Жаҳон | 20:13 / 20.10.2023
26445
7 дақиқада ўқилади

Украина РФ қўшини Авдийивка атрофида катта йўқотишга учраганини айтмоқда. Бу ҳақда нималар маълум?

Украина қуролли кучлари бош штаби фронтдаги вазият бўйича ҳар кунги ҳисоботида ўтган кун давомида Украина армияси россияликларнинг кўп миқдордаги зирҳли техникалари ва жонли кучларини йўқ қилгани ҳақида хабар берди. Украинадаги манбалар бу йўқотишлар РФ армияси октябр ойи ўрталарида Донецк яқинидаги Авдийивка шаҳрини эгаллаш учун кенг кўламли ҳужумга ўтгани билан боғлиқлигини ёзмоқда.

Украина бош штабига кўра, икки кунлик жимликдан кейин РФ армияси Авдийивка ҳудудида ҳужумларни қайтадан бошлаган. «Авдийивка йўналишида душман ҳужум ҳаракатларини тиклади ва Авдийивкани қуршаб олишга уринишдан воз кечмаяпти», — дея ёзган украин ҳарбийлари.

Украина қуролли кучлари маълумотига кўра, ўтган кун давомида бутун фронт чизиғи бўйлаб бўлиб ўтган жангларда (нафақат Авдийивкада) россияликларнинг 120 та зирҳли машинаси, 55 та танки ва 29 та артиллерия тизимлари яксон этилган. Бундан ташқари, Украина бош штаби россияликлар шахсий таркибда ҳам улкан йўқотишларга учраганини маълум қилган: ҳисоботга кўра, бир кун ичида қурбонлар сони 1380 кишини ташкил этган (украин ҳарбийларининг ҳар кунги расмий ҳисоботларида рақибнинг йўқотишлари 600 нафар атрофида баҳоланарди). Ҳозирча бу маълумотларни мустақил манбалар орқали тасдиқлаш ёки рад этиш имкони йўқ.

Авдийивка ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Барабаш украин телевидениеси эфирида украин кучлари шаҳар атрофида россияликларнинг 500 га яқин техникасини йўқ қилганини айтган.

Бундай баёнотлар қанчалик ҳақиқатга мос келишини аниқлаш ҳозирча имконсиз. Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда чиндан ҳам россияликларнинг техникалари йўқ қилингани акс этган кўплаб видеолар тарқалди, аммо улар орқали йўқотишларнинг аниқ сонини баҳолаб бўлмайди.

Америка Урушларни ўрганиш институти ҳам 20 октябр куни эрталаб берган ҳисоботида россияликлар Авдийивка йўналишида 10 октябр куни бошланган юришининг илк босқичида катта миқдорда оғир техникаларидан айрилгани ҳақида ёзган. «Россия кучлари Авдийивка атрофида давом этаётган кампания доирасида техникалари билан катта тўлов қилмоқда ва [бу], катта эҳтимол билан, Россиянинг бу ҳудуддаги юриши суръати янада секинлашишига олиб келади», деган экспертлар.

Украинадаги айрим манбалар ҳам Россия кучлари 19 октябр куни Авдийивка ҳудудида жуда улкан йўқотишларга учраганини ёзмоқда.

«Бугун Авдийивка остонаси жаҳаннамга айланди. Чинакамига. Бу ҳақда бир неча марта эшитдим. Эртага Бош штаб ҳисоботида йўқ қилинган ва шикастланган техникалар миқдорини кўрасиз ва ҳайратга тушасиз. Офицерлардан бири айтганидек — „Бу нима, … Курск ёйими?“. Ҳа, бизда ҳам йўқотишлар бор, бу жаҳаннам бизнинг жангчиларимизнинг ҳам ҳаётини олиб кетди», — дея ёзган 19 октябр куни ҳарбий мавзудаги War Zone телеграм-канали.

19 октябр куни Авдийивка ҳудудига (шунингдек Купянск йўналишига) Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний келганди.

Россия манбалари нималар ёзмоқда?

Авдийивка Украинанинг муҳим саноат марказларидан бири бўлган, аммо ҳозир амалда тўлиқ вайрон қилинган

Россия мудофаа вазирлигининг жума кунги сводкасида  Авдийивкадаги вазиятга тўхталиб ўтилмаган.

Машҳур Rybar телеграм-канали пайшанба куни кечқурун «Россия қўшини Авдийивка участкасининг шимолий қанотида террикон (конлардан чиққан яроқсиз жинслар уюми) ҳудудидаги муҳим таянч пунктини эгаллагани» ҳақида хабар берганди. «Шунга қарамай, рақиб Бердичи яқинида қарши ҳужум уюштиришга ва штурм отрядларини темирйўл томонга чекинтиришга муваффақ бўлди», — дейилганди хабарда.

Россия давлат телевидениеси ҳарбий мухбири Александр Сладков пайшанба куни шундай ёзган: «Авдийивкани олиш учун ҳар қанча қурбонлик берилишини истамасдим». У «ҳавода тўлиқ ҳукмронлик» қўлга киритилгани ва «рақибнинг ўт очиш воситалари йўқ қилингани»дан кейингина ҳужумга ўтиш тўғри бўлишини айтган.

Сладковнинг ҳисоблашича, Россия армияси агар украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини яксон этса ва коптерлар ҳамда учувчисиз учиш қурилмалари сони бўйича беш карра устунликка эришса, ҳавода ҳам тўлиқ устунлик қилади.

«Агар бизда артиллерия разведкаси воситалари бўлса, Украина қуролли кучлари ўт очиш воситаларини аскилбатарея курашида йўқ қилиш мумкин, бизда эса улар йўқ. Шунда фақат гўштмайдалагич ҳужуми қоладими? Бундай қилишни тўхтатишимиз керак», — дея хулоса қилганди Сладков.

Авдийивка нимаси билан муҳим?

Украин қўшини Авдийивкани 2014 йилдан буён тутиб турибди

Россия қўшинининг ҳаракатлари Авдийивкани қуршовга олишга қаратилган — бунинг учун улар қанотларда жойлашган қатор аҳоли яшаш манзиллари, жумладан Степове, Бердичи ва Севернени эгаллаб олишга ҳаракат қилмоқда.

BBC ҳарбий шарҳловчиси Павел Аксеновга кўра, Россия қўшинларининг Авдийивка шаҳри ҳудудида илгарилашга уриниши - фронтдаги умумий вазият нуқтайи назаридан жуда мантиқийдир.

Россия мудофаасига кириб борган катта бўртиқ марказидаги шаҳар ва уни узиб қўйиш — Россия қўмондонлиги орзу қиладиган иш. Бу фронт чизиғини Донецкдан узоқлаштиришга имкон берган бўларди. Аммо бу яна шунинг учун муҳимки, украин қўмондонлигини бошқа ҳудудлардан — Запорижжя области ва Бахмут ҳудудида юриш қилаётган кучларнинг бир қисмини кўчиришга мажбур қилиш мумкин.

Авдийивка ва унинг атрофини украин қўшинлари 2014 йилдан буён ўзида сақлаб қолмоқда. Шаҳар (аниқроғи унинг харобалари) ҳозирда анчагина мустаҳкам истеҳкомга айлантирилган.

У Донецкдан бир неча километр шимоли-ғарбда жойлашган ва Россия тузилмалари ушбу саноат ҳудудини эгаллаш учун кўп бор уринган. Шундай кескинлашувлардан бири 2017 йилда кузатилганди.

2022 йил февралида кенг кўламли босқин бошланганидан кейин шаҳар шиддатли жанглар майдонига айланди. Ўтган вақт ичида артиллериядан ўққа тутиш ва авиациядан бомбардимон қилиш оқибатида Авдийивка вайрон қилинган, шаҳардан амалда фақат вайроналар қолган ва бу уни штурм қилишни қийинлаштиради.

Яна бир омил — улкан коксхимик завод мавжудлигидир, ундан бир вақтнинг ўзида база сифатида ҳам, мустаҳкамланган пункт сифатида ҳам фойдаланса бўлади ва уни штурм қилиш жуда қийин. Кон чиқиндиларидан ҳосил бўлган 200 метр баландликдаги сунъий тоғлар устида ўрнашган украин ҳарбийлари атрофни беш қўлдек кузатиб туради. Лекин ҳозирча бу ҳақда гапириш ўринсиз, Россия қўшини ҳали бу ергача етиб боришдан узоқ.

Ozge Elif Kizil / Anadolu / Vida Press
Авдийивка кўчаларида патруллик қилаётган украин полициячиси
Ozge Elif Kizil / Anadolu / Vida Press
Авдийивкадаги украин жангчиси. Фото: Ozge Elif Kizil / Anadolu / Vida Press
Ozge Elif Kizil / Anadolu / Vida Press

Мавзуга оид