бошқа жамоа қилган». Байден Ғазодаги шифохонага зарба бўйича Исроил версиясига қўшилди
АҚШ президенти Жо Байден ҲАМАС ҳужумидан кейин яҳудий халқига ҳамдардлик билдириш ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга ҳамдардлик билдириш учун Тел-Авивга келди. АҚШ президенти Америка ҳар қандай шароитда ҳам Исроилга ёрдам беришда давом этишини билдирди ва Исроилнинг Ғазодаги шифохонага тушган ракета «бошқа жамоа» томонидан учирилгани ҳақидаги версиясини қўллаб-қувватлади.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу америкаликлар президентини самолёт трапида шахсан кутиб олди.
Байденнинг самолёти ҳали ҳаводалигида унинг ташрифи жадвали ўзгартирилди: Ғазодаги шифохонага йўлланган тунги зарбадан кейин Иордания ҳукумати Оқ уй раҳбари, Миср президенти, Фаластин мухторияти раҳбари ва Иордания қироли иштирокида 18 октябр кунига белгиланган тўрт томонлама саммитни бекор қилди.
«Энди урушни тўхтатишдан бошқа нарса ҳақида гаплашишдан маъно йўқ», — деди Иордания ТИВ раҳбари Айман Сафадий саммит бекор қилинишини айтаркан.
Байденнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Кирби президент Исроил учун оғир паллада ўз иттифоқчиси олдига бормаслиги мумкин бўлмагани ҳақида гапирди.
Шу билан бирга, Кирбининг сўзларига кўра, Оқ уй раҳбари дўст сифатида келган бўлса ҳам, у Исроил раҳбариятига қатор қийин саволлар, хусусан Ғазодаги амалиёт ва тинч фаластинликлар бўйича саволларни бермоқчилигини айтган.
BBC’нинг АҚШ давлат департаментидаги мухбири Барбара Плетт-Ашернинг қайд этишича, шифохонадаги ҳодиса —Исроилга бориб, Оманда араб давлатлари етакчилари билан мулоқот ўтказишни режалаштирган америкаликлар президенти учун эҳтимолий сценарийлардан энг ёмони бўлди.
Ал-Аҳли шифохонасидаги портлашда ким айбдор?
Бинямин Нетаняҳу билан бирга қўшма матбуот анжумани вақтида АҚШ президенти Жо Байден Ғазодаги шифохонага берилган зарба бўйича Исроилнинг версиясини қўллаб-қувватлаган.
«Кеча Ғазодаги шифохонада рўй берган портлашдан чуқур қайғудаман ва ғазабландим, — деди Байден Нетаняҳунинг ёнида туриб. — Кўрганларимга асосланиб айтишим мумкинки, буни сиз эмас, бошқа жамоа қилганга ўхшайди. Аммо бунга ишонмайдиган одамлар кўп. Демак, биз ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар кўп».
Аввалроқ Исроил ҳодиса бўйича текшируви натижаларини тақдим этганди, унга кўра, ЦАҲАЛ бу зарбага алоқадор эмаслиги, шифохона ҳудудига қулаган ракета эса фаластинликларнинг «Ислом жиҳоди» гуруҳи томонидан учирилгани маълум қилинганди. Ғазодагилар эса шифохонага исроиллик ҳарбийлар авиазарба йўллаганини айтган.
«Мен Исроил халқига айтишни истардим: уларнинг мардонаворлиги, ўз ватанига садоқати, уларнинг жасурлиги кишини таъсирлантиради. Мен бу ерда эканимдан фахрланаман ва бундан кейин қандай ҳаракатланиш бўйича конструктив мулоқот бўлишини кутаман», — деган Байден.
«Бутун цивилизация дунёси бир пайтлар нацистларга ва ИШИДга қарши бирлашганидек, энди ҲАМАСга қарши бирлашиши лозим. Цивилизация кучлари устун келади — бизнинг, сизнинг ҳамда тинчлик ва хавфсизлик номидан», — дея қайд этган Нетаняҳу.
Кейинроқ журналистларнинг унда Исроил Ғазодаги шифохонага портлашга алоқадор эмаслигига ишончи нега бу қадар юқори экани ҳақидаги саволига жавоб бераркан, Байден «мудофаа вазирлиги тақдим этган маълумотни келтиргани»ни айтди.
CNN телеканалининг америкалик мулозимлар орасидаги манбасига кўра, Байден Исроилга етиб келгунига қадар АҚШ ҳукумати шифохонага зарба учун ким масъул экани борасида ҳали якуний хулосага келмаган, президентнинг ўзи эса миллий хавфсизлик жамоасига келиб тушаётган маълумотларни баҳолашда давом эттиришни буюрган.
Телеканал Оқ уй расмийларидан Байден кетганидан кейин текширув ўтказилгани ёки йўқлигини айтишни сўраган. Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Адриенн Уотсон АҚШ ҳукумати айни вақтда Исроил Ал-Аҳли шифохонасидаги зарба учун масъул эмас деб ҳисоблаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, бу баҳо аэрофотосуратлар ва ҲАМАС аъзолари ўртасидаги суҳбат тингланиши орқали олинган маълумотларга асосланган.
«Ҳозирча биз маълумот йиғишда давом этяпмиз, аммо ҳаводан олинган тасвирлар, телефон мулоқотлари тингланиши ва очиқ манбалардан олинган маълумотлар таҳлилига асосланган ҳозирги баҳоларимизга кўра, Исроил Ғазо секторидаги шифохонада рўй берган портлаш учун жавобгар эмас», — деган Уотсон.
Ўз ташрифи чоғида Байден ҲАМАСнинг Исроилга 7 октябр куни амалга оширган ҳужумидан кейин ишлаган фавқулодда хизматлар ходимлари, шунингдек, ҳужум оқибатида ўз яқинларини йўқотганлар ҳамда оила аъзолари ҲАМАС томонидан гаровга олиниб, Ғазога олиб кетилганлар билан учрашган.
CBS News телеканали вазиятдан хабардор манбага асосланиб хабар беришича, Исроил ҳужумдан кейин фавқулодда ҳарбий ёрдам учун АҚШдан 10 млрд доллар сўраган.
Жо Байденнинг нутқи мазмуни
BBC сиёсий шарҳловчиси Пол Адамс:
— Ғазодаги шифохонада рўй берган вайронкор портлаш ортидан Оманда ўтиши режалаштирилган, Байденнинг Яқин Шарққа ташрифидаги асосий воқеалардан бири бўлиши кутилган саммит бекор қилинганидан кейин, унинг Исроилга ташрифидан кўп нарсага умид қилинмаётганди.
Аммо унинг иштирокидаги матбуот анжуманида АҚШнинг бир ҳафтадан ортиқ вақт давом этган қизғин дипломатик фаолияти моҳияти нимада экани маълум бўлди.
Америка қанчалик қайғудалиги ва Исроилга нақадар садоқатли экани ҳақидаги кутилган риторикадан ташқари, президент чиқишида ҳақиқий мазмунли гаплар ҳам кўп эди.
У Исроил ниҳоят Мисрдан Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами ўтказилишига рози бўлганини айтди.
Бош вазир Нетаняҳунинг офиси буни тасдиқлаган, «президент Байденнинг талабидан келиб чиқиб, Исроил Мисрдан келадиган инсонпарварлик ёрдамларига, агар бу фақат тинч аҳоли учун ичимлик сув, озиқ-овқат ва дори-дармонлардан иборат бўлса, тўсқинлик қилмаслиги»ни таъкидлади.
Баёнотда бу гуманитар ёрдам ҲАМАС қўлига тушмаслиги лозимлиги ҳамда исроилликлар гаровдан озод этилмагунича Исроилнинг ўзи томонидан ҳеч қандай ёрдам юборилмаслиги қайд этилган.
Шунингдек, Жо Байден ўз чиқишида гаровдагиларга ҳам тўхталди ва барча тафсилотларни очиқ муҳокама эта олмаслиги, аммо президент сифатида унинг учун «уларни хавфсиз қайтаришдан устуворроқ вазифа йўқлиги»ни таъкидлади.
Мавзуга оид
22:15 / 26.12.2024
Исроил авиацияси Яман пойтахти аэропортига зарба берди
15:21 / 26.12.2024
Исроил ҲҲК қўмондони Ямандаги ҳусийчиларга ҳужумларни кучайтириш билан таҳдид қилди
14:07 / 25.12.2024
Исроилда фавқулодда ҳолат яна бир йилга узайтирилди
20:16 / 24.12.2024