«Улар билан бир хил овқатландик» — Ғазодан қайтарилган исроиллик аёл бошидан кечирганларни сўзлаб берди
23 октябр куни ҲАМАС қўйиб юборган Йохевед Лифшиц Тел-Авивдаги шифохоналардан бирида ўтказилган матбуот анжуманида асирликда бошдан кечирганлари ҳақида айтиб берди.
Лифшиц иврит тилида гапирган, қизи Шэрон унинг гапларини инглиз тилидаги нашрлар учун таржима қилиб турган.
Кекса ёшли аёл «жаҳаннамдан ўтгани», уни мотоцикллардаги ҳамасчилар гаровга олгани ва қайсидир паллада уни таёқ билан уришгани ва пиёда юришга мажбурлашгани ҳақида айтиб берган.
Аммо ўзи тушиб қолган туннеллардаги шароитларни у бутунлай бошқача тасвирлаган.
«Улар бизга меҳрибон муносабатда бўлишди, бизни барча зарур нарсалар билан таъминлашди», — дея жавоб берган у озод этилганида нима учун жангарилардан бирининг қўлини сиқиб қўйгани ҳақидаги саволга.
«Биз улар билан бир хил таом едик — пишлоқ ва нон, эритилган пишлоқ, бодринг. Бу бутун бир кун учун егулик эди», — дейди Лифшиц.
«Улар бизга яхши муносабатда бўлишди. Ҳар икки-уч кунда мени ҳамда гаровдаги бошқаларни шифокор келиб кўрди ва дори бериб кетди», — деган аёл.
Лифшиц ўзини асирга олганларни «жуда дўстона ва хушмуомала» одамлар деб атаган.
«Афтидан, улар бунга тайёр бўлишган, узоқ тайёрланишган, уларда эркаклар ва аёллар учун барча зарур нарсалар, жумладан шампунлар тайёр эди», — деган у журналистларга. Барча матрасларда ётган.
У ҲАМАС томонидан бошқариладиган ерости туннелларининг «улкан тармоғи»ни «ўргимчак тўри»га ўхшатган.
Лифшиц исроиллик ҳарбийларни ҲАМАСнинг ҳужум таҳдидини етарлича жиддий қабул қилмагани учун танқид қилган.
Лифшиц — бир кун олдин ҲАМАС қўйиб юборган икки аёлдан биридир.
Ҳозирча Ғазодан фақат тўрт киши - 79 ёшли Нурит Купер, 85 ёшли Йохевед Лифшиц ва яна икки асир, АҚШ фуқароси бўлган Йехудит (айрим манбаларда Жудит) Раанан ва унинг қизи Натали қайтиб келган.
Исроил ҳукуматининг 24 октябр кунги маълумотига кўра, ҲАМАС Ғазода яна 222 кишини ушлаб турибди.
Йохевед Лифшицнинг қизи ўз онасини йўқлаб Исроилдаги шифохонага келган ва BBC билан суҳбатда онаси «афтидан, яхши ҳолатда» эканини айтган.
«Онамни яна кўриш — ақл бовар қилмас иш, унинг қўлидан тутиш, шунчаки юзини, яноқларини ўпиш... ва мен у билан фахрланаман, у ажойиб», — дейди Шэрон Лифшиц интервюда.
Шэрон ўз онаси озод этилиши акс этган, ҲАМАС томонидан тарқатилган видеоёзувни эслайди, видеода кекса ёшли аёл охирида фаластинликлардан бирининг қўлини сиқиб қўяди.
«У аввалига кетиб, кейин эса қайтиши ва раҳмат айтиши мен учун мутлақо ақл бовар қилмайдиган ҳодисадир. У шунақа», — дейди гаровдан озод этилган аёлнинг қизи.
«У ерда [ҲАМАС асирлигида] яна 200 дан ортиқ киши қолмоқда ва биз фақат ўз бахтимиз билан андармон бўлмасдан, ҳар бир кишининг озод этилиши устида иш олиб боришимиз керак», — дея қўшимча қилган аёл.
Унинг оиласи гаровдаги ота ҳақида ҳамон маълумотга эга эмас.
«Уни онам билан бирга ушлашмаган, шунинг учун у отам қаердалигини билмайди», — дейди у.
Шэрон Лифшицнинг айтишича, унинг отаси фаластинликларнинг ҳуқуқлари ҳимояси билан фаол шуғулланган ва «қўшнилар билан тинчликка эришиш устида ишлаган».
«Биз биргаликда яшаш йўлини топишимизга унинг ишончи комил эди [...] ва босқинчилик ғоясига, абадий уруш олиб бориш ғоясига қарши кескин курашарди.
У араб тилини яхши билади, шунинг учун у ердаги одамлар билан ҳам яхши мулоқот қила олиши мумкин. У Ғазодаги кўпчиликни танийди. У билан барчаси жойида эканига ишонишни истайман», — дейди аёл.
Йохевед Лифшиц ўзлари ушлаб турилган жойда шифокор бўлганини таъкидлайди. «Бу, қандайдир даъволаниш иложи борлиги бизга катта тасалли берди», — дея қўшимча қилади унинг қизи.
Қатарнинг гаровдагиларни озод этишдаги роли ҳақида
BBC’нинг Қуддусдаги халқаро муҳаррири Жереми Боуэннинг изоҳи
ҲАМАС билан исроиллик асирларни озод этиш бўйича музокараларда маълум вақтдан буён Қатар воситачилик қилаётгани сир эмас.
Жума куни, гаровдагиларнинг дастлабки икки нафари озод этилганида Қатарга Вашингтонда бунинг учун расман миннатдорчилик билдирилди.
Афтидан, бу шундай давом этади. ҲАМАСнинг сиёсий қанотининг кўплаб раҳбарлари вақтининг катта қисмини айнан Қатарда ўтказишади — яшайди ва ишлайди. Шу тариқа, Қатар ҳукмати улар билан тўғридан тўғри музокаралар олиб бориш имконига эга бўлади — қатарликлар улар орқали гуруҳнинг ҳарбий қаноти етакчилари билан мулоқот қилиш имкониятига ҳам эга бўлиши мумкин.
Бу ерда шуни аниқлаштириш керакки, ҲАМАС — қандайдир аниқ тузилма ва иерархияга эга бўлган одатий ташкилот эмас: унинг ҳарбий ва сиёсий «бўлинмалари» ҳар доим ҳам ўзаро алоқада бўлмаган бутунлай бошқа гуруҳлар раҳбарлари томонидан ифода этилиши мумкин.
Версиялардан бирига кўра, ҲАМАСнинг сиёсий қаноти исроилликларга қарши 7 октябр куни тайёрланаётган кенг кўламли ҳужум ҳақида билмаган бўлиши ҳам мумкин.
Мавзуга оид
14:07
Исроилда фавқулодда ҳолат яна бир йилга узайтирилди
16:05 / 24.12.2024
«Моссад» ходимлари «Ҳизбуллоҳ» пейжерлари ва рацияларини портлатиш амалиёти қандай тайёрланганини айтиб беришди
12:01 / 24.12.2024
Исроил Эронда Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳанияни ўлдирганини илк бор тан олди
00:02 / 22.12.2024