Ўзбекистон | 17:51 / 23.10.2023
15801
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Қирғизистонга ҳарбий вертолёт совға қилгани маълум бўлди

Шунингдек, Қирғизистон вертолётларидан бири Ўзбекистонга қарашли Чирчиқ авиация таъмирлаш заводида капитал таъмирлаб берилди. 

Фото: Facebook / Садир Жапаров

2021 йилда Ўзбекистон Қирғизистонга ҳарбий вертолёт совға қилган. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров маълум қилди. 

«Икки давлат президентлари эришган келишувга мувофиқ, 2021 йилда қардош Ўзбекистон Республикаси Қирғизистон Республикасига бепул инсонпарварлик ёрдами сифатида МИ-8МТВ ҳарбий вертолётини тақдим этган ва бу ҳаво кучларимиз мутахассислари томонидан қабул қилинди», деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. 

Жапаров сўзларига кўра, Қирғизистон ҳарбий авиапаркидаги худди шундай вертолётлардан бири Ўзбекистонга қарашли Чирчиқ авиация таъмирлаш заводига капитал таъмирлаш учун топширилган. Таъмирлаш ишлари харажатларини Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги зиммасига олгани айтилмоқда. 

«Ўзбекистоннинг тегишли тузилмалари вертолётимиз тўлиқ таъмирланиб, жиҳозлангани ҳақида хабар берди. Мудофаа вазирлигимиз мутахассислари вертолётни қабул қилиб, Чирчиқ-Ўш, Ўш-Бишкек йўналиши бўйлаб етказди ва уни ўз ишини бажаришга тўлиқ тайёр эканини маълум қилди. Шундай қилиб, Қирғизистон ҳарбий самолётлари парки яна иккита вертолёт билан тўлдирилди», деб ёзди Жапаров. 

Қирғизистон ҳарбий вертолёти Ўзбекистонда таъмирлангани ҳақида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳам хабар берди. 

«17 октябрда Чирчиқ авиация таъмирлаш заводида Қирғизистон Республикасига тегишли МИ-8МТВ русумли ҳарбий вертолёти тўлиқ таъмирланиб, қўшни мамлакат ҳарбий делегацияси вакилларига тантанали равишда топширилди. Бир неча кун давомида икки мамлакат мутахассислари тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилган мазкур ҳарбий техниканининг синов парвозларини амалга оширишди. Вертолёт мутахассис кўригидан ҳамда синов жараёнларидан муваффаққиятли ўтиб, фойдаланишга шай ҳолатга келтирилди», дейилади хабарда.

Мавзуга оид