Жаҳон | 21:58 / 24.10.2023
19054
2 дақиқада ўқилади

Тўқаев Назарбоевнинг тарихий ролига баҳо берди

Биз тарихий адолатга қатъий риоя қилишимиз керак, деди Тўқаев.

Фото: РИА Новости

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўз ватандошларини «тарихий адолат»га риоя қилишга ва республиканинг собиқ раҳбари Нурсултон Назарбоевнинг хизматларини унутмасликка чақирди. Бу ҳақда Оқўрда хабар берди.

«Биз тарихий адолатга қатъий риоя қилишимиз керак. Шу боис мамлакатимизнинг мустақил давлат сифатидаги пойдеворини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган биринчи президент Нурсултон Абишевич Назарбоевнинг тарихий ролини алоҳида таъкидлаш тўғри бўларди», деди у Республика куни муносабати билан давлат мукофотларини топшириш маросимида.

«Бугун биз адолатли Қозоғистонни қурмоқдамиз, шунинг учун ўтмиш арбоблари, уларнинг меҳнати ва хизматлари муносиб ва адолатли баҳоланиши керак», деди президент.

2022 йил январ ойи воқеаларидан кейин Қозоғистонда Назарбоев «мероси»дан қутулиш ҳаракатлари бошланиб кетди. Жумладан, биринчи президент ва унинг оила аъзолари кўплаб мақом ва имтиёзлардан маҳрум этилди. Жараён ҳали ҳам давом этмоқда.

Мавзуга оид