Спорт | 14:52 / 20.10.2023
25115
20 дақиқада ўқилади

«Иблис девори»нинг қулаши. «Манчестер Юнайтед»нинг бугунги кунига назар

Ўтган мавсумдаги ўйинларидан кейин бу мавсумда чемпионлик учун курашиши кутилган жамоа билан нималар бўлмоқда?

Фото: ALEX LIVESEY/GETTY IMAGES

«Манчестер Юнайтед» нафақат мавсум бошида ишончни оқламади, балки бир қатор кўрсаткичлар бўйича узоқ йиллик антирекордларни қайд этиб ташлади. Гўёки ўзига мос бўлган мураббийни топган, ўтган мавсумни анча яхши ўтказиб, ёзда яна бир қатор эътиборли харидларни амалга оширган клуб учун мутлақо кутилмаган ҳолат. Аммо табиийки, «ҳар бир бахтсиз оила ўз сабабларига кўра бахтсиз бўлганидек», «Юнайтед»нинг бугунги аҳволига ҳам жуда кўп изоҳлар топса бўлади. Муҳими, ушбу муаммоларни ўз характерига кўра баҳолаб, ажратиб олишдан иборат.

Келинг, аввал, «Манчестер Юнайтед»даги муаммоларни уч тоифага ажратиб олайлик. Албатта, бу тоифалар айрим нуқталарда кесишиб, бир-бирининг оқибатларини оғирлаштирса-да, бу тариқа баҳолаш бугунги ҳолат чуқурлиги ва муддати ҳақида аниқроқ тасаввурга эга бўлинади, кейинги воқеалардаги кутилмаганлик фактори бирмунча камайтирилади.

Қисқа муддатли муаммо. Жароҳатлар ва айрим футболчиларнинг спорт формаси

Тан олиш керак, атиги икки ойлик муддатда «МЮ»даги жароҳатлар аномал даражада кўп. Тасаввур қилинг, бир пайтнинг ўзида жамоанинг икки нафар чап қанот ҳимоячиси, сўнг, бу позицияни вақтинчалик ёпиш учун олиб келинган учинчи футболчи ҳам жароҳат олган. Бу қанотда ўйнаш амалиётига эга бўлган ўнг қанот ҳимоячиси (Далот) томонидан масалани ечиш ҳам имконсиз, чунки унинг қанотида ўрнини ёпиши мумкин бўлган футболчи Аарон Уан-Биссака ҳам жароҳатланган.

Ёзда трансфер қилинган Ҳойлунд ва Амрабат жароҳат билан келди, ёзда йиғинларда қатнашиб, янги жамоага киришиб кетиши лозим бўлган Маунт энг муҳим паллада бир ойга сафдан чиқди. Шунингдек, саналганлардан ташқари, асосий ҳимоячилар – Мартинес ва Шоу узоқ муддатга лазаретга кетишди, Мактоминей ва Варан ҳам бир қатор учрашувларни ўтказиб юборишга улгурди, Коби Майну ва Амад мавсум бошланмасдан жароҳат олди.

Энди бунга футбол ташқарисидаги муаммолари туфайли Антони ҳамда мураббий билан келишмовчилик туфайли Санчо таркибдан четда қолганини ҳам қўшамиз.

Бундан ташқари, ўтган мавсумдаги муваффақиятларда асосий ролни бажарган икки футболчи – Каземиро ва Рэшфорд ёмон спорт формасида экани ҳам таъсир қилмоқда. Натижада тен Ҳаг 10 учрашувда ўн хил бошланғич таркиб туширишга мажбур бўлди, қолаверса, бирор чизиқда (ҳимоя, яримҳимоя, ҳужум) ҳам икки ўйинда бир хил номлар майдонга тушириш имкониятига эга бўлмади. Жамоа АПЛда жароҳатлар сони бўйича учинчи ўринда, майдонга туширилган футболчилар сони (25) бўйича эса биринчи ўринда қайд этилган.

Бундай шароитларда барқарор ўйинни ҳам, яхшироқ натижани ҳам кутиш бироз қийин бўлади. Майдонда индивидуал ҳаракатлар билан вазиятни қутқариб туриш ва шартларга терс тарзда натижаларни эришиш учун яна бир йўл – етакчи футболчиларнинг ҳаракати бўлиши керак, аммо юқорида айтилганидек, бу борада ҳам муаммолар яққол кўзга ташланиб турибди.

Бу каби муаммолар эртами-кечми ўз ечимини топади, ҳар қандай жароҳатнинг ҳам ўз муддати бор, тўғрими? Регилон навбатдаги турдан қайтиши кутилмоқда, Мартинес яна икки ой, унинг ўрнини марказда босиши мумкин бўлган Шоу эса бир ойдан кейин тикланади. Яъни агар жароҳатланишлар мана шу суръатда давом этмаса, декабргача «МЮ» таркиби эпақага келиб қолади ва истиқболда фақат йўқотилган очколар, айниқса, Чемпионлар Лигаси гуруҳидаги мураккаб ҳолатга сабабчи бўлиб қолади, холос.

Яна бир қўшимча – клуб сотилиши билан боғлиқ музокаралар чўзилаётгани ҳам, айниқса, ёзги трансферлар учун катта ноқулайлик яратганини таъкидлаш керак. Клуб айнан кимга сотилиши номаълум экани бир қатор саволларни келтириб чиқаради: Шайх Жассим билан радикал ва тезкор ҳаракат бошланадими ёки Сэр Рэтклифф билан узоқ давом этадиган жараёнми? Бу трансферлар нишонларини белгилашда ҳам муҳим, масалан, Жассим «Олд Траффорд»га Мбаппени олиб келиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган. У ҳолда унгача қилиниши мумкин бўлган режалар қандай бўлади, таркиб айнан қандай ўзгаришлар учун тайёр бўлиши лозим, бу мавҳумлик мураббийлар штабига анча халақит бергани шубҳасиз. Бу худди уч йил Сулшер билан маълум йўналишда трансфер сиёсати олиб бориб, ойна ёпилишига уч кун қолганда Роналдуни олиб келиш ва энди бу тарафга қараб юрамиз, дейишга ўхшаб қолади.

 Ўрта муддатли муаммолар. Тен Ҳагнинг келиши, услубдаги зиддиятлар ва адаптация

 Менимча, агар августдан буён ҳеч ким жароҳат олмаган ва доим тен Ҳаг ихтиёрида асосий футболчилар бор, деб тасаввур қилганимизда ҳам, натижалар, ҳеч бўлмаса, кўрсатилган ўйин бугунгидан кескин фарқ қилмас эди. Чунки ёзги трансферлар ва йиғинлардан мураббий ниҳоят ўз ўйинини қуриш ишларини бошлаб юборгани намоён бўлган эди. Айниқса, Онана ёрдамида бутунлай янгича билд-ап кўп мутахассислар эътирофига сабаб бўлди ва мураббий мавжуд ўйинни яхшилаш эмас, бутунлай янги картинани яратиш билан банд экани сезилди. Бу эса маълум вақт ва жараёнларни талаб қилади.

Аслида Эрик тен Ҳаг учун оғир давр ўтган мавсумда кутилганди. Нидерландиялик мураббий футбол фалсафаси ва услуби бўйича шу таркибни йиғган аввалги мураббийлардан фарқ қилади. Табиийки, биргина трансфер ойнаси билан ҳар қандай мутахассис ҳам ўз жамоасини қуриши имконсиз. Шунингдек, бир йил олдинга муваффақиятсиз мавсум оқибати ўлароқ таркибдаги ишончсизликни йўқотиш, тартиб ўрнатиш, футболчиларни жипслаштириш, Роналду билан муносабатлар, хуллас, ўтган йилги шартларда «Юнайтед»нинг 3-ўринни олиши бир томондан мўъжиза, иккинчи томондан ўз даражасидан паст иштирок этган «Ливерпул» ва «Челси»нинг совғаси эди.

Аммо бир нарсани тан олиш керак. Тен Ҳаг тактика ва услуб билан боғлиқ зиддиятлар, муаммоларни ўтган мавсумда ечмади, балким кейинга қолдирди. Эътибор берган бўлсангиз, тен Ҳагнинг ўтган йилги жамоаси унинг аввалги жамоаларига ўхшамас, умуман ўзига хос чизгилар, ўйин картинаси кўзга ташланмасди. Тен Ҳаг ўз имзосини фақат баъзи ўйинларда ва кичик нуқталарда ишлатди, асосан Рэшфорд, Фернандеш, Каземиро каби футболчиларнинг маҳорати ва устунликларига таянган ҳолда тайёргарликни маъқул кўрди. Мавсум бошида бой берилган очколар ўрнини тўлдириш, ЕЧЛ ўринлари учун курашишда натижа албатта муҳим эди. Шу туфайли Эрик тен Ҳаг ўйинларга прагматик ёндашди, ўз ўйинини қуриш, услубда кескин ўзгаришлар қилишни кечиктирди. Асосан Сулшернинг қўлёзмаларига биноан вертикал ва қарши ҳужумларга асосланган футбол танланди. Албатта, сўнгги йиллардаги услубда тўп суриш жамоа етакчиларининг натижага таъсир қилиш имкониятини оширади, қисқа истиқболда ғалабалар олиб келади. Бир томондан кўпчилик учун кутилмаганда, тен Ҳаг ўзининг мослашувчанлиги, догматик эмаслигини ҳам намойиш қилиб, имтиҳондан ўтган бўлса-да, барибир, ҳар қандай нидерландиялик мураббий қатори, ўз фалсафасини бир кун ўрнатиши табиий. Ахир, тен Ҳаг айнан шунинг учун олиб келинган.

Демак, бу жараён яна бир қанча вақт, яна бир нечта трансфер ойнаси, бир қатор муваффақиятли ва муваффақиятсиз ўйинларни талаб қилади. Барча футболчилар жароҳатлардан тикланган, ҳатто натижалар яхшиланган тақдирда ҳам, ҳали бу таркиб тўлиқ тен Ҳагники эмас. Энг муҳим паллаларда панд ейиш, энг яхши даврларда контекстга тескари натижалар (ўтган йил «Энфилд »да бўлгани каби) учраб туришда давом этади. Артета қўл остида «Арсенал»нинг ўсиши икки йилдан бери кузатилаётган бўлса-да, тан олиш керак, бу мавсумга келибгина, чинакам даъвогарга айланди. Сабаб? Масалан, «Манчестер Сити»га қарши майдонга тушган таркибдаги барча футболчилар, юз фоиз тўлиғича Артета томонидан олиб келинган. «Ливерпул»нинг ривожланиш йўли ҳам шунга ўхшаш бўлганди.

Қисқача айтганда, «МЮ»нинг ўтиш мавсуми аслида ушбу мавсумда кузатилади. Агар энг муҳими, топ-клубларга хос бўлган асосий сифат – ҳар қандай рақибга қарши ўз услубида ўйнай олиш даражасига чиқишни истаса, жамоа бу даврдан ўтишга мажбур. Қисқа муддатдаги натижаларни ўйлаб мураббийларни танлаш ва катта трансферларга қўл уриш кейинроқ янаям оғриқлироқ бўлиб бўй кўрсатишини аввалги мураббийлар билан кечган мавсумлар кўрсатиб берди. Жамоа мухлисларига ҳар қандай беқарорликларга тайёр туриб, кутилганидан кўпроқ ғалаба ёки натижаларни шунчаки бонус сифатида қабул қилишни маслаҳат берган бўлардим.

Фото: MARTIN RICKETT/GETTY IMAGES

Учинчи тоифа. Ўн йиллик муаммолар

Аслида бу муаммоларга ўн йилдан кўпроқ ёш бериш ҳам мумкин, аммо сэр Алекс Фергюсон шахсияти ва натижалари бу камчиликларни ёпиб келган. Парадокс шундан иборатки, аслида айнан Алекс Фергюсон сабабли бундай муаммолар пайдо бўлган ҳам. Лекин бу ҳолатда Фергюсоннинг айби йўқ, аслида бошқарув кейинги ўн йилликда вазиятни тўғри баҳолаши ва керакли тадбирларни амалга ошириши лозим эди.

Айтайлик, клубда спорт бўлими мавжуд бўлиши кераклиги, айнан спорт йўналишидаги қарорларни ушбу соҳа мутахассисларига топшириш лозимлиги клуб раҳбарлари томонидан инкор қилиб келинди. Сабаби 2013 йилгача бу вазифа билан ҳам Фергюсон шуғулланиб келган. Клубдаги асосий қарорлар, трансфер масалалари Фергюсоннинг бевосита иштироки, аниқроғи, у томонидан қабул қилинган. Клуб ичида бундай тизимга нормал қаралган, натижада Фергюсондан кейин клубга олиб келинган Луи ван Гаалда ҳам, Моуринио, Сулшер, ҳатто тен Ҳагда ҳам мана шундай кенг имкониятлар тақдим этилиб, улар нафақат мураббий, балким менежер сифатида фаолият юритган. Аслида ҳар қандай бошқарувда лозим бўлган тийиб туриш принципи ишламаслиги камчилик эмас, гўёки анъана сифатида тақдим этилган.

Аммо жуда муҳим фарқ бор – Фергюсон даврида бошқача ишлашнинг иложи йўқ эди, агар алоҳида спорт директори олиб келиниб, унга катта вазифалар берилган тақдирда ҳам, у Фергюсон шахсиятидан ўтиб кета олмасди. Узоқ йил муваффақиятли ишлашнинг салбий оқибати шуки, бошқача йўлнинг иложи қолмайди, мураббий табиий равишда клубдаги асосий ва ягона шахс бўлиб қолади.

Аммо бунга нормал тизим сифатида қараб, кейинги мураббийларга ҳам худди шу имкониятларни тақдим этиш катта хато эди. Янги мураббийларни қўллаб-қувватлаш, шунчаки уни энг биринчи ва ягона қарор қабул қилувчи қилиб эмас, аксинча, маълум йўналишларда унинг вазифаларини бўлишиш, масъулиятларни тўғри тақсимлаш жуда аҳамиятлидир.

Луи ван Гаал ўз услубига мос, аммо ўртамиёна футболчиларни йиға бошлади, Моуринио ўз агенти Мендешнинг мижозларини тўплади, Сулшерда бундай тажриба йўқлиги туфайли ҳатто клубнинг маркетинг сиёсати қурбони бўлди – Криштиану трансферига қарши чиқа олмади. Аслида спорт бўлими ишламагани, трансфер нишонлари бўйича аниқ йўналишли сиёсат йўқлиги барча мураббийларга панд берди. Табиийки, мураббий талаби бўйича хусусиятларга эга бўлган футболчиларни қидириб топадиган ва клублар билан трансфер борасида музокаралар олиб борадиган қанот оқсагач, яъни бу ишлар ҳам мураббийлар елкасида қолиб кетгач, муаммо чиқади. Ван Гаал таркиб йиғиш учун ўзига таниш номзодларни қидиради, Моуринио агенти орқали ишни осонлаштириш учун ўша доирада ҳаракатланади, Сулшер ювош бўлгани учун барчасига хўп, дейди. Натижа маълум. 

Масалан, Эрик тен Ҳагнинг фақат илгари Нидерландияда ўйнаган футболчиларга эътибор қаратаётгани жуда кўп танқид қилинади, тўғрими? Аслида бу мураббийни гўёки ҳаммасини ўз қўлига олган шоҳдек кўрсатса-да, аслида тескариси. Унга ёрдам беришмаяпти.

Нормал клубда қандай бўлади? Мураббий айтайлик, ўнг қанотда тўп сурадиган чапақай вингер керак эканини айтади. Спорт бўлими маълум муддат ишлаб, мураббийга турли ҳудудлардан, турли нарх ва шартлардаги бир қатор номзодларни ҳавола қилади. Бюджет, трансфер осон ёки қийинлиги, футболчининг қўшимча устунлик ва камчиликлари, характери ва ҳоказо омиллар ҳам инобатга олиниб, биргаликда вариантлар қисқартириб борилади. Музокаралар чоғида эса яна бир неча қолган вариантдан биттаси олиб қолинади.

Нега Антони учун 100 миллион тўланди? Чунки тен Ҳаг истаган позиция учун бошқа, маълум босқичгача ишланган вариантлар спорт бўлимида умуман йўқ эди. Табиийки, аксарият ҳолларда нариги тараф ҳам буни билиб туради ва исталган нархни қўйиши мумкин. Етарлича вариантларсиз доим «МЮ» музокараларда ён берувчи тараф бўлиб қолаверади. Бу ерда вариант деганда шунчаки, бозордаги ўнг қанот вингерлари номлари эмас, маълум даражагача таҳлил қилинган, ишланган ва ўрганиб чиқилган реал номзодлар ҳақида айтилмоқда.

Тўғри, бошқача йўл ҳам бор. Масалан, олиниши керак бўлган ҳар қандай позиция учун энг зўр, кўзга кўринган юлдуз футболчилар катта пулга олиб берилади. Ҳужумчи керакми, Мбаппе, қабилида. Ортиқча таҳлил ҳам шарт эмас, бундай футболчилар жамоани кучайтириши аниқ. Худди Варан ёки Каземиро трансферлари сингари. Табиийки, барча харидларни шундай амалга оширишга ҳозирча «МЮ» қодир эмас.

Натижада, қўлида етарлича таҳлилий масаллиқ ва рўйхат ёки кафолатли юлдуз футболчилар тақдим этилмаган тен Ҳаг ўзи учун таниш бўлган номлар ичидан қидиради, тўғрими? Бошқа йўл ҳам йўқ. Оқибатда, биз бугун эга бўлиб турган жараённи кузатамиз – Онана, Мартинес ва Антони «Аякс»да, Амрабат «Твенте»да тен Ҳаг қўл остида, Вергҳост, Маласия ва Маунт Эредивизияда тен Ҳагга қарши тўп сурган.

Яна бир тилга олиниши керак бўлган жиҳат, клубнинг нафақат футболчиларни топишда, балки уларни сотишда ҳам нўноқлигидир. Ҳозир ҳар қандай ҳолатда бўлмасин, Эррера, Погба, Лингард каби футболчилар «МЮ»ни тарк этаётган паллада яхши пул бўла оладиган даражада эди, аммо...

Клуб футболчиларнинг жамоадаги келажаги ва ўрнига етарлича баҳо бера олмайди, натижада катта пул йўқотади. Масалан, икки йил олдин АПЛда ўзини яхши кўрсатган Лингард сотилмади ва Сулшер уни маълум ваъдалар эвазига олиб қолди. Лекин мавсумда унга деярли имконият берилмади. Бир йил давомида футболчи формасини йўқотди ва ҳеч кимга керак бўлмай қолди. Хўш, унда нега у олиб қолинди. Табиийки, мураббий ҳар қандай ҳолатда кўпроқ футболчига эга бўлишни истайди. Мана шу ерда юқорида айтиб ўтилган ҳолатни эслаш лозим, нормал спорт директори мавжуд клубда мураббийга «сен ундан қай даражада фойдаланмоқчисан, у учун фалон сумма пул олиб, бу пулга муҳимроқ позицияларни тўлдиришимиз мумкин», қабилидаги ултиматумни қўйиши керак.

Ўзи умуман «Юнайтед»да академия тарбияланувчиларига нисбатан керагидан ортиқча ишонч ҳам кўп панд берган. «МЮ» каби топ-клублар давомли равишда академиядан асосий таркибга футболчи етиштириб беришга мажбур эмас. Бу ишни арзонроқ ва натижага босим йўқлиги учун осонроқ қиладиган ўртамиёналар ёки бошқа лига вакиллари бор. Класс-92 зўр, тўғри, аммо бугунги рақобат шароитида бунинг иложи йўқ. Ростдан ҳам топ бўладиган футболчилар энг бошидан маълум бўлади, Рэшфорд каби. Умуман, ҳар қандай топ-клубга қаранг, асосийда майдонга тушадиган ўз тарбияланувчиси бир ёки икки нафар. Бу ҳам катта натижа.

Яна бир мисол, Брендон Уилямс. 2019/20 йиллар мавсумида у жуда яхши ўйинлар кўрсатди, айтиш мумкинки, бемалол 20-25 миллион фунтга харидор топиш ҳам мумкин эди. Футболчининг спорт формаси ва нархи чўққига чиққан пайт клуб ичкарисида савол пайдо бўлиши керак – Уилямс узоқ истиқбол учун «МЮ»нинг асосий ҳимоячиси бўлишга қодирми ёки у ротация учун вариант сифатида қоладими? У яна қанчалик ўсади? Хўп, баъзи футболчиларнинг жароҳати туфайли кўпроқ майдонга тушган Уилямс энди, асосий ҳимоячимиз қайтганида, ўйин амалиёти камайиб, формаси ва нархи тушиб кетмайдими? Бу саволга аниқ жавоб уни олиб қолиш ёки сотиш, асосийси, ундан келаси мавсумда фойдаланиш бўйича аниқ режа пайдо қилади. Бусиз Уилямс шунчаки, захира ўриндиғида мавсумни ўтказди, икки йил олдин АПЛда кўзга кўринган футболчи ҳозир Чемпионшипда.

Худди шундай вазиятларда нормал спорт клублари нима қилди? «Сити» Анхелино билан пачакилашиб юрмади, Гвардиола аниқ билади, ҳа, у яхши футболчи, аммо асосий бўлмайди. Ротация учун арзонроқ вариант топиш мумкин, Анхелинога яхши талаб бўлиб турганда сотиш керак. Палмер Суперкубокда зўр гол урди, ҳа, балки зўр ўйнаб кетар? Йўқ, клубда Палмер ҳақида чуқурроқ, аниқроқ таҳлил бор, «Челси» яхши пул тўлаяптими, сотиш тўғрироқ бўлади. Ва ҳоказо.

Бундай хатолар жуда кўп ва тўпланиб, катта муаммога айланиб бўлган. Молиявий лимитлар туфайли бу ёзда «МЮ» фақат 120 миллион фунт ишлатиши мумкин эди, холос. Қолгани сотилиши мумкин бўлган трансферлар билан қопланиши керак. Ҳендерсон, Фред, Теллес каби футболчилар трансферлари ёрдамида «МЮ» кўпроқ пул сарфлади, аммо мураббийга керак эмаслиги яққол аниқ бўлган Магуайр, ван де Бек, Мактоминей, Марсиял каби футболчиларни сотишда қийинчиликка дуч келинди. Сабаби маълум, ё футболчи яхши ўйин амалиёти ва формага эга бўлиб турганда сотиб юборилмаган ёки нормалдан каттароқ маошлар белгиланган мантиқсиз шартномалар туфайли масалан, Магуайр, Марсиял каби футболчиларга талаб йўқ.

Фергюсондан кейин клубда спорт приоритети иккинчи даражага тушиб қолди. Глайзерлар учун клубнинг даромад келтириб туриши энг муҳим, бунинг учун эса жамоа ҳеч бўлмаса Чемпионлар Лигасида мунтазам иштирок этиб туриши кифоя. Шунинг учун ҳам қачонки, мана шу минимум ва ягона мақсад амалга ошмай қолганда қандайдир аралашув, мураббий истеъфоси ёки бошқа кичик ўзгаришлар рўй беради, холос. Мураббий алмашиши, трансферларга қўшимча пул киритиш орқали эски хатоларни вақтинча қоплаш мумкин, аммо тўғри тизимгина клуб учун зарур парашют вазифасини ўташи, қулашларни оғриқсиз қилиши мумкин.

Хулоса қилиш мумкинки, клубда спорт бўлими оқсаётгани, замонавий шартларда ишламаётгани мураббийларга панд бермоқда ва бу йўналишда жиддий ислоҳотлар қилмай туриб, клубни аввалги ютуқларига қайтариш имконсиз бўлиб қолаверади. Таркибдаги жароҳатлар бир кун тикланади, тен Ҳаг ҳам ўз футболини қуриб, жамоа яхши ўйнашни бошлаши мумкин, аммо мақсад Европа футболи грандлари даражасига қайтиш, улар билан рақобат қилиш бўлса, асосий фарқ футболчиларнинг нархлари-ю, мураббий маҳоратида ёки сарфланаётган пулларда эмас, айнан тизимда экани тушунилсагина амалга ошади. Акс ҳолда ҳар қандай ютуқ тасодиф ёки вақтинча бўлиб қолаверади.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид