Ўзбекистон | 16:40 / 21.10.2023
26040
2 дақиқада ўқилади

Президент амалдор ва депутатларни яна йўллардаги ўлимга бефарқликда айблади

Шавкат Мирзиёев йўлларни тартибга солиш бўйича қатъий чоралар кўришни топширди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев видеоселекторда йўллардаги ҳаракат хавфсизлиги билан боғлиқ вазият анча аянчли аҳволда эканини кўрсатиб ўтди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ўлим ва жароҳатланиш ҳолатлари кўплигини, тегишли раҳбарлар бунга лоқайд бўлиб ўтирганини жиддий танқид қилди.

"Ёшлар ўляпти, 4000, 4200 одам авариядан ўляпти. Бекордан бекор. Сен ҳам, транспорт вазири бўла туриб, шунга бефарқ бўлмасдан, президент қабул қилган қарорини, светофорларни жой-жойига қўйишга масъулмисан, йўқми? Нимага одамлар ўлиши керак чорраҳалар тўғриланмагани учун?" - дея савол қўйди президент транспорт вазирига.

Масъулларнинг қониқарсиз фаолиятига депутатлар бефарқ бўлиб ўтиргани ҳам афсус билан қайд тилди. 

"Нимага президент ташвиш қилиб, ҳаммани "ёндириши" керак? Нимага сизлар (депутатлар) "ёнмайсизлар"? Шунча одам ўлиб кетяпти, ижтимоий тармоқларга қараб бўлмайди - дод-фарёд одамлар ўлгани учун. Ижтимоий тармоқ дегани - халқни овози дегани", - деди давлат раҳбари. 

Президент мисол сифатида Хитой пойтахти Пекин ва Россия пойтахти Москвадек йирик шаҳарларда тирбандлик деярли кузатилмаслигини тилга олди, бизда ҳам шунга интилиш шартлигини кўрсатиб ўтди.

Умуман, транспорт вазири ва бошқа мутасаддиларга жамоат транспортини ривожлантириш, светофорлар ва йўл чизиқларини ўрнатиш, тирбандликнинг олдини олиш, пойтахт кўчалари ва ҳудудлардаги йўлларни тартибга солиш бўйича қатъий чоралар кўриш топширилди. 2024 йил бу борада жиддий ўзгаришлар йили бўлишини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Мавзуга оид