Исроил «ҳал қилувчи ғалаба» учун Ғазога қўшин юбормоқчи. Бу режага нималар тўсқинлик қилиши мумкин?
Исроилнинг янги доктринаси ҲАМАС армиянинг барча воситаларини ишга солган ҳолда йўқ қилинишини кўзда тутади.
Яқин вақтлар ичида Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) Ғазо секторида қуруқлик амалиёти бошлаши кутилмоқда. Катта эҳтимол билан бу мамлакатнинг ҳарбий тарихида янги саҳифа бўлади. Олдинги ўн йилликлар давомида Исроил кўп сонли душманларини тийиб туриш концепциясига амал қилган: кескинлашув юзага келганда ЦАҲАЛ ҳужумлардан зарарни минималлаштирган (биринчи навбатда ракета зарбаларидан) ва қуролсизлантирувчи зарбалар йўллаб, рақибларни статус-квога қайтишга мажбурлаган. Сўнгги йилларда бундай стратегия Исроил раҳбарияти томонидан нотўғри деб топилди ва ҳарбийлар «ҳал қилувчи ғалаба» концепциясини ишлаб чиқишга киришди. Ҳозирги урушдаги воқеалар Бинямин Нетаняҳу ҳукуматида бошқа танлов қолдирмади: энди тийиб туриш ҳақида гап кетмаяпти, «ҳал қилувчи ғалаба» шунчаки заруратга айланган. Муаммо шундаки, Исроил, катта эҳтимол билан бу стратегияни ҳозирнинг ўзида амалга оширишга тайёр эмас. Бундан ташқари, Исроил қандай натижани ғалаба деб ҳисоблаши ҳам ҳамон ноаниқ. Meduza Ғазодаги қуруқлик амалиёти истиқболларини таҳлил қилди.
Исроил ўз амалиёти якунида ҲАМАСни буткул тугатиб, «Ғазо секторидаги ҳаёт учун жавобгарликни ўз зиммасидан соқит қилишни мақсад қилган». Олдинги урушлар тажрибаси шуни кўрсатадики, бундай мақсадларга эришиш ниҳоятда қийин
Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ЦАҲАЛнинг Ғазо секторидаги амалиёти уч босқичдан иборат бўлишини маълум қилган:
- ҲАМАС инфратузилмаларини йўқ қилиш. Катта эҳтимол билан, бунинг учун қуруқлик қўшинлари секторга киради ва унинг ҳудудининг катта қисмини эгаллаб туради.
- «Камроқ интенсивлик» босқичи — қаршилик ўчоқлари йўқ қилиниши. Исроил мудофаа армияси дарҳол эгалламаган ҳудудларга ҳарбий-полиция рейдларидан иборат бўлади.
- Якуний босқич — «Исроилдан Ғазо секторидаги ҳаёт учун жавобгарликни олиб ташлаш» ва бу ерда янги хавфсизлик режимини яратиш. Катта эҳтимол билан, cектор тўлиқ блокада қилинади ва унинг чегараларида янги тўсиқлар барпо этилади.
Аммо Исроилни биринчи босқичда ҳам, кейинги босқичларда ҳам қийинчиликлар кутмоқда.
Биринчи босқич — ҲАМАСга максимал даражада зарар етказишга уриниш — уруш бошланишидаги воқеалар билан боғлиқ. Исроил мудофаа армияси рақиб учун максимал даражадаги шароитларда жанг қилишига тўғри келади: Ғазо секторидаги гуруҳлар анча вақтдан буён Исроил армиясини кўча жангларига жалб этишга уриниб келади. Бундай жангларда ЦАҲАЛга катта йўқотишлар хавф солади. Бундан ташқари, исроиллик ҳарбийлар доимо ўт очишдан фойдаланишда вақт ва имконият тақчиллиги босими остида бўлади: Ғазонинг тинч аҳолиси орасида қурбонлар ортгани сари Исроил раҳбариятига ҳам босим кучайиб бориши тайин. Бундан ташқари, амалиёт давом этаркан, урушда иккинчи фронт (Ғазода ва Ливан жанубида) ёки ҳатто учинчи фронт (Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида) пайдо бўлиши эҳтимоли ҳам ортади.
Амалиётнинг кейинги босқичлари (улар фақат биринчи босқичда тезкор муваффақиятга эришилсагина амалга оширилади) — урушдан Исроил хавфсизлигини тубдан яхшилайдиган тарзда чиқишга уриниш бўлади. Бу иш 15 йилдан буён уддаланмаган: Ғазодаги (ва Ливан жанубидаги) ҳар бир кейинги амалиёт ЦАҲАЛнинг рақиблари — ҲАМАС ва «Ҳизбуллоҳ»ни фақат сиёсий жиҳатдан кучайтирган — чунки уларнинг мавжудлигининг моҳияти Исроилга фаол қаршилик кўрсатишдадир. Уларнинг тактик мағлубиятлари ҳам (ҲАМАСда бундай ҳолатлар 2008 ва 2014 йилларда бўлган) «ғолиб» Исроилга узоқ муддатлик тин олиш имконини бермаган.
Reuters агентлигининг Исроил ҳарбий раҳбариятидаги манбаси ҳозирча урушни қулай якунлаш бўйича режа йўқлигини айтган. «Исроилдан Ғазо секторидаги ҳаёт учун жавобгарликни олиб ташлаш» нимани англатиши ҳозирча охиригача аниқ эмас. Исроил ресурслар — электр, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни Ғазога етказиб бериш ва ўтказишни бутунлай тўхтатиши мумкин, аммо бу мамлакат хавфсизлигини яхшиламаслиги аниқ. Октябр ойи бошидаги вазият шуни кўрсатдики, жисмоний тўсиқлар (Ғазо ва Ливан билан чегарада тўсиқлар қуриш, Мисрга олиб ўтувчи туннелларни йўқ қилиш, денгиз орқали блокада; ҲАМАС ва «Ҳизбуллоҳ» учирадиган ракеталарнинг катта қисмини уриб тушира оладиган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими) ҳам муаммони узоқ вақтга ҳал қила олмайди. Фаластин ва Ливандаги гуруҳлар сулҳ туфайли пайдо бўлган вақтни бу тўсиқларни енгиб ўтиш йўлини топишга сарфлашади ва кейин яна ҳужум қилади.
Шу тариқа, Исроилнинг асосий муаммоси Ғазо сектори келажаги бўлиб қолмоқда. Сиёсий сабабларга кўра, секторни узоқ муддат давомида оккупация қилиб туриш имконсиз. «Ғазодаги ҳаёт учун жавобгарлик»ни зиммасига олишни истовчилар — яъни ҲАМАС ўрнини эгаллаши мумкин бўлган, Исроилга нисбатан радикал бўлмаган бошқа куч ҳам кўзга ташланмаяпти.
Ва бу муаммо — янгилик эмас:
- ЦАҲАЛ анчадан буён секторда қуруқликдаги урушдан қочиб келади. Рақиб аҳоли тиғиз яшайдиган ҳудудда, исталган йирик амалиёт тинч аҳоли ўртасида катта қурбонларга олиб келиши муқаррар. Амалиёт давом этаркан, Исроилга халқаро босим (нафақат мусулмон мамлакатлар томондан, балки ғарблик иттифоқчилар томондан ҳам) ҳар сафар урушни тўхтатишга мажбур қилади. 2008 ва 2014 йилларда шундай бўлганди.
- Исроил раҳбарияти барча урушларда худди шундай вазиятга дуч келган. Фақат армия рақибни жуда тез мағлубиятга учратган урушлар ҳал қилувчи ғалаба билан якунланган (аммо 1956 йилги урушда бу ҳам етарли бўлмаганди: АҚШ ва СССР ЦАҲАЛни тезда эгаллаб олинган Синай яриморолини ташлаб чиқишга мажбур қилганди). Аммо Исроилнинг ҳарбий муваффақиятлари тўғридан тўғри тўқнашувларда ютқазган қўшни мамлакатларни прокси-уруш тактикасига ўтишга ундади. Улар энди ЦАҲАЛ билан ўзлари урушмаяпти — аммо буни ўз жангларида террорчилик усулларидан фойдаланадиган гуруҳлар қўли билан амалга оширмоқда.
- Исроил кўп йиллардан буён бу гуруҳларга қарши уруш олиб боради, бу урушлар сулҳ ва «тинчлик жараёнлари» билан тўхтатиб турилади. ҲАМАС ҳаракати ва бошқа гуруҳлар ЦАҲАЛ муқаддам араб мамлакатларининг мунтазам армияларига қарши қўллаган методларига чидамли бўлиб чиқди. Натижада Исроилга ўзининг асосий устунликлари фойда бермай қўйди: ўт очиш кучи, юқори аниқликдаги қуроллар, манёвр, разведка ва бошқарув воситалари. Энди буларнинг ҳеч қайсиси янги шароитларда ҳал қилувчи ғалабани кафолатламайди. Авваллари ЦАҲАЛнинг авиация қўлловида ҳаракатланган зирҳли танкларининг мунтазам армияларнинг тор-мор этилишига олиб келарди. Террор қўллайдиган ва кенг майдонларга ракета зарбалари йўллайдиган, қолган вақтда бункерлар ҳамда туннелларда яширинадиган гуруҳларга қарши урушда эса бундай анъанавий усуллар унча самарадор эмас.
- 2012 йилдан буён Исроил аста-секин рақибларни тийиб туриш стратегиясига ўтди. «Темир гумбаз» ракеталарга қарши мудофаа тизими жойлаштирилди, уларнинг вазифаси рақибнинг ракета зарбалари самарадорлигини қарийб нолгача тушириши керак эди. Ливан ва Ғазо сектори билан чегараларда кузатув тизимлари (жумладан, автоматик ишловчи) ва кичик ҳарбий базалар тармоғи барпо этилган. Буларнинг бари кичик гуруҳларнинг ҳужумини тўхтатиши кўзда тутилган.
- ҲАМАС билан 2021 йилги эскалация чоғида иш ЦАҲАЛ қуруқлик амалиёти ўтказишигача етиб бормаганди: «Темир гумбаз» Ғазодан учирилган ракеталарнинг катта қисмини тутиб қолган — фаластинликлар ёппасига ракета учириш орқали Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бостира олмаганди.
- Аммо ундан олдинроқ Исроил ҳарбий раҳбарияти пассив мудофааланиш ва тийиб туриш стратегияси — эҳтимолий мағлубият сари йўл эканини тан олганди. Авиация ҳам, «Темир гумбаз» ҳам ўз-ўзича урушни енгиб бера олмайди. 2008 ва 2014 йилларда Ғазога тактик жиҳатдан муваффақиятли, аммо стратегик томондан муваффақиятсиз чиққан қуруқлик босқинлари кўрсатгандики, Исроил мудофаа армияси шунчаки ҳал қилувчи ғалабага тезда эришиш учун зарур бўлган тизимларга эга эмаслигини кўрсатганди.
- Буни англаган ҳолда, Исроил 2021 йилги урушдан олдин ҳам янги концепция ва армиядаги чуқур ислоҳотлар асосида Ғазо, Ливан ва бошқа исталган жойлар учун мўлжалланган қуруқлик амалиётларини режалаштиришга киришади.
Исроилнинг янги ҳарбий концепциясининг қисқача мазмуни: қуруқлик қўшинлари, авиация ва флотни жалб этган ҳолда яшин тезлигида уруш олиб бориш. Режа яхши — аммо ҳозирча бу фақат назария
- ЦАҲАЛнинг янги оператив концепциясига кўра (у «Ҳал қилувчи ғалаба» деб аталади), икки ташкилот — Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ва Ғазо секторидаги ҲАМАС — нафақат исёнкор террорчи гуруҳлар, балки тўлақонли «ракета қўшинларининг террорчи тармоғи» деб ҳисобланади. Улар билан самарали курашиш учун ЦАҲАЛ разведка, бошқарув ва аниқ ишловчи қуроллардаги ўз устунликларидан фойдаланиши талаб этилади.
- Исроил мудофаа армияси, унга қурол-яроғ харид қилиш ва мамлакатдаги ҳарбий-фуқаролик муносабатлари шундай ислоҳ этилиши керакки, ҳарбийларда қуруқлик кучлари, авиация, флотнинг зарбдор воситаларини жалб этган ҳолда ҲАМАС ёки бошқа рақибнинг барча махфий ўт очиш позицияларини тезда йўқ қилиш имконияти бўлсин.
- ЦАҲАЛнинг (концепцияни амалга ошириш доирасида) яратилган янги бўлинмалари ҲАМАС билан тўқнашувга киришиб, жангариларни ўз ўт очиш воситалари ва позициялари — ракета қурилмалари, туннеллар, мобил отрядларни фош этишга мажбур қилиши керак. Уларнинг бари жанг майдони ортидаги илғор кузатув воситалари орқали зудлик билан аниқланиши лозим. Шундан кейин бу нишонлар қуруқлик кучлари, авиация ва флотнинг зарба бериш воситалари бўйлаб тақсимланиши — ва нишонга олиниши керак.
- Концепцияга кўра, янги типдаги қуруқлик бирлашмаларини яратиш ҳам режалаштирилганди — «сон жиҳатдан баталён (мингга яқин киши), аммо ўт очиш кучига кўра дивизия каби (бу 10 минг кишидан ортиқ кишини жамлайдиган тактик тузилма)».
Бундай янги армия ҳозирги урушда Исроилга асқатган бўларди. Аммо бу ерда ҳам иккита муаммо бор:
- Концепцияни амалга ошириш ҳали дастлабки босқичида турибди. Унинг мавжудлигининг ўзи ЦАҲАЛ уни ҳозирнинг ўзидаёқ ҳаётга татбиқ этиши мумкинлигини англатмайди.
- Исроил разведкасининг уруш бошидаги муваффақиятсизлиги (у ҲАМАС аъзоларининг рейд ўтказиш режасини, улар тўплангани ва ҳаракатланаётганини кўра олмади) шуни кўрсатадики, ЦАҲАЛ раҳбарияти кузатув ва разведка борасидаги ўз устунликлари борасида адашган, яъни ўз имкониятларига ортиқча баҳо бериб юборган.
Бундан ташқари, фаластинликларнинг Исроил жанубига ҳужуми автоматик кузатув ва аниқлаш тизимларига асосланган разведка ташаббусни қўлга олган рақибга қарши муваффақиятсиз бўлиши мумкинлигини кўрсатиб қўйди.
Операцияга қуйидагилар халал бериши мумкин: ҲАМАСнинг урушга юқори тайёргарлиги (ЦАҲАЛ, бу гуруҳ имкониятлари ҳақида ҳамма нарсани ҳам билмаслиги мумкин), Ғарбнинг реакцияси — ва ҳамон Ғазода гаровда ушлаб турилган исроилликлар
Шу тариқа, ЦАҲАЛ қуруқлик амалиётини жуда қийин шароитларда бошлашига тўғри келади:
- Разведка ҲАМАСнинг яширин тайёрланган позицияларини (жумладан, ҳаракат аъзолари манёврлар қилиш, штабларни, қурол ва захира кучларни жойлаштириш учун фойдаланадиган ерости туннеллари тармоғи - «Ғазо метроси»ни) фош этишда яхши ишлай олиши кафолатланмаган.
- ҲАМАСнинг қуроллари ва уларнинг ҳужум қилиб келувчи томонга зарба бериш қобилиятига, ЦАҲАЛ томонидан етарлича баҳо берилмаган бўлиши мумкин. Гуруҳ қанча ракета ишлаб чиқаргани ва импорт қилгани маълум эмас; улардаги камикадзе дронлар сони, шунингдек ўқ-дори ташлаш тизимлари билан жиҳозланган учувчисиз учар аппаратлар ва ЦАҲАЛ техникаларига қарши самарали курашиши мумкин бўлган танкка қарши ракета комплекслари сони аниқланмаган. Фақат шуниси аниқки, ҳаракат бу урушга бир неча йил мобайнида тайёрланган.
- Мамлакат жанубидаги тинч аҳолига уюштирилган шафқатсиз ҳужум, аҳоли ўлдирилгани ва гаровга олинганига, очиқ террорчилик актлари юз берганига қарамай, Исроил барибир халқаро босим шароитида ҳаракатланишига тўғри келади. Бу босим кўтарилиб бормоқда ва амалиёт давом этгани сари бу жараён ҳам ўсиб боради. Шунинг учун ЦАҲАЛ вақт камлигини ҳисобга олиши ҳамда имкон қадар Ғазо аҳолиси ёппасига ўлдирилишидан қочишга ҳаракат қилиши талаб этилади.
- Яна бир алоҳида ва жиддий қийинчилик шу билан боғлиқки, ҲАМАС одамларни гаровга олган: 200 дан ортиқ киши ҳамон уларнинг қўлида қолмоқда.
Ҳозирги амалиётни 2008 ва 2014 йиллардагисидан ажратиб турадиган жиҳат Исроилнинг разведка, ўт очиш кучи ва аниқ ҳаракатланувчи қуроллар бўйича устунлиги эмас, балки унга жалб этилган кучларнинг сезиларли даражада ортганидир. Исроил 300 минг киши сафарбар қилинганини маълум қилди. Уларнинг катта қисми мамлакат шимолида ҳаракатга келтирилган, бу томондан ҲАМАСдан анча кучлироқ бўлган рақиб — тўғридан тўғри Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ҳужум қилиши хавфи мавжуд. Экспертларнинг баҳоларига кўра, Исроил мудофаа армияси кучларининг 30-40 фоизини ҲАМАСга қарши қўйиши мумкин. Аммо 100 мингдан ортиқ кишилик қўшин ҳам ЦАҲАЛ 2008 (20 минг атрофида) ва 2014 йилги урушларда (барча йўналишларда 82 мингдан ортиқ киши сафарбар қилинганди, уларнинг барчаси ҳам Ғазодаги амалиётга жалб этилмаган) фойдаланилган кучлардан анча катта.
Ҳозирча амалиёт қандай шаклда кечиши аниқ эмас. 2008 йилда ЦАҲАЛ Ғазо секторининг катта қисмини оккупация қилганди; қўшинлар уни уч қисмга ажратган ва Миср билан чегарадан кесиб қўйганди. 2014 йилда исроилликлар секторнинг анча ичкари ҳудудларига рейдлар уюштириш билан чекланган (ўшанда амалиётнинг мақсади Исроил билан чегарага олиб борувчи туннелларни йўқ қилиш бўлганди). Мудофаа вазири Йоав Галантнинг сўнгги баёнотига қараганда, ҳозирги амалиёт аввалги можаролар пайтида ишлаб чиқилган хусусиятларни бирлаштиради: биринчи босқичда бўлиб ташловчи зарбалар ва кенг ҳудудлар эгаллаб олиниши, иккинчисида — оккупация қилинмаган аҳоли яшаш манзилларига уюштириладиган рейдларга гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Мавзуга оид
14:07
Исроилда фавқулодда ҳолат яна бир йилга узайтирилди
16:05 / 24.12.2024
«Моссад» ходимлари «Ҳизбуллоҳ» пейжерлари ва рацияларини портлатиш амалиёти қандай тайёрланганини айтиб беришди
12:01 / 24.12.2024
Исроил Эронда Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳанияни ўлдирганини илк бор тан олди
00:02 / 22.12.2024