Жаҳон | 12:12 / 24.10.2023
4155
2 дақиқада ўқилади

«Спутник» яратувчиси вакцина COVID-19 янги штаммларидан ҳимоя қилмаслигини айтди 

«Омикрон» XBB.1.5 варианти пайдо бўлгач, «Спутник» вакцинаси бутунлай ҳимоя қилишни тўхтатди, деди Гамалея маркази раҳбари Александр Гинцбург. 

Фото: Akhtar Soomro/REUTERS

Коронавируснинг «омикрон» XBB.1.5 («кракен») варианти пайдо бўлганидан сўнг, пандемия бошланганидан кўп ўтмай яратилган Россиянинг «Спутник» COVID-19 вакцинаси инфекциядан «тўлиқ» ҳимоя қилишни тўхтатди. Бу ҳақда вакцина ишлаб чиқилган Гамалея маркази раҳбари Александр Гинцбург 23 октябр, душанба куни «Газета»га берган интервюсида айтиб ўтди.

Гинцбургнинг сўзларига кўра, «Спутник»нинг асли дастлабки икки йил давомида коронавирусдан ҳимоя қилган», яъни рўйхатдан ўтган пайт - 2020 йил августидан бошлаб 2022 йил июлигача. «2022 йилнинг ёзи ўрталаридан бошлаб, «омикрон» 1, 2 ва 3 вариантлари пайдо бўлганда «Спутник V»нинг самарадорлиги саккиз баравар камайди, «омикрон» 4, 5 пайдо бўлганда эса самарадорлик 20 баравар пасайди», - дея қўшимча қилди Гинцбург. 

Россияда янгиланган «Спутник» вакцинаси ишлаб чиқилмоқда

Олим COVID-19 пандемияси давом этаётганига ишора қилиб, вакцинанинг антиген таркибини янгилаш зарурлигини таъкидлади.

Ҳозирда Гамалея маркази «омикрон» XBB.1.5 вариантига қарши курашиш учун ишлаб чиқилган «Спутник» вакцинаси янги версиясининг клиник синовларини ўтказмоқда, деди Гинцбург. Ушбу тадқиқотлар 10 декабрда якунланиши режалаштирилган. 

ОАВ маълумотларига кўра, ёздан бери дунёда коронавирус билан касалланиш даражаси ошиб бормоқда. Бироқ, касалликдан ўлим даражаси пастлиги ҳисобга олинса, дунёнинг деярли ҳамма жойида инфекция тарқалишини ушлаб туриш учун ҳеч қандай чекловлар йўқ. 

 

Мавзуга оид